11.06.2015

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИДА

мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга

2014 йилда Давлат бюджетидан ижтимоий кўмакка муҳтож кексалар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ харажатларга 126,2 млрд. сўм маблағ ажратилиб, шундан кексалар ва ногиронлар учун санаторийлар ҳамда ногиронлар учун интернат-уйларини сақлашга 57,0 млрд. сўм, кичик ёшдаги ногирон болалар учун интернат-уйлар таъминотига 17,7 млрд. сўм, ногиронларнинг реабилитация марказлари таъминотига 10,7 млрд. сўм, ногиронларни ўқитиш ва иш билан таъминлаш харажатларига 8,6 млрд. сўм, уйда ижтимоий ёрдам хизмати харажатларига 19,9 млрд. сўм маблағ, қолган 12,3 млрд. сўм эса ижтимоий таъминот билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилган.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ҳамда 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси масалалари муҳокама этилган ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида юқоридаги ва бошқа маълумотлар тақдим этилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича Молия вазири ўринбосари ­Мубин Мирзаев ахборот берди.

Таъкидланишича, 2014 йилги иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор вазифаларининг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида ўсишнинг барқарор суръатларини, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, мамлакат иқтисодиётини модирназациялаш ва диверсификациялаш таъминланди.

2014 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,9 фоизга, чакана савдо ай­лан­маси 14,3 фоизга ошган. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлган (6,1 фоиз).

Давлат бюджетининг 2014 йилдаги харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 31 425,4 миллиард  сўмни ташкил этган.

Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 18 493,8  миллиард  сўм ёки умумий харажатларнинг 58,8  фоизи миқдорида маблағ ажратилган. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотига нисбатан 12,8  фоизни ташкил этади.

Ўтган йили аҳолининг реал даромадлари 10,2 фоизга ошган, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 23, 2 фоизга кўпайган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари минтақавий, тармоқ  дастурларининг амалга оширилиши натижасида 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури параметрлари муваффақиятли бажарилганини қайд этди. Хусусан, ўтган йили иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда очилгани ҳудудларда ижтимоий вазиятни барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

2015 йилнинг I чорагида ҳам юртимизда ялпи ички маҳсулот ўсган, шунингдек, саноат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми кўпайган.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­турини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг I чорагида 141 мингдан ортиқ, жумладан, қишлоқ жойларда 88 мингдан зиёд иш ўрни яратилгани бевосита ЎзХДП электорати манфаатлари ҳамда дастурий мақсадлари рўёбига хизмат қилади.

Саттор Раҳматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Фракциямиз Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари доимий эътиборда бўлаётганини қайд этади. Жумладан, соғлиқни сақлашни ривожлантириш ишлари изчил ва тизимли асосда давом эттирилаётганини муҳим деб билади ҳамда уни қўллаб-қувватлайди.

Агар таққосласак, соғлиқни сақлашга йўналтирилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошаётгани кўринади. 2014 йилда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга Давлат бюджетидан 4 507,2 миллиард сўм (ижтимоий соҳага ажратилган маблағнинг 24,4 фоизи) ёки 2013 йилга нисбатан 21,5 фоиз кўп маблағ сарфланган.

Аҳоли соғлиғини сақлаш, соғ­лом авлодни вояга етказиш учун шароит яратиб берилиши Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатларига тўла мосдир.

Аммо шуни ҳам айтиш керакки, жойларда қишлоқ врачлик пунктларини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, биноларнинг гигиеник қоидаларга мослик даражаси, малакали мутахассислар масалаларида камчиликлар ҳамон учраб турибди. Яқинда сайловчилар билан бўлган учрашувларда ҳам ҳудудларда шу муаммолар кўтарилди. Биз, албатта, бу борада ўзимизга муҳим йўналишларни белгилаб олдик. Тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг ҳам бу масалаларга янада эътиборли бўлишини сўраймиз.

Йиғилишда, шунингдек, ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига ажратилган маблағларни мақсадли йўналтириш, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадларини шакллантириш, уларни самарали сарф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Таълим муассасалари, хусусан, касб-ҳунар коллежларини ҳуқуқий  адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтириш, айрим ҳудудларда янги қурилган мактабларга жиҳозлар етказиб бериш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга ажратилган маблағларнинг мақсадли сарф этилиши ва бошқа қатор масалалар ўртага ташланди.

Давлат бюджети ижросида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулия­тини янада ошириш, молиявий интизомга риоя этилиши ҳамда Бюджет кодекси талаблари бажарилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ёқуб Умаров, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Маълумотда 2015 йил биринчи чорагида Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси даромадлари 511,5 млрд. сўм, харажатлари 421,2 млрд. сўмни ташкил қилгани келтирилган. Аммо шунга қарамай, ҳудудлардаги ички йўллар ҳамон талаб даражасида эмас. Аҳолидан бу борада тушаётган мурожаатлар камайгани йўқ. Мазкур муаммоларни бартараф этишда республика йўл жамғармаси қандай чора-тадбирларни белгилаган? Ажратилаётган маблағлардан фақат марказий йўллар учун эмас, балки ички йўллар таъминотида ҳам кенг фойдаланиш масалаларига эътибор кучайтирилса, аҳолининг нафақат кайфияти, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғулари ҳам юксалади.

Бунёд Эшонқулов, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– ЎзХДП Сайловолди дастурида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратилган. Табиийки, бу борада талай ишлар амалга оширилмоқда. Лекин камчиликлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч ўйлаб кўряпмизми, янги қурилаётган ёки капитал таъмирланаётган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари биноларининг ҳаммаси ҳам талабга жавоб беряптими? Очиғи, бунга тўла ишонч билан «ҳа» деган жавобни бериш қийин. Чунки бугун бюджет ва қурилиш ташкилотларининг айримлари қурилиш жараёнида зарур талабларни ҳисобга олмаяпти. Масалан, баъзи ўқув бинолари иситиш тизимларида муаммолар бор. Синфхоналар поллари ҳам тахтадан эмас, бош­қа хом ашёлардан ишланмоқда. Бу эса болаларимизнинг соғ­лиғига зарар етказмай қолмайди. Хўш, фарзандларимизнинг соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган бу масалаларда назорат ўрнатилганми? Шу ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришимиз керак, назаримда.

ЎзХДП фракцияси Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида»ги ахборотларини маъқуллаб, тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.