13.06.2015

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади

Ҳайдар БОБОХОНОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

Бугун жамият ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бош­қа институтларининг роли кенга­йиб, ижтимоий-иқтисодий муносабатлардаги ўрни тобора чуқур­лашиб бормоқда. Демак, фуқароларнинг демократик-ҳу­қуқий давлат, кучли фуқаролик жамия­ти барпо этишдаги иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, дав­лат ҳокимия­ти ва бошқаруви ор­ганлари фао­лиятининг очиқ-ош­ко­ралиги ва самарадорлигини, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, турли масалаларни ҳал этиш юзасидан ижтимоий шерикликни кучайтиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаяпти.

Маълумки, мамлакатимизда ижтимоий шериклик нормалари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни, одамлар соғ­лиғини муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби соҳаларда амалга оширилмоқда. Бу масалалар бевосита ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлгани боис, партиямиз тизимида ҳам ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, партиямизнинг Тошкент шаҳар ташкилотлари амалга ошириб келаётган қатор лойиҳаларда ижтимоий ҳамкор ташкилотлар фаол иштирок этмоқда.

Авваллари ҳам партиямиз ўзининг ижтимоий ҳамкори сифатида Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод» хал­қаро хайрия жамоат фонди, «Маҳалла» жамоат фонди, «Нуроний» жам­ғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати каби ташкилотлар билан қўшма лойиҳалар, турли тадбирлар ўтказиб келган. Яқинда қабул қилинган «Ижтимоий шериклик» тўғрисидаги қонун бу борадаги ишларни янада кенг ҳажмда олиб боришга замин яратди.

Масалан, жойларда «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази»,  «Кексаларимиз фаровон ҳаёти учун масъулмиз!», «Коллеждан — корхонага», «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари», «Қонунлар тарғиботи ойлиги», «Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида», «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» каби лойиҳалар доирасида қатор амалий тадбирлар ташкил этилаяпти.

Биргина «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида шу йилнинг ўтган даври мобайнида 20 дан ортиқ маҳаллада тадбирлар ўтказилди ва аҳоли томонидан 30 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Улар асосан ижтимоий масалаларни қамраб олган. Айни кунда мазкур мурожаатларни ҳал этиш бўйича депутатлар ва ижтимоий ҳамкорларимиз тегишли ишларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, партиямиз «Фаол аёллар» қаноти мунтазам равишда Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Пенсия жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб келади. Бу аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар самарасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, партиямиз тизимида ўтказиб келинаётган «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси доирасида пойтахтимизда кўплаб тадбирлар ташкил этиляпти. Яқинда ана шундай тадбирлардан бири Олмазор тумани «Хончорбоғ» маҳалласида бўлиб ўтди. Унда тумандаги 5 та корхона фаолияти ўрганилди. Маълум бўлдики, корхонада 9 та бўш иш ўрни бор. Биз ижтимоий ҳамкор ташкилотларимиз билан бирга мазкур иш жойларига касаначилик билан шуғулланмоқчи бўлган 3 нафар хотин-қизни ишга жойлаштиришга муваффақ бўлдик.

Тўғри, ЎзХДП тизимида ижтимоий ҳамкорлар билан ижтимоий шериклик муносабатлари яхши ўрнатилган. Аммо бу борадаги ишларни янада кучайтириш бўйича олдимизда қатор вазифалар турибди. Хусусан, бошлан­ғич ва маҳаллий ташкилотлар фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий шериклик асосида бошқа жамоат ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўйиш керак.

Партиямизнинг аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш ғояси амалга ошиши ҳам кўп жиҳатдан шу ҳамкорлик даражасига боғлиқ. Айтайлик, аҳолини бугун нима ташвишга солаяпти, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларда қандай муаммолар бор, соҳага оид қонун ва қарорларнинг ижроси қай тартибда олиб борилаяпти? Бу борада жойларда учраётган камчиликлар ижтимоий шерикларни ҳам ташвишга солади, албатта. Муаммо партия кенгаши томонидан фуқаролик жамияти институтлари иштирокида муҳокама этилса ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ваколатларидан фойдаланиб, тегишли қарор қабул қилинишига эришилса, энг муҳими, қарор ижросини таъминлашда ижтимоий шериклар фаол иштирок этса, бундан барча манфаат кўради. Шунда ижтимоий ҳамкорлик ижобий натижаларни беради, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда янада янги имкониятлар очади.

Бунинг учун, энг аввало, ҳар бир йўналиш бўйича ижтимоий шерик ташкилотлар билан олиб бориладиган ишларнинг аниқ режаси ишлаб чиқилиши керак. Янги лойиҳалар, таклифлар ҳамкорликда шакллантирилса, уларнинг ижросини таъминлашда ҳар икки томон фаол иштирок этади. Натижада бундан электорат вакиллари кўпроқ манфаат кўради.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий шериклик муносабатларини қарор топтириш ва мустаҳкамлаш орқали партия­нинг ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўлами кенгайиб бормоқда. ЎзХДП дастурида бу борада муҳим вазифалар белгиланганини инобатга олсак, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни кучайтириш олдимизда турган долзарб масала экани маълум бўлади.

Муҳими, мазкур йўналишдаги ишларни кучайтириш фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жойларда учраётган ижтимоий масалаларни ҳал этиш, давлат дас­турлари ижросини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда яхши самара беради, деб ўйлайман.

 

 

-     Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти қандай ташаббуслар билан чиқмоқда?

-     Аёлларни ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ҳал этишда ЎзХДП депутатлари қандай ташаббус кўрсатмоқда?

-     Қайси ҳудудларда қанот фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаяпти, бунинг сабаблари нимада?

-     Хотин-қизлар манфаатини янада самарали ҳимоя қилишда «Фаол аёллар» қаноти нималарга эътибор бериши керак?

Мазкур саволларга ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси Акмал ­Асатовнинг жавобларини кутамиз.

Бу ҳақдаги мақола газетамизнинг жорий йил 18 июнь сонида чоп этилиши режалаштирилган.



DB query error.
Please try later.