16.06.2015

ДУНЁГА ТИНЧЛИК КЕРАК

Ўтган ҳафтада мамлакатимиз ва жаҳон сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Пан Ги Муннинг Ўзбекис­тонга ташрифи бўлди. Мартабали меҳмоннинг президентимиз Ислом Каримов билан учрашуви чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, ядро қуроли тарқалишига йўл қўймаслик, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, терроризм ва наркотрафик хавфига қарши курашиш каби бир қатор долзарб масалалар муҳокама этилди.

Мазкур учрашув нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бЎлди. Бугун оддий одамлардан тортиб зиёлилар, сиёсатчилар, депутатлар ушбу учрашувнинг аҳамияти ҳақида фикр юритмоқда.

Рустам КОМИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:

— Дунё тинчлигини асраш, турли глобал муаммоларни ҳал этиш, халқларни ўзаро жипс ва ҳамкор бўлишида халқаро тузилмалар муҳим ўрин тутади. Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўрамиз.

Ташкилот Бош котиби Пан Ги Муннинг Ўзбекистонга келиши бежиз эмас, албатта. Дунёдаги кучли давлатлар ўртасида геосиёсий манфаатлар тўқнашуви тобора кескинлашиб бораётган, янги-янги уруш ўчоқлари пайдо бўлаётган бир пайт­да Ўзбекистон нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни сақлаш ташаббусларини илгари суриб келмоқда.

Президентимиз ҳар бир чиқишида Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслигини алоҳида таъкидлайди. Бундай сиёсат БМТ томонидан олиб борилаётган ишларга ҳамоҳанг эканини кўрамиз.

Учрашув чоғида Афғо­нис­тон муаммоси ҳам атрофлича муҳокама этилди. Аф­ғонис­тонда барқарорликка эришишнинг ягона йўли — сиёсий музокаралар олиб бориш, ички келишувларга интилиш, бунинг учун қулай хал­қаро муҳит яратиш, молиявий инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттириш, бу борада БМТ­нинг фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди.

Шу ўринда Президентимизнинг 2010 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг­йиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида билдирган фикр­ларини эслаш ўринлидир: Бугун афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги янада аён бўлмоқда, коалиция кучларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича танлаган стратегияси эса кутилган натижаларни бермаяпти. Муттасил давом этаётган уруш Афғонистон халқининг аҳволини тобора оғирлаштирмоқда ва муаммони ҳал этишни янада қийинлаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ҳамда унинг халқаро ҳуқуқнинг тамойил ва меъёрларига содиқлиги БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Мисол учун, хавфсизликни таъминлаш соҳасида конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон қуролсизланиш ва қурол-яроғларни тарқатмаслик соҳасидаги барча муҳим халқаро битим ва шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Мамлакатимиз БМТнинг терроризм билан кураш бўйича 13 та конвенциясига қўшилганининг ўзи ҳам юқоридаги фикрларнинг исботи бўла олади, деб ўйлайман.

Салауатдин ХУДАЙБЕРГЕНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг ташрифи чоғида муҳокама этилган муҳим масалалардан бири — бу минтақа учун катта экологик хавф ҳисобланган Орол муаммосидир. Бугунги кунда Орол денгизининг қуриб бораётгани нафақат яқин, балки ундан узоқ ҳудудлардаги аҳоли саломатлиги ва генофондига салбий таъсир кўрсатаяпти, ҳаёт даражаси пасайиши, ичимлик суви каби долзарб муаммоларни пайдо бўлишига олиб келаяпти.       

Орол денгизининг қуриши давом этаётгани ва унинг атрофида гуманитар фалокат содир бўлаётгани сабабли Оролбўйининг табиий биологик фондини асраб-авайлаш, Орол ин­қирозининг атроф-муҳитга, энг муҳими, бу ерда истиқомат қилаётган юз минглаб ва миллионлаб одамлар ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш бугунги кундаги энг долзарб вазифа ҳисобланади.

Бу ҳудуддаги аҳволни ўз кўзи билан кўрган, турли касалликлардан азоб чекаётган инсонлар ҳаёти билан яқиндан танишган киши бунинг нақадар катта фожиа эканини янада чуқур англайди.

Оролбўйи икки асосий манба — Амударё ва Сирдарё ҳисобидан сув билан таъминланади, ушбу дарёлар оқимининг камайиши мазкур минтақанинг шундоқ ҳам заиф экологик мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбормоқда.

Маълумки, БМТ Бош ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида «Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлари дастури» қабул қилинган. Мазкур дастурнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши қанчалик муҳимлигини жаҳон жамоатчилиги чуқур англайди. Ушбу дастур қабул қилинишида БМТ Бош котибининг 2010 йилда Оролбўйидаги мавжуд аҳвол билан танишгани муҳим ўрин тутди.

2014 йилнинг октябрь ойида БМТ вакиллари 24 та халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари, шунингдек, дунёнинг 26 мамлакатидан келган олим ва экспертлар иштирокида Урганч шаҳрида ўтказилган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мав­зусидаги халқаро конфе­ренция­да иштирок этди. Ушбу анжуман якунига кўра, умумий қиймати 3,2 миллиард АҚШ долларидан зиёд миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳам ташкилотнинг мамлакатимиз билан амалий ҳамкорлигига мисол бўла олади.

Умуман олганда, Пан Ги Муннинг мамлакатимизга бу галги ташрифи мазкур йўналишдаги ишларни янги бос­қичга кўтаришига ишонаман.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Учрашувда мамлакатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дунё ҳамжамиятида тутган ўрнига муносиб баҳо берди: ...Дунёдаги аҳвол тобора чигаллашиб бораётган шароитда биз БМТни глобал хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш бўйича ягона универсал халқаро ташкилот, кўплаб мураккаб давлатлараро ва халқаро муаммоларни ҳал этадиган ноёб тузилма, деб биламиз.

Дарҳақиқат, халқаро ташкилот нафақат дунёда тинчликни асраш, балки соғлиқни сақлаш, илм-маърифат, маданиятни ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш каби кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Очиғини айтганда, буни биринчи навбатда Ўзбекистон мисолида кўраяпмиз, билаяпмиз. 

Мисол учун, Ўзбекистон ва БМТ ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда 1993 йилдан 2014 йилгача умумий қиймати 434 миллион АҚШ долларига тенг 442 лойиҳани амалга оширди. Мазкур лойиҳалар болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва вакцинация тадбирларини амалга ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни юксалтириш, санитария-гигиена меъёрларига амал қилишни таъминлаш, аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва уларни иш билан таъминлаш имкониятларини ошириш, репродуктив саломатлик соҳасидаги хизматларни кенгайтириш сингари йўналишларни қамраб олган.

ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» фестивали нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё номоддий маданий меросини тиклаш, асраш, тарғиб қилишга беқиёс ҳисса қўшмоқда. 2013 йилда бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» тўққизинчи халқаро мусиқа фес­тивалида ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокованинг иштирок этгани унинг нуфузини янада оширишга хизмат қилди. 

Сўнгги йилларда Ўзбе­кис­тонда БМТ билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар, халқаро анжуманлар, конференциялар ўтказилмоқда. Хусусан, БМТ тузилмаларининг бевосита кўмагида Ўзбекистонда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, Ўрта аср­лар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожланишдаги роли ва аҳамиятига бағишланган йирик халқаро анжуманлар ташкил этилди. Бундай тадбирлар мазкур йўналишларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни бутун дунёга кўрсатиш, шу билан бирга, янги тажрибалар орттириш, ушбу соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир...

Бугун мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосидир. Ўзбе­кис­тон ва унинг Президенти нафақат мамлакатда, минтақада, балки бутун дунёда тинчлик бўлсин, деган ғояни илгари сурмоқда. Ўзбекистон томонидан билдирилаётган фикрлар, олиб борилаётган тинчлик тарғиботи, тинч­лик учун кураш дунёнинг кўзга кўринган сиёсатчилари томонидан эътироф этилмоқда. Халқаро ташкилотлар томонидан бу тинчликпарвар сиёсат доимо юксак баҳоланиб келинмоқда. БМТ раҳбарининг Ўзбекис­тонга келиши ва билдирган фикрлари ҳам бунинг яна бир тасдиғидир.           

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.