11.06.2015

Х «ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ»

халқаро мусиқа фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида Самарқандда X «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Кеча ушбу нуфузли мусиқа форумига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

— «Шарқ тароналари фестивалини бу йил янада юқори савияда ўтказиш борасидаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган, — дейди фестиваль ижрочи директори Тўрабек Маҳмудов. — Фестиваль иштирокчиларини Тошкентда кутиб олиш, уларни «Афросиёб» тезюрар поездида Самарқандга етказиш масалалари бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди. Дастлабки иштирокчилар 22 августдан Тошкентга кела бошлайди. Уларнинг пойтахтимиздаги вақтини мазмунли ўтказиш борасида ҳам тадбирлар ишлаб чиққанмиз.

Фестивалда иштирок этиш истагини билдирганлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасидан энг яхшиларини танлаш осон кечгани йўқ. Сабаби, бири-биридан маҳоратли санъаткорлар кўп.

— «Шарқ тароналари» халқ­аро мусиқа фестивалининг нуфузи ошиб бораётганини иштирокчилар сони ва геогра­фия­си кенгайиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин, — дейди фестиваль матбуот хизмати раҳбари Сафар Остонов. — Бу фестиваль нафақат Шарқ мамлакатлари, балки бугунга келиб, дунё санъаткорларининг меҳри ва эътиборини қозонди. Бунинг асосий сабабларидан бири миллий куй ва қўшиқлар қадрланаётган бўл­са, иккинчиси ҳозирги нотинч замонда мазкур фес­тиваль дунёнинг кўплаб мамлакатлари вакилларини бирлаштириб, дўстликка, тинчликка хизмат қилаётганидадир.

Самарқандга фестиваль жараёнини ёритишга борадиган журналистлар 20 июлга қадар зарур анкетани тўлдириб, ташкилий қўмитага топшириши лозим. Фестивални энг фаол ёритган ОАВ ходимлари фестиваль матбуот маркази мукофотлари билан тақдирланади.

— «Шарқ тароналари» фестивали доирасида ўтказиладиган илмий конференцияда жаҳон мусиқа санъатидаги ютуқ ва камчиликлар, бўлаётган ўзгаришлар ҳамда янгиликлар муҳокама этилади, — дейди фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган илмий-назарий анжуман раҳбари Рустам Абдуллаев. — Бу йилги илмий конференция «Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги» мавзусига бағишланади. Бундай мавзунинг танланишига сабаб, тарихдан шарқ халқлари маданияти ва санъати бир-бирига яқин бўлган. Шарқ олимлари томонидан мусиқа илми ҳақида кўплаб китоблар ёзилган. Устоз-шогирд анъаналарига ҳам айнан шарқда асос солинган. Хал­қаро анжуманда айнан шу масалалар муҳокама қилинади, мавжуд муаммолар ўртага ташланади, уларга биргаликда ечим изланади. Жорий йилда бўлиб ўтадиган конференцияда 15 давлатдан 20 дан ортиқ мусиқашунос олим қатнашиши кутилмоқда.

— 2014 йил октябрь ойида Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар орқали давлатларга таклифномалар жўнатганмиз, — дейди фестиваль халқ­аро бўлими раҳбари Ширин Каримова. — Юздан ортиқ давлатлардан фестивалда иштирок этиш истаги билдирилган хатлар олдик. Натижада махсус комиссия улар томонидан жўнатилган дискларни кўриб чиқди. Танлаб олинган 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари фес­тивалда қатнашиши кутилмоқда. Еттита давлатдан эса санъаткорлар биринчи марта иштирок этиш истагини билдирган. Булар Маврики, Уганда, Бутан, Коста-Рика, Мали, Перу ва Эквадор каби давлатлар вакилларидир. Бу йил фестиваль ўнинчи бор ўтказилади. Шу сабабли ўзига хос юбилей фестивалига кўп­лаб фахрий меҳмонлар қатнашиши режалаштирилмоқда...

— Танловни баҳолаш учун халқаро ҳайъат шакллантирилди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳайъат аъзоси Муножот Йўлчиева. —Тўққизта давлатдан ҳайъат аъзолари келади. Баҳолашда миллийлик, юксак ижро маҳорати, овоз диапазони ва саҳна маданияти асосий мезон ҳисобланади. Биз билмайдиган маданиятлар, ўзига хос ижро услубига эга элатлар дунёда жуда кўп. Барча иштирокчилар маҳорати холис баҳоланади. Профессионал чиқишлар, профессионал ижро беэътибор қолмайди, албатта...

Матбуот анжуманида, шунингдек, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси масъул котиби Алишер Икромов, халқ шоири, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси Бош муҳаррири Сирожиддин Саййид фестивалга тайёргарлик ишларини муносиб ёритиш бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Самарқандда Х «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик ишлари ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда олиб борилмоқда. Регис­тон майдонидаги саҳнада олдинги тажрибалардан келиб чиқиб, санъаткорлар ва томошабинлар учун янада қулай шароит яратилади. Қадимий Самарқанд­да олиб борилаётган кенг кў­ламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида шаҳар аҳолиси ҳам фаол иштирок этмоқда. Фестивални ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш юзасидан вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланган.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.