18.06.2015

ОЛИЙ ТАЪЛИМ

сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантириш, халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, ўқув жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармони бу борадаги ишларни янги бос­қичга кўтариш, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари масъулияти, касб даражаси ва малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ислоҳотлар тақдири кадрларга боғлиқ, деган ғоя бекорга илгари сурилмаган. Барча ютуқлар ва мағлубиятлар замирида биз тайёрлаётган кадр­лар билими, ташкилотчилик кўникмаси, замонавий қа­р­ашлари ётади. Мен ушбу соҳани яхши билган мутахассис сифатида шуни айтмоқчиманки, биринчи нав­батда кадрлар тайёрлайдиган муассасалар профессор-ўқитувчиларининг масъулиятини ошириш керак.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 59 университет ва институтда 230 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик харажатлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ва бу тизимнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқ эканлиги ҳам мазкур соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор натижасидир.

Бу борада амалга оширилаётган ишларни таҳлил этадиган бўлсак, соҳада пухта тизим, ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Энди эса олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг касбий малакасини ошириш, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услубларини амалиётга жорий қилиш талаб этилмоқда. Ушбу фармон эса бу борада айни муддао бўлди, деб ўйлайман.

Президент фармонида юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилаш белгиланган. Шунингдек, фармонга кўра, олий ўқув юрт­лари ўқитувчилари глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши лозим бўлади. Бу эса ҳар бир ўқитувчидан доимо ўз устида ишлаш, тинимсиз изланишда бўлиш, дунё тажрибасини ўрганиб боришни тақозо этади.

Бугун таълимнинг барча босқичларида чет тилларини мукаммал ўргатиш тизими яратилмоқда. Бу эса олий ўқув юртлари педагог кадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириш кераклигини кўрсатади. Қолаверса, чет тилларини ўзлаштириш ор­қали ундан ўз касб маҳорати, педагогик ва илмий фаолиятини муттасил ошириб бориши учун кенг имкониятга эга  бўлади.

Умуман олганда, мазкур фармон профессор-ўқитувчилар касбий малакасини ошириш орқали олий таълим даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш, пировард натижада, юксак салоҳиятли кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Лола ИЛИЕВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети чет тиллар факультети доценти:

— Ўзбекистон учун таълим соҳаси нақадар устувор аҳамиятга эга эканини ушбу фармон яна бир бор тасдиқлаб турибди. Чунки, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимиз тараққиё­ти бевосита олий таълим муассасаларида таълим олаётган кадрларга боғлиқ.          

Тажрибадан биламизки, ўз устида ишлаган, янгиликка интилувчан, чет тилларини мукаммал билган ўқитувчилар таълим муассасасида ҳам, талабалар ўртасида ҳам доимо катта обрўга эга бўлади. Ушбу фармон эса барча профессор-ўқитувчиларга ана шундай ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиш имкониятини тақдим этади.

Фармонга биноан, Докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш илмий кенгашлари, зарур услубий, ўқув-лаборатория ва ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган замонавий моддий-техник базага эга 15 та етакчи олий ўқув юрти олий таълим муассасалари раҳбар ва педагогик кадр­ларини қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича Таянч олий ўқув юртлари сифатида белгиланди.

Қайта тайёрлашнинг тегишли йўналишлари бўйича доимий фаолият кўрсатадиган олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курс­лари ташкил этилади. Уларда машғулотларни сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва профессионал даражага ўтказиш учун барча ўқув-услубий ва моддий-техник база шакллантирилиши кўзда тутилган.

Энг асосийси, қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумот базаси шакллантирилади, замонавий инновацион педагогика, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва қайта тайёрлаш жараёнига татбиқ қилинади.

Фармонда белгиланганидек, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиётган тингловчилар учун уларнинг очиқ маърузалар ва амалий машғулотлар ўтказиши, ўтилган дарсларнинг муҳокама қилиниши ва танқидий таҳлил этилишига асосланган педагогик амалиёт йўлга қўйилади.

Буларнинг барчаси олий таълим муассасаси ўқитувчиларининг маҳоратини ошириш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишига хизмат қилади...

Бугун академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, олий ўқув юртида грант ёки шартнома асосида ўқиётган талаба эртага тўғридан-тўғри маълум бир соҳада фаолият бошлайди. Лекин уни қандай ўқитишган, унинг билими ва салоҳияти қай даражада деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Албатта, олий таълим муассасасида тўлақонли таҳсил олган, ўз мутахассислигини пухта ўзлаштирган кадр борган жойида соҳани ривожлантиради, янгиликлар яратади. Бироқ, аксинча бўлса-чи? Бундай ҳолатда у мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган бир бўғиннинг таназзулга юз тутишига сабабчи бўлади.

Ушбулардан ҳам кўриниб турибдики, мазкур фармон нафақат олий таълим тизими ривожланишига балки мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилиши билан ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.