13.06.2015

АҲОЛИ СИФАТЛИ ДОРИ-ДАРМОН БИЛАН ТАЪМИНЛАНМОҚДА

«Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

– Бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида фармацевтика саноатини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ўзининг юксак самарасини бермоқда, – дейди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси раиси Абдуғани Комилов. – Ҳозирда компаниямиз таркибида 8 та акциядорлик жамияти, 10 та шўъба корхонаси, 17 та дорилар омборхонаси, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси, 1328 та дорихона аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ушбу дорихоналарнинг 76 фоиздан ортиғи қишлоқларда жойлашган. Бундан ташқари, амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарори билан белгиланган. Улар онкологик, сил, мохов, руҳий, ОИВ, эндокринологик касалликларга (қандли ва қандсиз диабетга) чалинганлар, юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногирионлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар, ҳарбий хизматни ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслардир. Шунингдек, Адлия вазирлигидан 2013 йил 13 ноябрда 2522-рақам билан рўйхатга олинган Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларининг қўшма қарори ҳамда мазкур қарорга 2015 йил 30 апрелда 2522-1-рақам билан Адлия вазирлигидан рўй­хатга олинган қўшимча ва ўзгартиришларга асосан амбулаторияда даволанишда имтиёзга эга бўлган беморларга бериладиган дори воситалари рўйхати белгиланган. Ушбу рўйхатга 151 та халқаро номдаги дори воситалари киритилган бўлиб, ушбу дори воситалари шифокор рецепти асосида бепул берилади.

Яна муҳим янгилик сифатида шуни айтиш мумкинки, компаниямиз дори воситаларини сақлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Барча омборхоналар ҳамда дорихоналар кондиционерлар ва музлатгичлар билан таъминланган. Ҳо­зир­да мавжуд бўлган омборхоналар билан бир қаторда Тошкент шаҳрида умумий майдони 6,5 минг квадрат метрлик халқаро стандартларга тўла мос келадиган фармацевтика омбори қурилиб, ишга туширилди. Мазкур омборхонага 2015 йилнинг 7 апрелида «CERT INTERNATIONAL» сертификатлаш органи томонидан халқаро GDP  (яхши дистрибьютерлик амалиёти) стандартига мувофиқлиги ҳақида сертификат берилди. Шунингдек, Сирдарё вилоя­тининг Гулистон шаҳрида умумий майдони 4,0 минг квадрат метрлик логистика маркази қуриб битказилди.

Хусусан, компания корхоналари томонидан 14та махсус жиҳозланган «ISUZU» русумли изотермик автофургонлар, 50та «Damas» автомобиллари чекка ҳудудлардаги аҳолига дори-дармон етказиб бермоқда. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида қиймати 1 миллиард 82,6 миллион сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси амалга оширилди.

Анжуманда компания тизимидаги дорихоналарда  кенг ассортиментда, яъни 2,5 мингдан ортиқ номдаги дори-дармон воситаларининг доимий мавжудлиги  ва бюджет ташкилотларига ўз вақтида етказиб берилаётгани таъкидланди.

Компания бугунги кунда республикамиздаги фармацевтика корхоналари ва 100 дан ортиқ етакчи хорижий фирмалар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва импорт ўрнини қоплаш юзасидан ҳукумат дастури ижросини таъминлаш мақсадида компания Республика кооперация биржасида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Биржа доирасида тузилган шартномалар бўйича 2013 йилда 36,7 миллиард сўмлик, 2014 йилда 45,5 миллиард сўмлик, жорий йилнинг биринчи чорагида 13,0 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилинди.

«Дори-дармон» акциядорлик компанияси маҳаллийлаштириш дастурида белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, компания тизимида ташкил этилган Самар­қанд шаҳридаги «Integra DD» масъулияти чекланган жамиятида 10 турдаги дори ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида юздан зиёд иш ўрни яратилди. Айни пайтда маҳсулот турини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, халқаро сифатни бошқариш тизимини жорий этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Тадбир сўнггида компания фаолиятини янада такомиллаштиришга йўналтирилган лойиҳалар хусусида маълумот берилди.

Мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.