Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
09.06.2015

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ

ҳеч кимдан кам эмасликлари ва кам бўлмасликларини амалда намоён этишмоқда

Нигоҳларида ўктамлик, қалб­ларида эзгу орзулари бўлган йигит-қизларни бир мақсад атрофида бирлаштирди

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Жиззах вилоят кенгаши ҳамкорлигида ёшлар форуми ўтказилди. Унда мамлакат келажаги бўлган ёшларнинг ўз имкониятлари, истеъдод ва қобилиятларини намоён этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида фикр алмашилди.

«Кўрик танлов – билимларимни янада мустаҳкамлади»

Лойиҳа доирасида «Ёш сиёсатчи – 2015» кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам ўтказилди. Унда танловнинг туман ва шаҳар бос­қичларида ғолиб бўлган 12 нафар йигит-қиз ўзаро беллашди. Ҳайъат аъзоларининг эътирофига кўра, Жиззах давлат педагогика инстититути 2-курс талабаси Суръат Исомиддинов фахрли биринчи ўринга муносиб кўрилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

«Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида»

Танловдан сўнг форум қатнашчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда ана шу лойиҳа бўйича электоратимиз вакиллари — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган ва ёлғиз кексаларнинг ҳол-аҳволидан хабар олдилар, уларга совға-саломлар улашишди.

— Болаларга раҳмат, — деди Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи ЎзХДП аъзоси, меҳнат фахрийси Холмат Юнусов. — Кексаларга ҳурмат ва эъзоз кўрсатаётган мана шундай ёшлар борлигидан қувондим. Ўзбекистондай жаннатмакон юртда тинчлик ва фаровонликда яшаётганимизнинг ўзи бахт эканлигини унутмаслигимиз керак. Шундай кунларга етказганига шукр қиламиз.

«Ёшларга оид қонунчилик ёшлар нигоҳида»

Вилоят маънавият-тарғибот марказида шу мавзуда ўтказилган давра суҳбати ҳам форум иштирокчиларида бир олам таассурот қолдирди.

— Мустақиллик йилларида юртимизда ёшларга оид кўплаб қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди, — деди форум қатнаш­чиси Арнасой туманидаги 22-умум­таълим мактаби ўқитувчиси ­Рустамбек Ҳамроев. — Уларнинг барчаси ёшларнинг иқтидор ва қобилиятларини намойиш этиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан қадрли ва эътиборлидир. Юртбошимиз айтганидек, Ўзбекистон ёшлари бугун ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда исботлаяпти.

«Коллежни тамомлаб, албатта ўз мутахассислигим бўйича ишлайман»

Маълумки, «Коллеждан — корхонага» лойиҳасининг амалга оширилиши касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Форумда ушбу лойиҳа доирасида Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежи битирувчилари «Жиззах плаcтекс» Ўзбекистон — Германия қўшма корхонасида бўлди. Улар нафақат вилоятда, балки мамлакатимиздаги пахта толасидан тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур замонавий корхонанинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

— Корхонанинг озода, файзли цехлари, бу ерда ишчи-хизматчилар учун яратилган қулай шароитлар менга жуда ҳам ёқди, — деди коллеж битирувчиси Лазиза Суннатова. — Иш жараёнлари компьютерлар ёрдамида бошқарилаётгани, уларни ўзимиз каби ёшлар назорат қилаётганини кўриб, коллежни битиргач, шу корхонага ишга келишни кўнглимга тугиб қўйдим.

Шу куни Лазиза сингари йигирма нафар коллеж битирувчиси билан корхона маъмурияти ўртасида шартнома имзоланди.

Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театри ва Мустақиллик майдонида вилоятдаги ёш санъаткорлар ижросида катта концерт дас­тури намойиш этилди. Ватан, истиқлол, ёшлик ҳақидаги куй-қўшиқлар,  рақслар иштирокчилар кайфиятини янада кўтарди.

Икки кун давом этган форумда 18 дан 30 ёшгача бўлган 1425 нафар ёш иштирок этди. Ҳар бир йигит-қизнинг нигоҳларида ўктамлик, қатъият ва эртанги кунга ишонч, шу юрт, шундай Ватан фарзанди эканларидан фахрланиш туйғулари барқ уриб турарди.

Гулноза Жўрамуродова, Жиззах шаҳридаги Сайилжойи академик лицейи ўқувчиси:

— Очиғи, форумнинг бу қадар мазмунли ва қизиқарли бўлишини тасаввур қилмагандим. Икки куннинг қандай ўтганини сезмай қолдим. Ўзим учун кўп фойдали нарсаларни олдим, билимларимни бойитдим. Юрт равнақи учун ҳали кўп ишлар қилишимиз зарурлигини англадим.

Азиза Аҳадова, вилоят телевиденияси ходими:

— Форум ажойиб ўтди. Дўстлар орт­тирдик. Унда иштирок этганимдан хурсандман. Келгусида ЎзХДП фаоли сифатида юртим равнақига ҳисса қўшиш ниятидаман...

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири,

Наргиза МАМАТМУРОДОВА,

«Истиқбол»  ёшлар қаноти Жиззах вилоят бўлими етакчиси.



DB query error.
Please try later.