18.06.2015

МУАЛЛИМ ВА МУҲАРРИР ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРСА,

малакали журналист кадрлар тайёрлаш самараси янада юқори бўлади

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжумани малакали журналист кадрлар тайёрлаш масаласига бағишланди.

— Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони кундан-кунга ортиб боряпти, — дейди Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Иброҳим Ҳалимбеков. — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида бир неча йўналишда телеканаллар ташкил этилди, кўплаб нашриётлар, газеталар, интернет сайтлари очилмоқда Бу эса ўз навбатида, журналист кадрларга бўлган эҳтиёж янада ортишига сабаб бўлмоқда. Йил бошидан бери ҳар иккала университетлар журналистика факультетларида суҳбатлар ўтказдик. Ўйлайманки, бугунги матбуот анжумани ҳам малакали журналист кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

— Журналистларимизнинг жамиятда тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда, — дейди ЎзМУ ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Шуҳрат Сирожиддинов. — Бу эса миллий журналистикамиз, журналист кадрлар тайёрланадиган олий ўқув юртлари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди. Дунё ахборот майдонида глобаллашув кучайиб бораётган бир шароитда содир бўлаётган воқеа­ларга тез ва холис муносабат билдира оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш зиммамизда турган муҳим вазифа саналади.

Яқинда ЎзМУ журналистика факультетининг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ерда талабаларнинг билим олишлари, ўрганганларини амалда синаб кўришлари учун зарур шароитлар яратилган. Бу йил факультетни 131 нафар журналист (76 нафар бакалавр, 20 нафар магистр ҳамда 35 нафар олий журналистика курси битирувчилари) тугаллаши кутилмоқда. Ишонамизки, улар мамлакатимиз ОАВда ўз ўрнини топади.

— Бугун шиддат билан ўзгараётган дунё­да яшаётган журналист­лар ҳар томонлама кучли, тезкор ва албатта, холис бўлиши зарур, — дейди ЎзДЖТУ маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Норпўлат Мамадов. — Бунинг учун уларга кучли билим берилиши, шунингдек, олий ўқув юртлари билан ОАВ ўртасида мус­таҳкам алоқани йўлга қўйиш керак.

Журналист кадрлар тайёрлаш борасида хориж тажрибасини ўрганишимиз ва амалга татбиқ қилишимиз яхши натижа беради. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган кўплаб ходимлар хориж давлатларида бўлиб тажриба ошириб қайтишмоқда. Назаримда  бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ва янада кучайтиришимиз зарур.

— Мамлакатимизда ҳар томонлама етук журналист кадрлар тайёрлаш жуда муҳим вазифа ҳисобланади, — дейди ЎзМУ журналистика факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Маҳлиё Мирсоатова. —  Бунинг учун талабаларнинг амалиёт ўташини юксак савияга кўтариш керак. Амалиёт раҳбарлари ҳам назоратни кучайтиришлари зарур. Илгари талабалар ёзги амалиётни ўташ учун ўзи туғилиб ўсган жойларга юбориларди ва амалиёт ўтагани ҳақидаги маълумотномани олиб келарди. Улар аслида амалиёт ўтаганми ёки йўқми, буни билиш қийин эди. Биз яқиндан бошлаб вилоят ва туманларда фао­лият кўрсатаётган ОАВлар билан алоқани йўлга қўйдик. Улар билан доимий равишда боғланиб турибмиз ва талабаларимиз амалиётни қандай ўтаётганини назорат қиляпмиз.

 — Бугунги кунга келиб журналистика ахборот технологиялари коммуникациялари билан чамбарчас боғланиб кетди, — дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Акбар Нурматов. — Интернет журналистиканинг тўртинчи йўналиши бўлиш билан бирга, матбуот, радио ва телевидениени ўзида жамлай олгани билан аҳамиятли. Бугун интернет орқали газеталарни ўқиш, радио тинглаш ва телекўрсатувларни кўриш имконияти бор.

Журналистика соҳасида деярли ҳар куни янгиланишлар, ўзгаришлар бўлмоқда. Бугунги давр ёшларининг саволларига жавоб бериш, уларга юксак савияда дарс ўтиш учун ўқитувчининг ҳам малакаси юқори бўлиши зарур. Ўтган вақт мобайнида факультетимизда инглиз, немис, араб, испан, хитой, япон ва бошқа хорижий тилларни биладиган, замонавий фанлардан хабардор юзлаб мутахассислар етишиб чиқди. Биз уларнинг сони янада кўп бўлишини истаймиз.

Бугунги кунда олий ўқув юртлари ва ОАВ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш кераклигини ҳеч қайсимиз инкор қилолмаймиз. Аксарият талабалар амалиёт ўталиши белгиланган вақтдагина таҳририятларга бориб, қолган вақтини беҳуда ўтказаётгани ҳам сир эмас. Буюк мутафаккир Саидризо Ализода «Муаллим ила муҳаррир — миллатнинг икки қўлидир» деган эди. Миллатнинг «қўли» бўладиган муҳаррир фақат ва фақат таҳририятда шаклланади. Бунинг учун муаллимлар уларни назорат қилиши, амалиётдан таш­қари ҳам таҳририятларга қатнашишни таъминлаши зарур.

Мен ҳам ЎзМУ журналистика факультетида ўқиганман. Дастлаб бакалавр босқичида, сўнгра магистратурада таҳсил олдим. Биринчи курсдан бошлаб, «Ўзбекистон овози» газетасида ишлай бошладим. Бу мен учун жуда катта тажриба мактаби бўлди. Мақола ёзиш, уни таҳрир қилиш борасида кўп нарса ўргандим, ўргатяпман. Демак, мазкур тажрибани ОАВ изчил давом эттирсалар, ўз йўналишлари бўйича ихтисослашган кадрлар муаммосини ҳам ҳал этган бўлишарди.

Биз глобаллашув асрида яшаяпмиз. Шундай экан, ҳозирги давр журналисти нафақат яхши мақола ёза олиши, балки компьютер технологиясини, чет тилларни, интернет тизимини чуқур билиши керак.

Шиддат билан ўзгариб бораётган сиёсий жараёнлар, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви тобора кучайиб бораётгани биздан чуқур билим, журъат ва жасоратни талаб қилмоқда.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.