23.06.2015

ОРОМИЖОН ОРОМГОҲ

Эртаклардаги воқеалар ҳаммага маълум: яхши одам ёмонларга қарши курашади, Қизилқалпоқча ўрмонда хатарли жонзотларга дуч келади, сув ичгани чиққан қўзичоқ бўрига рўбарў бўлади. Асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган бу эртаклар қаҳрамонлари дуч келган синовларни болалар ҳаяжон билан кузатишади, уларга ёрдам бергилари келади.

Сўлим оромгоҳ бағридаги кенг саҳна. Бу ерда ҳар куни болаларнинг севимли эртаклари қўйилади. Ундаги воқеалар фақат ва фақат яхшилик билан тугайди. Мана, ҳозиргина Қизилқалпоқча хавф-хатарлардан эсон-омон ўтиб, уйига етди...

Бундай саҳна кўринишларини Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг этагида жойлашган «Сўғдиёна-Сойлиқ» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳар куни томоша қилишингиз мумкин. Бу ерга ташриф буюрсангиз, ўзгача манзарага гувоҳ бўласиз.

Тангадек офтоб тушмайдиган соя-салқин майдондан атрофга боқамиз. Қаршимизда оҳиста чайқалаётган улкан тераклар. Атроф азим тоғлар билан ўралган.ф

Сўлим табиат, тоза ҳаво ва яратилган шарт-шароитлар туфайли майдони 5 гектардан иборат бу оромгоҳга келувчиларнинг сони йил са­йин ортиб бормоқда. Бу ерда жами 50 нафарга яқин ишчи-ходим хизмат қилади. Ушбу маскан 45 кун мобайнида болажонларга хизмат кўрсатади. Биринчи 15 кунликда бу ерда жами 300 нафарга яқин ўғил-қиз ҳордиқ чиқармоқда. Шулардан 120 нафари Қорақалпоғистон Республикасидан, қолганлари турли ҳудудлардан келган.

Мана, улар улкан майдонда сафланмоқда. Ҳар бир гуруҳга биттадан етакчи бириктирилган. Ҳозир саҳна чиқишлари, рақслар, куй-қўшиқлар бошланади.

— Оромгоҳ болажонларга жуда маъқул келди, уларнинг хурсандчилигини қаранг, — дейди ушбу маскан директори Комилжон Маҳкамов. — Айниқса, қорақалпоқ болаларига бу жой жуда ёқди. Иложи борича улар ҳар бир кунни қувноқ ва завқ­ли ўтказишига ҳаракат қиляпмиз. Оромгоҳда овқатланиш хоналари, спорт майдончалари, бассейн, ётоқхона, маданий-маърифий ҳамда кўнгил­очар хоналар ташкил қилинган. Бундан ташқари, таълим-тарбия, малакали тиббий хизмат кўрсатиш ишларига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитария-гигиена талабларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Болаларнинг саломатлиги доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилиб борилади...

Биз кун бўйи оромгоҳдаги тадбирлар, шарт-шароитлар билан танишдик. Ҳаммаси эрта тонгдан ўзгача бошланади. Насриддин Афанди қиёфасидаги киши эшагига минади-да, ҳаммани бир-бир уйғотиб чиқади. У болажонларни эрта туришга, бадантарбия машқ­ларини қилишга ундайди.

Бу ерда футбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка, сузиш каби спорт тўгараклари мунтазам ишлайди.

Оромгоҳ ошхонаси бош ошпази Шокир Комилов болаларга овқат пишириш билан машғул. Биз ҳар куни дастурхонга 4 маҳал таом билан бирга шарбатлар, мева-чевалар, турли ширинликлар тортамиз, — дейди у. — Ёз мавсумида танага куч-қувват берадиган, витаминларга бой овқатларни тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, болажонлар бундан фақат хурсанд бўлишади.

Бизга оромгоҳ бошлиғи Дилобар Мўминжонова ҳамроҳ бўлди. У узоқ йиллардан буён шу ерда ишлайди. Болаларнинг феъл-атвори, дунёсини яхши тушунади. Ҳар куни улар учун бирор янги ва қизиқарли ўйин ёки танловларни ўйлаб топади.

— Болалар дунёсида яшаш жуда мароқли, — дейди у. — Улар билан сўзлашавериб-сўзлашавериб, ўзингиз ҳам боладек бўлиб қоласиз. Биз имкон борича ўз иш режамизни болажонларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб тузамиз. Масалан, эртага қайси спектаклни саҳналаштиришимизни уларнинг ўзлари ҳал қилади. Бирор мультфильм ёки кино қўйишимиз учун аввало сўровнома ўтказамиз. Қайси фильм кўп овоз олса, ўшаниси қўйилади.

Мен ҳар гал болаларга «Алло, мен талант­ларни излаяпман» деб мурожаат қиламан. Шундай йўл билан ким шеър ёзиши, қўшиқ айтишини ёки бошқа соҳага қизиқишларини билиб олишга ҳаракат қиламан. Ўтказаётган тадбирларимиз болаларнинг истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Рақсга тушишга тайёргарлик кўраётган бир гуруҳ қорақалпоғис­тонлик болажонларга яқинлашдик. Уларнинг тарбиячиси Зоя Бекмуротовани суҳбатга тортдик.

— Биз мактабда болажонларга юртимиз Ўзбекистоннинг тоза ҳавоси, мусаффо табиати, бетакрор манзаралари ҳақида кўп гапирамиз. Бугун ўша фикрларимиз ўз исботини топди. Болалар бу ерга келганларидан жуда хурсанд. Улар турли вилоятлардан келган тенгдошлари билан дўстлашишди, бир-бирига меҳр қўйишди. Ҳар куни ўқиган китоблари, кўрган-кечирганлари ҳақида суҳбатлашишади, бирга овқатланишади, тўгаракларга қатнашишади, ўйнашади.

Диёрбек Саъдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидан, 12 ёш:

— Бизни оромгоҳда яхши кутиб олишди. Менга бу ернинг тоза ҳавоси, муздек суви жуда ёқди. Ҳар куни биз кутмаган учрашувлар, тадбирлар бўлади. Турли вилоятлардан келган тенгдошларим билан дўстлашдим. Улар билан доим гаплашиб турсам дейман.

Моҳичеҳра Рашидова, Тошкент шаҳри, 12 ёш:

— Мен бу ерга келганимдан жуда хурсандман. Дўстлар орттирдим. Ҳар куни бирор китобни ўқисак, мазмунини бир-биримизга айтиб берамиз. Оромгоҳ тарбиячиларини ҳам жуда яхши кўриб қолдим.

...Қош қорая бошлади. Оромгоҳда эса ҳаёт қайнайди. Улкан гулхан атрофида бир-бирлари билан қўл ушлашиб, ўйин-кулгу қилаётган болалардан кўз узгимиз келмайди.

Қаранг, юртимиздаги биргина оромгоҳда қанча-қанча кўнгиллар туташяпти, бир-бирига бўлган меҳр болаларни бирлаштиряпти, уларнинг кўксида қувонч, шодлик тўлиб-тошмоқда. Бу бахтли болалар — Ўзбекис­тоннинг болалари!  Буларнинг бари учун шу Ватанни ҳаммадан қаттиқроқ авайлагинг, қизғонгинг, севгинг келади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

 



DB query error.
Please try later.