11.06.2015

БИЗГА ТИНЧЛИК КЕРАК, ОМОНЛИК КЕРАК

Таҳририятимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда «Бизга тинчлик керак, омонлик керак» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатини газетамиз Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди.  

— Бугун дунё тез ўзгариб, кучли давлатлар геосиёсий манфаатлари тўқнашуви кескин тус олаётгани, халқаро терроризм, экстремизм, эркинлик ниқоби остидаги «оммавий маданият»  каби хавф-хатарлар кучайиб бораётганини ҳисобга олиб фикрлайдиган бўлсак, аввало, бу бало-қазолардан ўз вақтида огоҳ бўлишимиз, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз зарурлигини англаймиз, — деди у.

— Огоҳлик хавф-хатардан асрайди, фалокатларнинг олдини олади. Айниқса, тинчлигимизга  нималар таҳдид солаётгани, катта-катта давлатларнинг манфаатлари тўқнашган ҳудудларда қандай сиёсий ўйинлар кетаётганини олдиндан кўриб, англаб олинса, уларга қарши чора топишга вақт ҳам, имкон ҳам бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқатини Президентимиз такрор ва такрор таъкидлаб келади, тинчликдек бебаҳо неъматни асрашга халқимизни даъват этади, тинчлик учун албатта огоҳлик зарурлигини доимо уқтиради.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатда Президентимиз халқимиз эътиборини яна бир бор тинчликни асрашга қаратди. Хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги нотинч замонда нималардан огоҳ бўлишимиз, қандай таҳдидларга қарши курашишимиз лозимлиги тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

Шу кунларда жойларда Президентимиз илгари сурган тинчлик ғоялари қизиқиш билан ўрганилмоқда. «Бизга тинчлик керак, омонлик керак», деган сўзлар юртдошларимиз қалбида жарангламоқда. Бугунги давра суҳбатидан кўзланган мақсад ҳам Президентимиз Хотира ва қадрлаш кунида илгари сурган ғоялар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, тинчликни асраш учун нималарга эътибор қаратишимиз зарурлиги ҳақида фикрлашиб олишдир.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар биргина ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор деган одам адашади. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсониятнинг, тараққиётнинг душманидир. Атрофимизда бўлаётган геосиёсий жараёнлар, диний экстремизм, терроризм, наркобизнес, миллатлараро низолар бутун инсониятга катта офатлар келтиришини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Барчамизга маълумки, «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Ушбу ҳужжат Президентимиз томонидан қонунчилик ташаббуси асосида парламентга киритилган эди.

Унда ҳозирги халқаро муносабатлар тизимидаги ўзгаришларга Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан баҳо берилган. Давлатимиз ташқи сиё­сатининг асосий мақсади, принциплари, вазифалари ҳам­да устувор йўналишлари белгиланган. Шунингдек, ташқи сиёсий фаолиятни шакллантириш жараёнлари ва уни амалга ошириш механизмлари кўр­сатилган. Умуман олганда, дунёда ва минтақамизда юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг ўз нуқтаи назари ифода этилган. 

Мазкур концепцияда баён этилган вазифалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мамлакатимиз манфаатлари бевосита Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатларда доимо очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб келган. Минтақадаги барча долзарб сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишининг тарафдори бўлган. Бунинг ўзи ҳам давлатимиз доимо тинчлик, тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик тамойилларига содиқлигини англатади.

Парламент аъзолари, кенг жамоатчиликка мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тушунтиришга қаратилган тарғибот ишларини олиб бориш лозим, деб ўйлайман. Тинч­ликни асраш учун ҳамма баравар ҳаракат қилиши, курашиши зарур. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тинчликсиз ривожланиш бўлмайди, ривожланишсиз эса келажак ҳам йўқ.

Актам ЖАЛИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректори:

— Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш кунида билдирган фикрлари халқимиз учун, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти учун жуда катта аҳамиятга эгадир.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган тинч­лик ғоясидан келиб чиққан ҳолда айрим фикрларни билдирмоқчиман. Маълум бир минтақалар, баъзи мамлакатлар борки, улар йирик қудратли давлатларнинг манфаатлари тўқнашадиган ҳудудларда жойлашган. Марказий Осиё ҳам ана шундай нуқталардан бири ҳисобланади. Халқаро экспертларнинг фикрича, бугун йирик давлатларнинг диққат-эътибори Марказий Осиё­га нисбатан бироз пасайган пайтдир. Лекин маълум бир вақт ўтгандан сўнг бу ҳудудга нисбатан жадал геосиёсат бошланиши мумкин.

Муайян бир даврда манфаатлар тўқнашуви содир бўлса, мамлакатдаги ички ресурслар унинг олдини олишга етмай қолиши ҳам кузатилган. Биз буни узоқ-яқинимиздаги айрим давлатлар мисолида кўрдик.

Мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни сақлашда давлат раҳбарининг хорижий ташрифлари, расмий учрашувлари муҳим аҳамият касб этади. Мана, яқинда Президентимиз давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлди. Ташриф чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Бу ташриф нафақат ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий масалалардаги келишувларга эришилгани билан, балки Ўзбекистоннинг ­халқаро ҳамжамиятда тутган ўрни ва нуфузини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, ушбу ташрифдан кўзланган бош мақсадлардан яна бири — минтақа ва жаҳон тинчлиги йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишдир. Шунинг учун ушбу ташрифга ­халқаро экспертлар, АҚШ, Россия ва Европа Иттифоқи алоҳида аҳамият қаратди. Ўзбекистон Президенти нега айнан Корея Республикасига ташриф буюрди, деган саволга келсак, бу Марказий Осиёнинг барқарорлиги билан боғлиқ масаладир. Яъни, мамлакатда тинчликни сақлаш қўшни давлатлар ҳамда ­дунёдаги мамлакатлар билан Ўзбекистоннинг ҳамжиҳатлигига, давлат раҳбарларининг ўзаро муносабатларига ҳар томонлама боғлиқдир.

Марказий Осиёда манфаатлар мувозанати таъминланган тақдирдагина барқарорликни сақлаб қолиш мумкин. Бу мувозанатни қуришда интеллектуал жиҳатдан юксак салоҳиятга эга бўлган мутахассисларнинг ўрни каттадир.

Тинчлик тараққиёт билан янада мустаҳкам бўлади. Замонавий бозор муносабатлари анъанавий қоидаларга бўйсунмайди. Президентимиз бир чиқишида халқаро ташкилотларда бизнинг ёшларимиз фаолият кўрсатадиган пайт келди-ку, деган фикрни илгари сурди. Бунда чуқур маъно бор.

Мана, ҳозирги вақтда ҳар бир мамлакат жаҳон рейтингида юқори ўринни эгаллаб турган университетларда ўқиётган ўзининг талабалари сонини ҳисоблаб бормоқда. Халқаро ташкилотларда қайси мамлакат фуқаролари кўпроқ фаолият юритса, ўша мамлакатнинг манфаатлари халқаро миқёсда ишончли ҳимоя қилинади. Фарзандларимизнинг таълим-тарбия даражаси ўзимизнинг қўлимизда. Бугун Ўзбекистонда халқаро университетларнинг сони еттитага етди. Демак, ёшлар халқаро стандартларга мос равишда таълим оляпти.

Назаримда биз, аввало, мана шу халқаро вазиятни, унинг баъзи нозик жиҳатларини экспертлар даражасида ҳар томонлама чуқур муҳокама қилиб туришимиз керак. Бундай муҳокамаларда билдирилган фикрларни халқимиз, кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари фаоллик кўрсатиши зарур, деб ўйлайман. Бу жамиятимизда эркин ва мустақил фикрлашни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Чиндан ҳам, юқорида тўғри таъкидланди. Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Мамлакатлар иқтисодиёти орқага кетмоқда, иш ўринлари қисқармоқда, инсоннинг олий ҳуқуқлари, муқаддас қадриятлари поймол қилинмоқда.  

Шу боис Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ «Қўшнинг тинч – сен тинч», деган азалий ҳикматга амал қилиб, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Бу муаммонинг доимо эътибор марказида тургани, давлатимиз раҳбари нуфузли халқ­а­ро минбарларда афғон муаммосини бартараф этиш мақсадида жон куйдириб, дунё ҳамжамиятига такрор ва такрор мурожаат қилаётгани барчамизга маълум. Халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти учун барча имкониятлар ишга солинаётгани ҳаммамизни қувонтиради.

Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз, юртимиз тинч бўлса, хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай ютуқ ва маррага ўз кучимиз билан эришамиз. Одамнинг онги, фикрлаши, хаё­ли тоза бўлса, уни ҳеч қандай куч ўз домига тортолмайди.

Бугун мамлакатимиз тинч, одамлар бемалол ишлаши, орзу-ниятларига етиши учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Бу одамзод учун энг буюк неъмат, улуғ бахт аслида.

Атрофга назар ташласак, ҳозир айрим давлатларда болаларни боғчага, мактабга юбориш, ишга бориб-келиш ҳам катта муаммога айланган. Кўчага чиқишга одамларнинг юраги дов бермайди.

Шу боис тинчликни қадрига етиш борасида кўпроқ тарғибот ишларини олиб боришимиз керак. Партиямиз дастурида ҳам тинчлик-осойишталик, эл-юрт фаровонлиги, халқимиз ўртасидаги ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида ўрин олган.

Қаерда, қайси соҳада меҳнат қилишимиздан қатъи назар ҳар биримиз тинчликни асраб-авайлашга, уни янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Шунинг учун партиямиз ташкилотлари, депутатлар жойларда бу масалага алоҳида эътибор бериб келмоқда. Турли мафкура ва қарашлар авж олган ҳозирги замонда инсон онгу-тафаккурини бузғунчи ғоялар билан забт этишга бўлаётган ҳаракатларга бепарво қараб бўлмайди. Шу боис аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш долзарб вазифаларимиздан биридир.

Анвар қори ТУРСУНОВ, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:

– XXI аср – мураккаб аср. Юртбошимиз мустақиллигимизнинг илк йилларидан тинч­лик сиёсатини илгари сурди. Ҳар бир чиқишларида гапни тинчлик ҳақидаги фикр билан бошлайди. Ҳозир халқимизнинг қалбига ҳам шу руҳ чуқур сингиб кетди. Бугун хал­қимиз фақат тинчлик билан ҳаёт бардавомлигини яхши билади, юрак-юракдан ҳис қилади.

Юртбошимиз «Бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак», деб қайта-қайта таъкидлаганининг замирида чуқур маъно, катта мақсад  ётади. Негаки тинчлик бор жойда барака, тўйлар, байрамлар бўлади. Президентимиз ҳар сафар бошқа мамлакатларга борганларида ҳам бугун дунёда энг муҳим масала тинчлик, яхшилик бўлиши кераклигини, албатта, таъкидлаб ўтади.

Бугун дунёдаги тинчликка раҳна солаётган энг асосий таҳдид терроризм, экстремизм. Бугун шарқ оламида шу даражада мусибатли воқеалар содир бўлмоқдаки, беихтиёр ҳайратга тушасан киши. Энг ачинарлиси, ана шу қонли урушларга кўп ҳолларда муқаддас Ислом дини ниқоб қилиб олинмоқда. Аслида ­Ислом динининг бу қон тўкишларга мутлақо дахли йўқ. ­Исломда одам ўлдириш, қон тўкиш қораланади, оғир гуноҳ саналади. Исломнинг ўзи тинч­лик, дегани. Ассалому-алайкум, дегани сизга тинчлик-хотиржамлик тилайман, дегани. Исломда тажовуз йўқ.

Мамлакатимизда диний бағрикенглик бўлгани боис бир неча динга эътиқод қилувчи миллат ва элат­лар ба­­ҳамжиҳат, тинч-тотув яшаш­­­­­моқда. Муқаддас динимизнинг амалларини бажариш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Буни кўролмаган экстремистик ташкилотлар тинчлигимизга таҳдид қилишга уринаяпти.

Эътиборга молик яна бир жиҳат борки, буни назардан четда қолдириб бўлмайди. Юртимизда ёшларимизнинг диний ва дунёвий билимларини янада ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Тинчликка таҳдид солувчи ташқи кучлар, аввало, ёшларнинг маънавиятини бузишга, онги-шуурини эгаллашга уринади. Ёшларни бундай тажовузлардан асраш учун уларнинг соф дин ҳақидаги тушунчаларини бойитиш лозим. Ана шунда фикрга қарши фикр билан кураш олиб бора олади.

Жамият – иккита қанотли қуш. Бири маънавият ва иккинчиси моддият. Миллий руҳ қудратли тушунча. У қалбимизда бўлиши керак. Таҳдидлардан бири ёшларнинг бизга етти ёт бегона одатларга тақлидга берилишида, деб ўйлайман. Шу маънода миллий руҳни кўтаришимиз зарур.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Президентимиз ҳар бир маърузасида халқ­нинг тинчлиги ва омонлиги, осойишталигини асраш масаласига алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас. Боиси бугунги долғали замонда тинчлик дунёдаги энг улуғ неъмат сифатида эътироф этилиб, бу неъматдан баҳраманд бўлиб яшаш бахти қанчадан-қанча давлатлар, халқларнинг орзу-армонига айланиб қолмоқда.

Ҳар куни фарзандларимизни ўқишга кузатамиз, боғчага олиб борамиз, ўзимиз ҳам хотиржам ишга йўл оламиз. Аслида шунинг ўзи катта бахт. Ҳаммамиз кўриб турибмиз, дунёнинг қатор мамлакатларида нималар содир бўлаётганини. Уйидан чиқишга қўрқаётганлар озми, юрак ҳовучлаб тонг оттираётганларчи?.. Айрим жойларда янги оловли нуқталар пайдо бўлаяпти, турли инқилоблар, давлат тўнтаришлари оддий одамларга фақат кулфат келтирмоқда.

Дунёда шундай нотинч вазият давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда тинчлик ва осо­йишталик ҳукм суриб, халқимиз турмуши тобора фаровонлашиб бораётгани қувонарлидир. Бунинг асосий сабаби, энг аввало, давлатимиз томонидан барча таҳдид ва хавф-хатарлардан халқимизни ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тизимли равишда амалга ошириб келинаётгани билан боғлиқ.

Республикамиз минтақамизда ва глобал миқ­ёсда тинч­лик ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган деярли барча халқаро ҳужжатларга қў­шилган. Мамлакатимизда тинчлик, осо­йишталик ва бар­қарорликни таъминловчи муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган, уларнинг ижроси изчил таъминлаб келинмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиё­сий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги  қатор қонунлар халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлмоқда.

Фотима МЎМИНОВА, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори:

– Янги аср ўзи билан янгича қарашларни, ғояларни, турмуш тарзини олиб келганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бир сўз билан айт­ганда, бугун фақат бой ўтмишимиз билан фахрланиб яшашнинг ўзи камлик қилади. Энди ўзимизни, ўзлигимизни намоён қилиш фурсати келди. Берунийнинг бир асарида шундай сўзлар бор: Ким ўзининг аждодларини мақтаб яшаса, уларни улуғлаб, ўзининг келажагини ўйламаса, унинг аждодлари тирик, ўзи эса ўликдир. Неча асрлар аввал айтилган бу сўз бугунги кунда ҳам ўз қадрини йўқотмаган, аксинча янада аҳамиятли маъно-мазмун касб этмоқда.

Бугунги ахборот асри бизга бошқача талабларни қўй­моқда. Аслида ахборот дегани — билим дегани. Уни ким яхши ўзлаштирса, марра ўшаники. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Ортимиздан ёш авлод ўсиб келяпти. Уларда бу вақтда ҳеч қандай ҳаётий тажриба йўқ бўлади. Демак, телевидение, радио ва матбуот орқали болалар онгига ижобий таъсир кўрсатувчи кўрсатув, эшиттириш ва дарсликларни яратишимиз зарур.

Хулоса қилиб айтганда, бизга тинчликни асровчи, унинг мазмун-моҳиятини кенг очиб берувчи кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолалар ниҳоятда зарур. Ёш авлод ана шундай тарбия кўриб вояга етсагина, ўз халқи ва Ватани учун қайғурадиган инсон бўлиб етишади.

Нигора ЭШМЕТОВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимизнинг тинч­лик ҳақидаги фикрлари ҳаммамизни чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилишга ундайди. «Биз дунёнинг турли ўлкаларида давом этаётган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, тинчлик йўли билан ҳал этиш тарафдоримиз», деди давлатимиз раҳбари. Яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Бу сўзларда халқимизнинг мақсад-муддаоси, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт фалсафаси мужассам эмасми?..

Партия вакили, депутат бўлганим учун кўпроқ одамлар орасида бўламан, улар билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлишга ҳаракат қиламан. Бугун халқимизга нима керак? Албатта, энг аввало, тинчлик.

Инсон қачон ўзини бахтли ҳис этади? Қачон фарзандлари келажаги, тақдиридан кўнгли тинч бўлса. Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири — бу унинг тинч яшаш ҳуқуқидир. Тинчлик бўлмаган жойда инсон ҳуқуқи паймол этилади, орзу-мақсадларга етиб бўлмайди.

Шукрки, юртимиз тинч. Орзу-ҳавасга етиш учун катта шароитлар бор бизда. Ана шу ёруғ ва осуда кунларнинг қадрига етсак, истиқболимиз шунча юксалади.

Менимча, ҳозир кўплаб давлатлар тинчлигига раҳна солаётган миссионерлик ҳаракати ҳақида фуқароларимизни огоҳ этишимиз зарур.  

Бундан ташқари яна бир масала. Менинг назаримда, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига янада жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Айниқса, ёшлар ишсиз бўлса, осон йўл билан пул топишга ўтади, бекорчиликдан бошқа нарсалар хаёлини банд этади, ўзгалар таъсирига тушиб қолади.

Халқимиз орасида, ўтган давр мобайнида Ватанимиз босиб ўтган йўлни, амалга оширилган тарихий ишларни холисона сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларга, аввало, қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришганимиз ҳақида суҳбатларни кўпайтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Энг муҳими, бугунги кунларга етиш осон бўлмагани, айни пайтда рўй бераётган ўзгаришларни ҳаётий мисоллар, ўзимиз, оиламиз тақдири, фарзандларимиз эришаётган муваффақиятлар мисолида чуқур очиб бериш муҳим аҳамиятга эга.

Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Тинчликни ҳеч ким яратиб бермайди. Унинг учун курашиш, уни асраш, қадрига етиш керак. Чунки инсон хотиржам ва осойишта бўлсагина, мақсади сари дадил интилади, ўзини чинакамига бахтли ҳис қилади.

Худойберди ТЎХТАБОЕВ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

– Умуман, гоҳ-гоҳ фикрловчи, мулоҳаза қилувчи кишилар тўпланиб, юртимиздаги тинчлик-тотувлик, фаровонлик тўғрисида фикр алмашгани яхши. Мана бу борада телевидениеда ҳам турли кўсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар бериб бориляпти. Бу, албатта, инсонларни юртимиз осудалигининг қадрига етишга ундайди.

Куни-кеча Ғафур Ғулом боғида болалар китобхонлигига бағишланган тадбир бўлди. Китоб байрамида ҳамма қатори китобларни қизиқиб томоша қилдим. Шундай китоб байрамининг ўтказилаётганлиги яхши, бироқ болалар учун ёзилган китобларнинг камнамолиги мени ўйга толдирди. Ахир, ёш авлод Ватанга меҳр-муҳаббатли, тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етадиган бўлиб камол топишида адабиётнинг ўрни беқиёс эмасми?!

Тинчлигимизга хавф солаётган таҳдидлардан бири оммавий маданиятдир. Унинг турли хил кўринишлари бор. Улар сўроқсиз тафаккурга кириб олади. Айниқса, интернет сайтларида ­оммавий маданият хуружи авж олган. Бунга қарши кўп китоб ўқиган, тафаккури кенг, ғоявий иммунитети мустаҳкам ёш авлодгина кураша олади. Бу хислатларга болаларимиз фақатгина кўп ўқиш ва билим эгаллаш орқали эга бўлишади.

Президентимиз ziyo.net интернет тармоғини ташкил қилиш ҳақидаги фикрни илгари сурганда, ёшларимизнинг тармоқ орқали дунёда бўлаётган маънавий ва сиёсий жараёнлардан бохабар бўлиб боришини ҳамда жаҳонга бўйлашиб фикрлашларини ният қилганди. Бунинг натижасида ёшларимиз маънавияти, ютуқлари анча юқориламоқда. Жаҳон фан олимпиадаларидаги, спортдаги ғалабалар бунга мисолдир. 

Бугунги ривожланган замонда болаларимиз нима билан шуғулланяпти, деган савол мени кўп ўйлантиради. Бири китоб ўқияпти, иккинчиси интернет билан машғул. Шу нарсага эътибор қаратиш керакки, болалар китобхон бўлса оқу-қорани ажрата билади. Негаки китоб қалбларга ёруғлик олиб келади.

Ўткир ҚАЮМОВ, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини  ўрганиш маркази директори ўринбосари:

— Ҳақиқатан ҳам, қачон нотинч, беҳаловат жойда тараққиёт бўлган? Бундай жойда ким ўзини бахтли ҳис қилади? Аксинча, осойишталик бўлган жойдагина ривожланиш бўл­ган, халқ фаровон ҳаёт кечирган, саодатга эришган.

Жаҳонда ва ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга тўғри ва холис баҳо бермай, кечаётган жараёнлардан тегишли хулоса чиқармай, «бу таҳдидларнинг менга дахли йўқ, улар ҳақида бошқалар бош қотирсин», деган тушунча билан яшашнинг, лоқайдликнинг вақти аллақачон ўтган. Зотан, уруш олови ёнаётган мамлакатлар аҳолиси ўзлари йўл қўйган қўпол хатоларнинг, аниқроғи бировларнинг ноғорасига ўйнашнинг жабрини тортаяпти.

Сир эмас, жаҳонда халқларнинг тинчини бузаётган гуруҳлар ва кучлар ишонувчан ёшлардан фойдаланмоқда. Бу билан нафақат бугунги кун, балки келажак ҳам вайрон қилинишини бундай ёвуз кучлар жуда яхши англайди.

Юқорида тўғри айтилди. Биз фарзандларимизда миллий ғурур, мустақил фикр ва дунёқарашни шакллантиришимиз зарур. Фикримча, бунинг учун оила муҳитини яхшилаш керак. Хоҳлаймизми, йўқми бола дастлабки тар­бия­ни, ҳаётга қарашни, илк сабоқларни оиладан олади. Йигит-қизларнинг онгини, мус­тақил тушунчасини бойитиш ишларини фақат таълим даргоҳларида олиб бориш билан чекланмаслик керак. Бу борада ота-оналарнинг ҳам ёрдами муҳим ўрин тутади. Биз нафақат мактаб ва коллежларга, балки оилаларга ҳам кириб боришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Аксана ХУШВАҚТОВА, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти илмий ходими:

— Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратишни истардим. Интернет бугунги кунда кучли ва шу билан бирга хатарли қуролга айланиб қолди. Турли видеороликларнинг тарқатилиши, фотосурат, мақола ва овозли хабарлар билан одамларнинг онгига таъсир ўтказиш усуллари одатий ҳолга айланди. Агар ҳозирги вақтда ёшларимизнинг катта қисми бўш вақтини турли ижтимоий тармоқлар, сайтларда ўтказаётганини ҳисобга олсак, муаммонинг қанчалик муҳим эканини англаш қийин эмас. Интернет шундай оламки, унда сонияларда саноқсиз ахборотлар жойлаштирилади. Уларнинг ичида инсонларни яхшиликка чорлайдигани ҳам, тубанликка бошлайдигани ҳам бор.

Сир эмаски, қанча ёшлар бир-бирлари билан интернет орқали пинҳона танишмоқда, бир-бирларини синамай, билмай дўстлашмоқда. Ачинарлиси, бирор марта ҳам кўрмаган суҳбатдошига ўзининг сирларини очмоқда. Бундай ёзишмалар интернет хотирасида узоқ вақтгача сақланади ва хоҳлаган вақтда бу сирлардан огоҳ бўлиш, керак бўлса ғараз мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Бугунги кунда юртимизда оддий мактаб ўқувчиси ҳам хорижий тилларни билади ва мулоқот қила олиш имкония­тига эга. Демак уларнинг ижтимоий тармоқлардаги буз­ғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Биз ҳар қандай шароитда ҳам таҳдидларга тайёр туришимиз, интернет оламидан ўзимизга керагини ола билишимиз лозим. Шу йўл билан тинчлигимизни сақлашга ҳисса қўшган бўламиз. Демак олдимизда турган муҳим вазифалардан бири, аввало, ёш авлодни интернетдан фойдаланиш саводхонлигини оширишимиз керак. Бу иш оиладан, бошланғич мактаб давриданоқ амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.    

Меҳриноз АББОСОВА, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети та­лабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

— Президентимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобини ўқиб, бугунги кунларга осонликча етиб келинмаганини чуқур англаб етдик.

Давлатимиз раҳбарининг, тинчлик учун кўрсатган жасоратини, бу замон ўз-ўзидан бўлмаганини шу китоб орқали билдим. Яқинда интернет орқали бир хабар тарқалди. Маълум бўлишича, АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» деган мавзуда тадқиқот ўтказилган. Унга кўра, юртимиз мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаган. Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, олиб борилаётган оқилона сиё­сат, халқимизнинг фидокорона меҳнати самарасидир.

Яқинда юртимизнинг бир гуруҳ ёшлари «Биз буюк юрт фарзандларимиз» шоири остида Бухорода бўлиб қайтишди. Тенгдошларим қатори мен ҳам у ерга бордим, биз кўп мулоқотларда бўлдик. Хўш, Ўзбекистон фарзандлари нима дейди? Улар ҳаётдан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ яшаяпти. Мана ғурур ва ифтихор бағишлайдиган энг муҳим нарса. Бундан кўнглим бир олам қувончга тўлди. Ана шундай юрт фарзанди эканлигимдан, ана шундай мустақил фикрли тенгдошларим борлигидан беҳад шодландим.

Оч-наҳорликда, кўча-кўйларда сарсон бўлиб юрган ёшлар камми бу дунёда? Биз уларни кўриб фикр қилишимиз, ўтаётган ҳар бир бахтли дақиқамизнинг қадрига етишимиз керак бўлади.

Юртбошимиз ҳар чиқишларида бизга катта ишонч билдиради. Кимларнинг авлоди эканимизни унутмаслигимизни таъкидлайди, маррани баланд олишимизни айтади, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни уқтиради.

 Давлат раҳбарининг бизга билдирган бу ишончи ҳар бир ёшни руҳлантириши, масъулият­ни ўз зиммасига олишга ундаши шубҳасиз, албатта. Боболаримиздан мерос қолган ана шу буюк тупроқни кўз-қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши керак. Бизни қўллаб-қувватловчи, эзгу мақсадларимизга қанот бўлгувчи мустақил, тинч ва осойишта Ватанимиз, халқимиз бор.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

Лазиза ШЕРОВА,

Бобур ЭЛМУРОДОВ

тайёрлади.

 



DB query error.
Please try later.