13.06.2015

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин: 

олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг педагогик ва касб даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиш; 

юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилаш; 

олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши; 

олий ўқув юртлари педагог кадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириш ва ундан ўз касб маҳорати, педагогик ва илмий фаолиятини муттасил ошириб бориши учун кенг фойдаланиши. 

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш борасида мамлакатимизнинг ушбу йўналишларда Докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш илмий кенгашлари, зарур услубий, ўқув-лаборатория ва ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган замонавий моддий-техник базага эга 15 та етакчи олий ўқув юртини олий таълим муассасалари раҳбар ва педагогик кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича Таянч олий ўқув юртлари сифатида белгилашга доир таклифи 1-иловага мувофиқ қабул қилинсин.

Қуйидагилар Таянч олий ўқув юртларининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин: 

қайта тайёрлашнинг тегишли йўналишлари бўйича доимий фаолият кўрсатадиган олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этиш; 

ушбу курсларда машғулотларни сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва профессионал даражада ўтказиш учун зарур ўқув-услубий ва моддий-техник базани шакллантириш; 

олий ўқув юртининг етакчи ўқитувчиларини ва Докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш аъзоларини, шунингдек, мамлакатимиздаги бошқа олий ўқув юртларининг юқори малакали ўқитувчилари, хорижий мутахассислар, ўқув-услубий ходимлар ва амалиётчи мутахассисларни шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларини олиб бориш учун кенг жалб этиш; 

қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумот базасини шакллантириш, замонавий инновацион педагогика, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва қайта тайёрлаш жараёнига татбиқ этиш; 

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиётган тингловчилар учун уларнинг очиқ маърузалар ва амалий машғулотлар ўтказиши, ўтилган дарсларнинг муҳокама қилиниши ва танқидий таҳлил этилишига асосланган педагогик амалиётни ташкил этиш; 

курсларнинг вилоятлардан келган тингловчиларига қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида олий ўқув юртлари турар-жойларидан жой ажратиш бўйича чоралар кўриш. 

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Таянч олий ўқув юртлари сифатида белгиланган олий ўқув юртлари ректорлари зиммасига қайта тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан юксак савияда ташкил этиш учун шахсий жавобгарлик юклансин. 

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра: 

идоравий мансублигидан қатъи назар, мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари уч йилда камида бир марта доимий асосда 1-иловага мувофиқ Таянч олий ўқув юртларининг доимий фаолият кўрсатадиган курсларида қайта тайёрлашнинг тегишли йўналишлари бўйича қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши шарт; 

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш 2-иловага мувофиқ Олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш курси ўқув режасининг янгиланган намунали тузилмаси асосида ишлаб чиқилган 288 соатлик махсус дастурлар бўйича икки ой давомида ишдан ажраган ҳолда амалга оширилади; 

курслар якунида тингловчилар ҳар бир Таянч олий ўқув юртида ташкил этиладиган олий ўқув юрти ректори ёки Фан доктори илмий даражасини бериш бўйича илмий кенгаш раиси раҳбарлигидаги илмий кенгаш аъзолари, ўқув-услубий ишлар соҳасидаги йирик мутахассислардан ташкил топган камида 7 кишидан иборат Аттестация комиссиялари томонидан ўтказиладиган аттестациядан ўтади; 

Аттестациядан муваффақиятли ўтган курс тингловчиларига 3-иловага мувофиқ давлат намунасидаги қатъий ҳисобдорлик ҳужжати ҳисобланган малакавий аттестат берилади; 

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўтолмаган олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрлари белгиланган муддатда такрорий қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтиши шарт; 

олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрлари такрорий аттестациядан ўтолмаган тақдирда, олий таълим муассасаларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини йўқотади ва улар билан асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинади; 

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунларига кўра, аттестациядан муваффақиятли ўтган педагог кадрлар тегишли йўналиш бўйича бўш педагог лавозимини эгаллаш танловидан ўтишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади; 

Таянч олий ўқув юртларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиётган тингловчиларнинг асосий иш жойида эгаллаб турган лавозими ва ўртача иш ҳақи ўқиш даврида сақлаб қолинади. 

Олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган курслар фаолияти 2015 йилнинг 1 сентябридан ташкил этилсин. 

4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2015 йилнинг 1 августига қадар олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш курси ўқув режасининг тасдиқланган Намунали таркибини инобатга олган ҳолда, олий ўқув юртлари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янгиланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларининг ишлаб чиқилиши ва ўрнатилган тартибда тасдиқланишини таъминласин. 

5. Мамлакатимиз олий ўқув юртларининг раҳбар ва ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш жараёнларини ташкил этиш борасидаги ишларни аниқ ва самарали мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида доимий фаолият юритадиган Идоралараро комиссия ташкил этилсин ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин: 

олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг замонавий талабларга мувофиқ ўз касб даражасини мунтазам ошириб боришдан манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича мазкур Фармонда кўзда тутилган вазифалар бажарилишининг тегишли назоратини таъминлашни ташкил этиш; 

олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш бўйича Таянч олий ўқув юртлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ўқув-услубий ва моддий-техник базасини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

замонавий талаблар ҳисобга олинган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув режалари ҳамда дастурларини мунтазам такомиллаштириб бориш ишларини ташкил этиш; 

педагог кадрларни қайта тайёрлаш жараёнини қатъий тартибга солиш учун профессор-ўқитувчилари тегишли қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича қайта тайёрлашдан ўтадиган ва малакасини оширадиган олий ўқув юртларининг тегишли кафедраларини муайян Таянч олий ўқув юртларига бириктириш, бунда Таянч олий ўқув юрти ва мамлакатимиз олий ўқув юртларининг тегишли кафедралари ўртасида доимий муносабатлар ўрнатилишини назарда тутиш; 

олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш бўйича Таянч олий ўқув юртларидаги аттестация комиссияларининг шахсий таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш, ҳар йил уларнинг ҳисоботларини доимий тинглаш ва зарур ҳолларда, улар таркибига ўзгартишлар киритиш. 

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий ўқув юртлари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш бўйича Таянч олий ўқув юртлари Аттестация комиссиялари раислари лавозим маошига 30 фоиз миқдорида устама ҳақ белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

Бунда Аттестация комиссиялари раислари қайта тайёрлашдан ўтган ва малака оширган раҳбар ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказишнинг сифат даражасига, қарорлар қабул қилишда холислик, ошкоралик ва принципиаллик учун шахсан жавоб бериши белгилаб қўйилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур Фармон ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилсин ва унда қуйидагилар кўзда тутилсин: 

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш; 

олий ўқув юртлари раҳбар ва ўқитувчи кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро комиссиянинг шахсий таркибини тасдиқлаш; 

Таянч олий ўқув юртларининг ўқув-услубий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот-коммуникация техникаси ва ўқитишнинг техник воситалари билан жиҳозлаш чоралари. 

8. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 
Тошкент шаҳри, 2015 йил 12 июнь 


DB query error.
Please try later.