11.06.2015

ТАРИХ — ФАОЛИЯТИМИЗ ХАЗИНАСИ, ЎТМИШ ГУВОҲИ,

бугунги кун учун ибрат ва ўгит, келажак учун огоҳлантиришдир

Бизнинг халқимизда «Илм билан шуғулланиш — игна билан қудуқ қазиш билан баробар» деган мақол бор. Ана шу игна билан қудуқ қазиётганлар бор бўлсин. Бундай сабр-тоқат билан меҳнат қилаётган инсонлар қалбида буюк даҳолар меросини бутун дунёга намоён этиш истаги шунчалик кучлики, ҳеч шубҳасиз, бундай даҳоларсиз инсоният равнақ топа олмайди.

 

Ислом Каримовнинг  «Ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқидан.

 

Тарихни ўрганиш энг аввало, қадимий ёдгорликларни тадқиқ этишдан бошланади. Замин қарида яшириниб ётган сир-синоатларни очиш, инсоният ўтмишини кашф этишда археолог олимлар муҳим ўрин тутади. Ана шундай инсонлардан бири Самарқанд давлат университетида узоқ йиллар фаолият кўрсатган, доцент илмий унвонига эга бўлган, меҳнат фахрийси Неъмат Тошкенбоевдир. У бутун ҳаётини Ўзбекистоннинг қадимги тарихини ўрганишга бағишлади. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда игна билан қудуқ қазиди.

Бўлғуси олим Самарқанд давлат университети тарих факультетини имтиёзли диплом билан битирди. СамДУнинг умумий тарих кафедрасида таниқли археолог олим Д.Лев илмий раҳбарлигида изланишлар олиб борди.

Олим илмий фаолиятини Зарафшон воҳаси қадимги тош даври жамоалари моддий маданиятини атрофлича ўрганишдан бошлади. У Яҳё Ғуломов каби олимлар билан бамаслаҳат ишлади. Экс­педицияларда иштирок этди. Бу эса, унинг археолог сифатида шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

ЎзР ФА археология институти ва Афросиёбдаги музей бинолари қурилишида фаол қатнашди. Академик Яҳё Ғуломов раҳбарлигида Афросиёб шаҳарчасида олиб борилган археологик қазишма ишларида иштирок этди. Бу эса олимнинг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан шаклланишида муҳим ўрин тутди.

Неъмат Тошкенбоев ўн йилга яқин Самарқанд тарихи музейи директори лавозимида меҳнат қилди. Ишдан ажралмаган ҳолда Зарафшон воҳаси бўйича ташкил этилган палеолит гуруҳининг раҳбари сифатида қатор янги маконларни топишга эришди.

Хусусан, ўрта палеолитга оид Қўтирбулоқ, Зирабулоқ, сўнгги палеолитга мансуб Сиобча ва Хўжаманзил маконларидан шу даврга оид материаллар, кулолчилик буюмлари топилди. Бу ерларда олиб борилган тадқиқотлар ҳозирги кунда ҳам ўз илмий моҳиятини йўқотмаган.

Олим ана шу каби илмий изланишлар асосида Зарафшон воҳаси палеолит даври тадқиқотига бағишланган номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Мазкур илмий иш таниқли мутахассислар томонидан юксак баҳоланди.

У Қўтирбулоқ маконини ўрганиб, тош қуролларининг босқичма-босқич ривожланишидаги эволюцияни таҳлил қилди. Бу ердан топилган тош индустрия ва ҳайвонот олами қолдиқлари, Зарафшон водийси плестоцен даврида табиий ва иқлим жаҳатидан одамзод яшаши ва маданият ривожланиши учун қулай экологик муҳит бўлгани, табиий жиҳатдан бу ерда кескин ўзгаришлар содир бўлмаганлигини илмий жиҳатдан асослаб берди.

Унинг фанга киритган салмоқли  янгиликларидан яна бири — бу мустъер даври макони Зирабулоқ ҳисобланади. Ушбу манзил Қўтирбулоқ маконидан 1 километр шарқдаги шу ном билан аталадиган чашма атрофида жойлашган бўлиб, олим томонидан икки йил давомида ўрганилган. Унинг шарқ томонида милодий IX-XI асрларга оид қаср бўлиб, унинг атрофи қалин пахса девор билан ўралгани аниқланди.

Неъмат Тошкенбоев томонидан тадқиқ этилган Омонқўтон, Такаликсой, Гўрдара маконларидан топилган археологик манбаларнинг гувоҳлик беришича, Зарафшон ҳавзасининг юқори тоғ бағри музофотларида бир неча сайёҳ овчилар ўзларининг мавсумий маконларида яшаб, овчилик билан тирикчилик қилишган. Топилма — тош буюмларининг ясалиш шакл-шамойилларига қараганда, бу гуруҳлар Қўтирбулоқ, Зирабулоқ, Тешиктош, Обираҳмат ғорлари ва уларнинг атрофларида яшаган жамоалар билан ўзаро алоқалар ўрнатган деган тахмин илмий истеъмолга киритилди.

Олим томонидан кашф қилинган яна бир қизиқарли ёдгорлик сўнгги палеолит даврига тегишли бўлиб, фанда Хўжаманзил номи билан аталади. У Самарқанд шаҳридан 35 км ғарбий-шарқ томонда, Туркистон тоғ тизмасининг ғарбий этакларида жойлашган Килдон қишлоғи яқинида, Хўжаманзил деган жойдаги қадимги чашма атрофида жойлашгандир. Бу ерда ҳам олим томонидан қазиш ишлари олиб борилган. Мазкур макондан 250 дан кўпроқ тош буюмлар топилган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги палеолит даврига оид меҳнат қуроллари эди. Бу топилмаларнинг аксарияти бирламчи ҳолда сақланган маъдан қатлами билан боғлиқ бўлиб, унинг айрим жойларида қизил бўёқ (охра) ва гулхан излари борлиги кузатилган.

Неъмат Тошкенбоев ўзининг ярим асрдан кўпроқ илмий изланишлари, кенг қамровли археологик тадқиқотлари натижаси «Зарафшон воҳасининг қадимги тош даври маданияти», Тошкент воҳаси археологиясига бағишланган «Қадимги чорвоқ» ҳамда польшалик археологлар билан ҳамкорликда инглиз тилида чоп этилган «Қўтирбулоқ манзилгоҳи» каби монографиялар ҳамда 200га яқин илмий, илмий-оммабоп, мақолалар, ўқув қўланмалари нашр эттирди. Шунингдек, дунё­нинг етакчи илмий марказларида ўтказилган халқ­аро анжуманларда бир неча бор тош даври археологиясига бағишланган маърузалари билан қатнашди. Археологик манбалар асосида кўргазмалар ташкил этди.

— Самарқандда «Ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида халқаро конференция ўтказилиши биз олимларнинг кўксимизни яна бир қадар кўтарди. Ватанимизнинг бой тарихини бутун дунё билишини, тан олишини, ўрганишини, эътироф этишини, улуғ аждодларимизни дунё илм-фанидаги тарихий ўрни тўғри баҳоланишини ич-ичмиздан истардик, — дейди Неъмат Тошкенбоев. — Мустақиллик туфайли орзуларимиз ижобат бўлди. Илм-фан, таълим ва бошқа барча соҳалар юксалди. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди. Фарзандларимиз, набира, эвараларимиз бахтли, саодатли ҳаёт кечирмоқда. Юртимиз тинч. Барчаси учун яратганга шукр қиламан. 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинганлиги кўнглимизни тоғдай кўтарди. Мамлакатимизда кексалар тажрибаси билан ёшлар шижоати бирлашиб, юртимиз янада обод бўлади. Буларнинг барчаси учун Президентимизга раҳмат...   

Шу ўринда улуғ испан адиби Сервантеснинг, тарих — фаолиятимиз хазинаси, ўтмиш гувоҳи, бугунги кун учун ибрат ва ўгит, келажак учун огоҳлантиришдир, деган сўзлари ёдимизга тушади. Дар­ҳақиқат, тарихни билмаган киши ҳар қадамда хатога йўл қўяди, ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқнинг эса келажаги йўқдир.

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.