Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
23.06.2015

ҲОКИМЛАР ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИ ОЛДИДА ҲИСОБ БЕРАДИ

Мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти ваколатларини янада кенгайтириш, давлат бошқарувида нодавлат нотижорат ташкилотлар ролини ошириш, ижро ҳокимияти устидан уларнинг назоратини кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Буни миллий қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мисолида ҳам кўраяпмиз. Яқинда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» қонун қабул қилинди. Унга кўра, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга янги модда киритилди.

Тошкент Давлат Юридик Университети катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Шавкат Назаров билан шу хусусида суҳбатлашдик.

— Бугунги кунда мамлакатимизда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди у. — Бунга 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-модда­лари­га)»­ги қонуни мисол бўла олади. Мазкур Конституциявий қонун билан Конституциянинг 103-моддасига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши билан боғлиқ банд киритилган эди. Бироқ унда ҳокимлар томонидан ҳисоботлар айнан қайси муддатларда берилиши аниқ кўрсатилмаганди.

2015 йил 9 июндаги «Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунга кўра, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун 25-модда билан тўлдирилиши эса айнан мана шу масалага ойдинлик киритди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этишлари тартибини белгилаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Шу боис қонунчилигимизга киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар соҳа мутахассислари, ҳу­қуқшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Қонунга мувофиқ, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этиши қатъий белгиланди.

Шу билан бирга, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дас­турнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилиши ҳамда мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг ҳисоботларини эшитишга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ва вакиллари, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят, туман ва шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Асосийси, ҳисоботни эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши ҳам қонун билан мус­таҳкамланди.

— Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисоб бериши вакиллик ҳокимияти зиммасига қандай вазифалар юклайди?

— Вакиллик ҳокимиятини сиёсий партиялардан сайланган депутатлар ташкил этади. Демак, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайланган депутатлар ўз фаолияти давомида аввало номзоди кўрсатилган сиёсий партиянинг манфаатларини ифода этади.

Бундан кўриниб турибдики, сиёсий партиялар ўзларининг халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлари орқали ҳокимларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан берган ҳисоботини эшитиш билан тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишига комплекс баҳо беради. Шу орқали фуқароларнинг давлат бошқарувида билвосита иштирок этиши янада тўлароқ таъминланади.

Ҳисоботни муҳокама қилишда Вазирлар Маҳкамаси ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши мажлисларида берилган баҳо ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилинади ҳамда уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор амалга оширилишининг бориши устидан назорат ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.

Қонунда мазкур қарор ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий ­нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шарт эканлиги алоҳида кўрсатилган. Бу эса «Давлат ҳокимияти ва бошқа­рув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

— Ҳисоботларни эшитишда нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этишининг аҳамияти хусусида тўхталсангиз.

— Ҳисоботларни эшитишда нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этишининг аҳамиятини тушуниш учун нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги ўрнини белгиловчи жиҳатларга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Яъни, нодавлат нотижорат ташкилотлар фуқароларда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга тўғри баҳо бера олиш қобилиятини шакллантиради, уларни сиёсий жараёнларда бевосита ва билвосита иштирок этишга тайёрлайди, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва ифода этиш орқали давлат органларини жамият манфаатларига мос келадиган қарорлар қабул қилишга ундайди, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда демократик қадриятларни ҳимоя қилади. Бу эса ижтимоий, маданий, маърифий аҳамиятга молик масалалар юзасидан жамият олдига қўйилган мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги кунда жамиятни демократлаштириш ва ислоҳ қилиш шароитида сиёсий партиялар муҳим функцияларни амалга оширмоқда. Сиёсий партияларнинг асосий вазифаси алоҳида олинган фуқаролар, ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар манфаатларини бирлаштириб, уларни ўйлантираётган масалаларни тизимли асосда ҳал этишдан иборатдир.

Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги нуқтаи назаридан қараганда, ҳисоботларни эшитишда нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, сиёсий партияларнинг иштирок этиши долзарб аҳамият касб этади...

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон демократик тамойилларга асосланган, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида муҳим қадамлар қўймоқда. Демак, ижро ҳокимияти фаолияти устидан халқ вакилларининг доимий назорат ўрнатиши, ҳисоботларини эшитиб бориши бу йўналишдаги ишлар самарасини янада оширишга хизмат қилади. Шу маънода қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.