18.06.2015

ОДАМЛАР ПАРТИЯДАН АМАЛИЙ ИШЛАРНИ КУТАДИ

Сиёсий партияларнинг фаоллиги — бу жамият фаоллигини белгилаб берувчи муҳим омилдир. Сиёсий партиянинг фаоллиги эса амалий ишларда намоён бўлади.

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг бугунги босқичи сиёсий партиялар олдига катта ва масъулиятли вазифалар қўймоқда. Бугун ҳар бир сиёсий партия ўз электорати манфаатини ҳимоя қилиш баробарида мамлакат тараққиётига дахлдор масалаларни ҳал этишда амалий таклифлари ва ишлари билан фаол иштирок этиши керак.

Сиёсий партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясидан тортиб, маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари, бошланғич партия ташкилотларигача дастурий мақсадлар ижроси йўлида фаоллик кўрсатиши, амалий таклиф ва ташаббусларни кўпроқ илгари суриши талаб этилмоқда.

Бугун ЎзХДП ташкилотлари бу вазифаларни қандай бажармоқда, ютуқ ва камчиликлар нималарда кўринмоқда?

Таҳририятимиз бугундан бошлаб Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи махсус саҳифалар бериб боришни режалаштирган. Дастлабки махсус саҳифа ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши фаолиятига бағиш­ланади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган муҳим ғоялар илгари сурилган.

Дунёнинг ривожланган давлатлари босиб ўтган йўл шуни кўрсатадики, кучли фуқаролик жамияти қуриш учун, энг аввало, демократик ислоҳотларга мос равишда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий дунёқарашини ўзгартирадиган ва фаоллигини оширадиган асосий куч — сиёсий партия­лар одамлар ҳаётига чуқур кириб бориши лозим.

Сиёсий партиялар жамият ҳаётига қанчалик чуқур кириб борса, ижтимоий муаммолар шунчалик самарали бартараф этилади. Мамлакат изчил тараққий этиши, демократик тамойиллар, инсон манфаатлари бош масалага айланишида маҳаллий тузилмалар муҳим ўрин тутади. Буни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи, фаолларимиз, етакчиларимиз, бошланғич ташкилотларимиз, хайрихоҳларимиз мисолида кўришимиз мумкин.

Сиёсий партиямиз олдида турган масъулиятли вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлам билан яқиндан ишлаш, жойларда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ижросини мунтазам таҳлил этиб боришга жиддий эътибор қаратяпмиз.

Кейинги пайтларда шаҳар партия ташкилоти тизимида қатор ижобий натижаларга эришилди. Биз ишга муносабатни ўзгартириш, замон билан ҳамнафас тарзда фаолият юритиш каби ҳаётий масалаларга кўпроқ эътибор қаратдик. Албатта, бу ўз самарасини берди. Кейинги вақтларда партиямиз ғояларига хайрихоҳлар сони тобора ошиб бораяпти. Маълумотларга қараганда, ҳар ойда партиямиз аъзолари 150 нафарга кўпаймоқда. Бугун улар 1040 бошланғич партия ташкилотига бирлашган.

Пойтахтимизда ЎзХДПнинг 12 та туман кенгаши фаолият юритаяпти. Айнан ушбу ташкилотларимиз орқали партиямиз электоратининг асосий ижтимоий гуруҳлари орасида ўз позициямиз ва дастурий мақсадларимизни тушунтириш ишларини изчил давом эттираяпмиз.

Афсуски, суст фаолият юритаётган маҳаллий партия ташкилотлари, депутатларимиз борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз. Улар маҳаллий ҳокимият органлари ишидаги камчилик ва нуқсонлар билан муроса қилиб келишаяпти. Одамларни безовта қилаётган ижтимоий масалалар тўғрисида ҳар доим ҳам амалий таклифлар беришмаяпти. Аслида эса, маҳаллий партия ташкилотлари, депутатлар муаммоларни изчил ўрганиб бориши ва таклифларни илгари суриши лозим. Қонунлар ижросига лоқайд қараётган, ижтимоий масалаларни ҳал этишни пайсалга солаётган айрим мансабдорлар фаолиятига ўз вақтида танқидий баҳо беришимиз зарур. Ўшандагина сиёсий партия сифатида зиммамиздаги вазифаларни бажарган, жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаган бўламиз.

Бир нарсани унутмаслигимиз керак, сайловчиларимиз бизга Сайлов­олди дастуримизни қанчалик даражада амалга ошираётганимизга қараб баҳо беради. Чунки бугун одамлар партиядан фақат амалий ишлар кутмоқда...

 

Ҳайдар БОБОХОНОВ,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

 

СИЁСИЙ ПАРТИЯНИНГ АСОСИЙ КУЧИ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИДАГИ ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИДИР

Кейинги йилларда маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги партия гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатлари тобора кенгайиб бораяпти. Асосийси эса қонун билан белгиланган ушбу ваколат ва имкониятлардан қандай фойдаланишимизга боғлиқ.

Бугун халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қандай таклиф ва ташаббуслар билан чиқмоқда?

Айни кунда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида партиямиздан сайланган 15 нафар депутат фаолият юритяпти. Улар партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатлари билан боғлиқ қатор масалалар партия гуруҳи йиғилишларида кўриб чиқилди. Улардан айримлари сессия­лар кун тартибига олиб чиқишга тайёрланмоқда. Булар аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қурилиш, архитектура ва ободонлаштириш билан боғлиқ масалалардир. Хусусан, апрель ойида партия­миз гуруҳининг «Уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасидаги муаммо ва ечимлар: унда Ўзбекистон ХДП ташкилотларининг иштироки» мавзусига бағишланган йиғилишида учта туман ҳудудида аҳолига уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Кўп қаватли айрим турар-жойларда хонадон эгалари томонидан ўзбошимчалик билан ҳеч қандай расмий рухсатсиз ва лойиҳасиз хонадон ташқи ҳолатларини ўзгартириш бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрланди.

Шунингдек, партия гуруҳи аъзолари депутатлик сўрови институти имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилишяпти. Жорий йилнинг шу даврига қадар депутатлар аҳолидан тушган мурожаатлар асосида тегишли ташкилотларга 30 дан ортиқ депутатлик сўрови юборди.

Мисол учун, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати ­Жасур Қулмуҳамедовга Чилонзор туманидаги 7-мавзе 32-33-уйлар ҳамда 8-мавзе 29-уйнинг иссиқлиқ таъминотидаги носозликлар, иссиқлик қувватини пастлиги, Чилонзор тумани Лутфий кўчаси 4-уй ҳамда йўлагини асфальт қилиш масалаларида мурожаат бўлган. Депутат ушбу масалада туман ҳокимлигига сўров юборган ва муаммо ижобий ҳал этилган.

Чилонзор тумани 9-мавзеда жойлашган туман кўзи ожизлар жамиятига қарашли 27-сон ётоқхонани капитал таъмирлаш ҳамда янги бино қуриш юзасидан Кўзи ожизлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими раисига сўров киритилган.

220-сон мактабгача таълим муассасаси ҳудудидаги болалар майдончаларини ҳамда болалар сузиш ҳавзасини таъмирлаш масаласи бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Лола Илиева томонидан Яккасарой туман ҳокимига сўров юборилган ва масала ижобий ҳал этилиб, туман молия бошқармаси томонидан қурилиш материаллари учун маблағ ажратилди.

Бундай амалий ишларни қанча кўпайтирсак, одамларга шунчалик фойдамиз тегади ва партиямизга жамоатчилик ишончи ҳам ошади.

 

Руслан МУБОРАКШИН,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

 

ҲАЁТИЙ ЛОЙИҲАЛАР ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Партиямизнинг Ҳаракат дастурида айнан шу масала бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, ЎзХДП Марказий Кенгаши қарорига мувофиқ «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳаси Тошкент шаҳри миқёсида ҳам ўтказилмоқда. Унда ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиняпти. Имконияти чекланган кексаларга моддий ёрдам кўрсатиляпти.

Шунингдек, «Маҳалла аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси бўйича пойтахтимизнинг барча ҳудудларида тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур лойиҳалар доирасида ўтказилган барча тадбирларимизда ёши улуғ инсонларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилди. Ижтимоий-сиёсий жараёнларда электорат вакиллари иштирокини янада кучайтириш мақсадида туман ва шаҳар кенгашларида ўтган йили 100 га яқин сиёсий ўқув ўтказилди. Унда тарғиботчилар ҳамда экс­пертлар гуруҳи, депутатлар ва сиёсатшунослар фаол иштирок этишди. Семинар ва давра суҳбати тарзида ўтказилган тадбирларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар мазмун-моҳиятининг тарғиботи, партия аъзолари ва электорат вакиллари сиёсий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этиладиган ҳар бир тадбирга олдиндан пухта тайёргарлик кўриб, таъсирчан усулларни кенг қўллашга, жумладан умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Масалан, ўқувлар самарадорлигини ошириш учун маърузачилар мавзуни ҳаётий мисолларда тингловчиларга тушунтириб боришаяпти. Суҳбатларни имкон қадар қуруқ маърузалардан воз кечиб, баҳс-мунозара асосида олиб боришга эътибор бераяпмиз. Бундан ташқари, ахборот-маърифат хоналари имкониятларидан келиб чиқиб, ўқувлардан сўнг иштирокчиларга мавзуга оид услубий қўлланмалар, партия фаолиятига доир буклетлар тарқатилмоқда.

 

Маргарита АҲМЕДБЕКОВА,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.

 

АЁЛ ФАОЛ БЎЛСА...

Бугунги кунда ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Фаол аёллар» қанотининг 21 минг 153 нафар аъзоси бор. Ўтган даврда қанот ташаббуси билан хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилди.

Масалан, «Жамият ижтимоий-сиё­сий ҳаётида аёлларнинг фаоллигини ошириш масалалари», «Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда самарали шакл ва услубларни қўллаш» мавзусидаги давра суҳбатлари ва сиёсий семинарлар бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Жорий йилда ҳам хотин-қизлар билан жонли ва юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар, тадбирлар ташкил этилмоқда. Кекса ёшдаги аёллар билан учрашиб, самимий мулоқотлар ўтказилди, уларга яратилган имтиёзлардан қандай фойдаланиш масалалари ҳақида маслаҳатлар берилди.

Айтиш керакки, тадбирларда туман, шаҳар «Фаол аёллар» қаноти бўлимлари атрофига бирлашган турли соҳалардаги фаол хотин-қизларнинг салоҳияти, бош­лан­ғич ташкилотлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларни иш билан таъминлашда тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида «Аёллар банд­лиги — обод турмуш гарови» ло­йиҳаси доирасида 10 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамкор ташкилотлар билан бирга тадбирлар ташкил этилди. Уларда 400 га яқин вақтинча ишсиз бўлган хотин-қиз иштирок этди. Лойиҳа доирасида 40 га яқин хотин-қизни иш билан таъминлашга, 20 дан ортиқ хотин-қизга ўз ишини йўлга қўйишига кўмаклашилди.

Бироқ бу ишларни бажарилиши керак бўлган вазифалар билан қиёсласак, хотиржам бўлишга ҳеч ҳам ҳаққимиз йўқлигини англаймиз. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини, сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириб бориш борасида янги-янги лойиҳалар устида ишлашимиз керак бўлади.

 

Гулчеҳра АЗИЗОВА,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси.

 

ЁШЛАР  ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧ

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти мамлакатимизда амалга оширилаётган демо­кратик ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш борасида кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда. Айниқса, «Ёшлар ва интернет: муваффақиятлар ва муаммолар», «Биз партия сафидамиз», «Коллеждан — корхонага», «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» каби лойиҳалар асосида ўтказилаётган тадбирлар ёшлар манфаатини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу каби мавзулар ёшларнинг сиё­сий ва ҳуқуқий онгини ошириб, фуқаролик туйғусини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, партиямиз тизимида бир неча йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови яхши самара бермоқда. Танловнинг бу йилги босқичларида иштирок этиш истагини билдирганлардан 1,5 мингга яқин ариза қабул қилинди. Дастлабки бос­қичларда юқори натижаларга эришган 15 нафар йигит-қиз республика босқичида қатнашиш учун ўзаро баҳс олиб борди. Танлов натижаларига кўра, Миробод туманидан Улуғбек Алиқулов ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

 «Ёш сиёсатчи» кўрик танлови турли соҳада ишлаётган ёки таълим олаётган минглаб ташаббускор, ғайратли, истеъдодли ёшларимизни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Уларни ўз устида кўпроқ ишлашига, билимини оширишга, катта мақсадлар сари ишонч билан интилишга даъват этмоқда.

 

Санжар СОБИРЖОНОВ,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли.

 

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИ: ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН МАНФААТИ ЁТАДИ

Ҳар бир сиёсий партия ўз электорати муаммоларини ўрганиш борасида турли йўллардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Аммо Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу борада бош­қа бирорта партияда кузатилмаган тажрибага эга. Бу партия ташкилотлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналаридир.

Бугун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, сиёсий маданиятини ошириш, шунингдек, партия электоратини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам вакилларига амалий ёрдам беришда мазкур қабулхоналар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда ЎзХДП Тошкент шаҳар ва туман кенгашларида 13 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритаяпти. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу партия ташкилотлари ва гуруҳларининг аҳоли мурожаатларига муносабати тубдан ўзгаргани, одамларнинг партияга бўлган ишончи ошаётганидан далолат беради.

Жорий йилнинг ўтган даврида эса қабулхоналарга тушган мурожаатлар сони 150 дан ошди. Уларнинг асосий қисми коммунал, соғ­лиқни сақлаш, халқ таълими, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий масалаларда бўлган. Мурожаатларнинг 80 фоизидан ортиғи ижобий ҳал этилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бу борадаги фаолиятимизда бир масалага алоҳида эътибор қаратяпмиз. Яъни муайян мурожаатни ҳал этиш билан чегараланиб қолмаяпмиз. Уларни умумлаштириб, таклифларни шакллантириб, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги доимий комиссиялар йиғилишларида, сессия­лар муҳокамасига олиб чиқишга ҳаракат қилинмоқда. Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессия­си кун тартибига бандлик масаласида киритилган аксарият масалалар аҳолининг Жамоатчилик қабулхоналарига қилган мурожаатлари асосида тайёрланган.

Бироқ очиғини айтиш керак, мурожаатлар билан ишлаш ҳамма жойда ҳам бирдек талаб даражасида эмас. Масалан, Яккасарой, Бектемир туманларида қабул белгиланган тартиб асосида йўлга қўйилмаган. Мурожаатларни ҳал этишда депутатлар ва партия ташкилотларининг биргаликда ишлаш кўникмаси барқарор эмас. Бу эса муаммоларни ҳал этишга тўсиқ бўлади, мурожаат эътиборсиз қолишига олиб келади. Туман партия кенгашлари раислари, депутатлар қабулхоналарнинг партия ҳаётидаги ўрни, электорат манфаатини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини етарли даражада баҳолаб олиши талаб этилади. Бу электорат манфаатларини ҳимоя қилишда, сайловчилар ишончини оқлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Салоҳиддин АҲМАДАЛИЕВ,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши сектори мудири.

 

СИЁСИЙ ПАРТИЯ БОШЛАНFИЧ ТАШКИЛОТДАН БОШЛАНАДИ

Сиёсий партиянинг дастури, ғоявий мақсадларини амалга оширишда бошланғич партия ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Улар қанча фаоллик кўрсатса, сиёсий партия дас­турий мақсадларини амалга ошириш шунча самарали бўлади.

Маълумки, бошланғич ташкилот фаолиятидаги устувор вазифалардан бири аъзолар, тарафдорларни кучайтириш, электоратнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини оширишдан иборатдир. Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида олиб борилаётган ишларда биринчи галда шунга эътибор қаратаяпмиз. Эркин мулоқот тарзидаги учрашувларни кўпроқ ўтказиш, аъзоларнинг фикрларини тинглаш ҳамда муҳокама этишга кенг ўрин берилаяпти. Энг муҳими, бу тадбирлар тарафдорларимизни кўпайтирмоқда. Ҳозир бизнинг ҳудудий партия ташкилотимизга 392 нафар аъзо бирлашган. Яқинда яна 10 нафар маҳалладошимиз партия сафига қўшилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Ораста қизлар», «Кексаларнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз», «Ижтимоий ҳимоя­дан — ижтимоий фаоллик сари», «Сиёсий-ҳуқуқий билимга эга шахс жамиятда муносиб ўрин топади» каби мавзуларда учрашув, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилди.

Очиғини айтиш керак, ишимизда ҳали камчиликлар оз эмас. Партиямиз электорати вакилларини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиб, таклифлар ишлаб чиқиш, уларни юқори партия ташкилотлари ва депутатларга етказиш борасида амалий ишларимизни кўпайтириш зарур. Бошлан­ғич ташкилот нафақат партиянинг асоси, барча ишларда суянчи ҳам ҳисобланади. Фақат бунга амалда эришиш керак.

 

Дилором ҲАЙДАРОВА,

Сирғали туманидаги Абдураҳмон ­Жомий маҳалласи ҳудудий партия ташкилоти етакчиси.



DB query error.
Please try later.