16.06.2015

ҚОНУНЛАР ТАРҒИБОТИ ОЙЛИКЛАРИ

Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамия­тини барпо этишнинг энг муҳим талабларидан бири фуқаролар ҳуқуқий ва сиёсий онгини юксалтиришдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан жойларда хотин-қизларнинг ўз манфаатларига дахлдор бўлган қонунлардан хабардорлигини ошириш мақсадида «Қонунлар тарғиботи ойликлари» ўтказилмоқда.

Мазкур ойлик доирасида Қашқадарё вилоятида «Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигининг хотин-қизлар бандлигини таъминлашдаги аҳамияти» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ва Қашқадарё вилоят кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатини Ўз­ХДП­ вилоят кенгаши ­раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия ­гу­­­руҳи раҳбари Олим ­Равшанов олиб борди.

Тадбирни уюштиришда пар­тия электорати бўлган хотин-қизларни меҳнат соҳасига оид қонунларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан хабардорлигини ошириш ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ижросида хотин-қизлар иштирокини таъминлашдек мақсадлар кўзда тутилган эди.

Партия Марказий Кенгаши масъул ходими ­Назира Матёқубова айрим жойларда аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаслиги сабабли улар томонидан турли идора ва ташкилотларга мурожаатлар кў­пайиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Қонунни билган адаш­маслиги, ўз ҳу­қуқларидан фойдаланишни ҳам билиши тўғрисида тўхталди.

— Меҳнат қилиш ҳуқуқи — энг муҳим, ҳаётий ижтимоий ҳимоядир, — деди у. — Бандлик дастури бўйича жойларда кўп ишлар қилинмоқда. Биринчи навбатда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларни иш билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Бироқ иш ўрни яратиш бўйича ҳамма жойда ҳам аҳвол бирдек эмас. Депутатларимиз, партиямиз фаоллари бу масалада доимий равишда назорат-таҳлил ишларини олиб бориши зарур. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Комила Каромова «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунлар ва Меҳнат кодексининг асосий жиҳатларини батафсил шарҳлаб берди. Аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш борасидаги имтиёзларга тўхталди. Юртимизда оналар фарзандларини 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлайди ва уларнинг иш жойлари сақланади. Кам таъминланган оилаларга нафақалар бериб борилади. Қонунларимизда ногирон боласини парвариш қилаётган аёлларнинг меҳнат таътилига чиқишида ҳам имтиёзлар кўзда тутилган. Аёлнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — келажакни, миллат ва халқни ҳимоя қилишдир.

Давра суҳбатида таъкидландики, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг устувор йўналиши ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг зарур шарти сифатида қаралмоқда. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, бугунги кунда аҳолини иш билан таъминлашнинг янги имкониятлари ишга солинмоқда.

Маълумки, партиянинг Сайлов­олди дастурида аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламлари, жумладан, хотин-қизлар учун бар­қарор ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, партия «Фаол аёллар» қаноти аъзолари бола тарбияси билан банд бўлган аёллар, меҳнат бозорида иш топишда қийналаётган хотин-қизлар билан бевосита учрашувлар, мулоқотлар ўтказиб, уларга меҳнат соҳасига оид ҳуқуқларини тушунтирмоқда ва берилган имтиёзлардан фойдаланишга кўмаклашмоқда.

2015 йилда «Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури»да уй меҳнатининг, энг аввало, корхоналар билан меҳнат шартномаларига асосланган касаначилик меҳнати ва оилавий тадбиркорлик ривожланиши натижасида банд бўлмаган фуқароларни, асосан аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож бошқа ­тоифаларини иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида иш топишда қийналаётган кишилар учун иш ўринлари захираси яратилиши кўзда тутилган. Булардан, албатта, хотин-қизларимиз хабардор бўлиши керак.   

Давра суҳбатида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга оид қонунлар ижросида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида ЎзХДП ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг меҳнат соҳасига оид қонунлар, бандлик дас­тури ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши, хусусан, мутасадди органларнинг бу борадаги ­фаолияти юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини оширишга доир вазифалар белгилаб олинди.

Шу куни ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркор аёллар тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш билан боғлиқ самимий суҳбатлар, мулоқотлар бўлди.

— Мен 19 миллион сўм кредит олиб, ўз ишимни кенгайтирдим, — дейди касаначилик кичик корхонаси раҳбари Нозима ­Каримова. — Ҳозир 15 нафар чевар ишли бўлди. Қаранг, кашта урилган буюмларимиз қанчалик бежирим.

— Мана бу ёғоч буюмлардаги нақшлар жуда чиройли экан, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комила Каромова. — Умуман, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи туманларида халқ амалий санъати яхши ривож топган, ҳунармандларга кўмак берилса, кўпчилик ишли бўлади. Санъат асарига тенглаштирса бўладиган бу маҳсулотларни бемалол экс­портга чиқариш мумкин.

Давра суҳбати ҳам, кўргазма ҳам иштирокчилар учун таассуротларга бой, қизиқарли ва фойдали бўлди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.