Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
16.06.2015

РЕГИСТОНДА СОЗ ҲАМ, ОВОЗ ҲАМ ЎЗГАЧА ЯНГРАЙДИ

Бу йил Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилади

Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган бу нуфузли санъат байрами жаҳон мусиқаси анъаналарини асраш, тар­ғиб қилиш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу форум ЮНЕСКОнинг халқаро маданий тадбирлари доирасига киритилган ва мазкур ташкилот шафелигида ўтказиб келинмоқда.

«Шарқ тароналари» нафақат Шарқ, балки дунё халқларининг ноёб мусиқий мероси ва анъаналарини тар­ғиб этиб, ёш авлод қалбида санъатга, мусиқага меҳр уйғотиб, келмоқда. Фестиваль дунё халқлари ўртасида ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда, маданий алоқалар доирасини кенгайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Президентимиз таъкидлаганидек бу фестиваль биз яшаётган бугунги нотинч ва ўта мураккаб замонда элу элатлар ўртасида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳаётбахш мусиқа оҳанглари орқали одамлар қалбида эзгу инсоний туйғуларни уйғотиш, муштарак томирларни бир-бирига пайванд этиш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилиши билан алоҳида эътиборга сазовор.

«Шарқ тароналари» халқ­аро мусиқа фестивалининг мақсади инсонларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этиш, дунё халқларининг ноёб мусиқий мероси ҳамда анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, миллий қадриятлари ранг-баранг бўлган турли миллат ва элатларни санъат воситасида янада жипслаштиришдан иборатдир.

Нуфузли анжуман иштирокчилари сони йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, 1997 йилда ўтказилган дастлабки фестивалда 31 мамлакат вакиллари ўз санъатларини намойиш этишган бўлса, 2013 йилда ташкил этилган тўққизинчи фестивалда 56 давлат мусиқа ва санъат намояндалари иштирок этди. 

Айни пайтда Самарқандда мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги байрам тантаналарига уйғунлашиб кетадиган ўнинчи «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фес­тивалига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Фестиваль арафасида қадимий Самарқанд янада обод, гўзал ва файзли масканга айланади. Бунинг учун улкан ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Янгидан барпо этилган турар-жой ва ижтимоий иншоотлар, реконс­трукция қилинган тарихий ва замонавий бинолар, мукаммал таъмирланган кенг ва равон йўллар, янги хиёбонлар ва гулзорлар, ҳамма-ҳаммаси шаҳар қиёфасини янада гўзаллаштириб, салоҳияти ва салобатини оширишга хизмат қилади.

— Фестивални ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан республика ташкилий қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан зарур чора — тадбирлар белгиланди, — дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, ишчи гуруҳ аъзоси Камолиддин Мизомов. — Регистондаги фестиваль ўтадиган майдонни ҳозирлаш ишлари қизғин бормоқда. Тадбирнинг очилиш маросимида оммавий саҳналарда иштирок этадиган қатнашчилар, фольклор жамоалари сараланди.

Белгиланган режалар асосида шаҳарни фестиваль руҳига мос равишда безатиш, шубҳасиз кўҳна Самар­қанд қиёфасининг янада очилишига хизмат қилади. Фестиваль меҳмонлари ва иштирокчилари учун меҳмонхоналарни тайёрлаш бошлаб юборилган. Шаҳардаги истироҳат боғлари, «Мўъжиза» амфитеатрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Анжуман иштирокчилари жойлашадиган меҳмонхоналар, Улуғбек мадрасаси, музейларда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалига оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунар­манд­чилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади. Анжуман қатнашчиларининг вилоят туман ва шаҳарлардаги истироҳат боғларида, мусиқа санъат мактабларида ўз дастурларини намойиш этишлари, ёш ижодкорларга маҳорат машғулотлари ўтишлари учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Лале БЕГНАЗАРОВА, VII «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали Гран-При соҳиби (Туркманистон):

— «Шарқ тароналари»да ҳар бир давлатдан энг кучли санъаткорлар қатнашади. Мен мазкур фестивалнинг  энг олий мукофотига сазовор бўлганимдан бир умр фахрланаман. Регистон майдонида қўшиқ куйлаганимни ҳеч қачон унутолмасам керак. Самарқандда дунё мамлакатларининг бизга номаълум санъати ва маданияти билан танишдик, ўзаро фикр алмашдик. «Шарқ тароналари» ғоялари ҳаётбахшлиги, турли халқ ва элатларнинг миллий мусиқасини кенг тарғиб қилиб келаётгани, ташкилий ишлар юксак савияда олиб борилаётгани туфайли ҳам жаҳондаги энг нуфузли фестивалга айланди.

Элшан МАНСУРОВ, «Сари Гелин» ансамбли мусиқачиси (Озарбайжон):

Самарқандда ўтказилган биринчи «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мамлакатимиз вакиласи Симара Имонова олий бош мукофот — Гран-Прини қўлга киритган эди. Самар­қанд Симарани, бутун Озарбайжон санъатини дунёга танитди. Ўзбек ва озарбайжон халқларини азалдан биродарлик ришталари боғлаб туради. «Шарқ тароналари»да шу кунгача кўплаб озар санъаткорларнинг иштирок этгани сўзимизнинг тасдиғидир.

Томас БЛИСЧЕ, «Bremer musical» гуруҳи раҳбари (Германия):

— Биринчи бор фестивалга меҳмон сифатида келгандим. Ўшанда келаси сафар мазкур фестивалда гуруҳим билан қатнашаман, деб ният қилган эдим. Ниҳоят жаҳондаги энг нуфузли фестивалда миллий санъатимиз намуналарини намойиш этишга муваффақ бўл­дик. Дастуримиз устида пухта ишладик. Қадимий Самарқанднинг бетакрор кўрку жамоли, ота-боболарингиз барпо этган ўлмас обидаларга боқиб, илҳомимиз янада жўшди. Регистонда соз ҳам, овоз ҳам ўзгача жаранглар экан.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.