06.06.2015

САЙЛОВЧИ КЎТАРГАН МАСАЛА

жавобсиз қолмаслиги зарур

Маълумки, жорий йил май ойининг охирги ҳафтасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сай­лов округларида сайловчилар билан учрашувла­ри бўлиб ўтди. Депутатларнинг қайд этишича, учрашувларда кўплаб муҳим ижтимоий масалалар кўтарилган, фикр-мулоҳазалар билдирилган. Бу таклифлар фракциянинг келгуси фаолияти йўналиш­ларини янада аниқ белгилаб олишда долзарб аҳамиятга эга бўлади.

Саттор РАҲМАТОВ, 119-Чироқчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғриси, олдинги чақириқ­даги учрашувларда сайловчилар асосан «Банк­дан неча фоиз­га кредит олиш мумкин?», «Менга моддий ёрдам керак, бунинг учун кимга мурожаат қилишим лозим?» «Кредит ўз вақтида қайтарилмаса нима бўлади?» каби саволларни кўпроқ беришарди. Бу галги учрашувлар эса бошқача тарзда ўтди. Сайловчилар қонунлардаги ўзгартишлар, янги қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сў­рашди. Масалан, учрашувлар чоғида «Электрон тижорат тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунларни шарҳлаб бердим. Бир сўз билан айт­ганда, сайловчиларнинг қо­нунчиликдан хабардорлиги, ҳуқуқий маданияти юксалаётгани учрашувларда яққол сезилди. 

Яна бир гап. Учрашувлар давомида сайловчилар асосан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, кўпчиликни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш бўйича мурожаат этишди. Очиғи, бу мени жуда қувонтирди. Нимага десангиз, бир кишининг муаммосини ҳал қилиб бериш бошқа-ю, катта бир ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммони ҳар томонлама чуқур ўрганиб, уни ҳал этиш бутунлай бош­қа масала. 

Чироқчи тумани «Эски анҳор» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги учрашувлардан бирида сайловчилар тоза ичимлик суви билан боғлиқ масалани кўтаришди. Маълум бўлишича, «Ободон» қишлоғидан шифобахш минерал сув чиққан. Фақат ундан фойдаланиш учун шароит етарли эмас экан.

Биз ўз сайлов округимизга борганимизда аҳоли мурожаатлари асосида жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳам чуқур ўргандик. Масалан, касб-ҳунар коллежлари фаолияти билан танишганимизда бир муаммо кузатилди. Гап шундаки, баъзи ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларида электр энер­гия­сида узилишлар бўляпти. Бу коллежларда таълим сифатига салбий таъсир этмоқда. Оқибатда ўқувчиларнинг дарс жараёнида компюьтердан, тикув машинасидан ҳамда касб ўргатувчи бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти чекланиб қолмоқда.

Биз депутатлар, ҳудудлардаги ислоҳотларга масъул кишилар, шунингдек, жойлардаги мутасадди раҳбарлар бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бугун сайловчилар ҳақ-ҳуқуқини яхши билади, нима тўғрию, нима нотўғрилигини чуқур тушунади. Сайловолди учрашувларида бунга яна бир бор амин бўлганмиз.

Ҳозир сайловчилар парламент ислоҳотлари ва уларнинг маъно-мазмуни ҳамда аҳамиятини тушунади, ўзлари сайлаган депутатдан фақат амалий ишлар кутади, керак бўлса, талаб қилишни ҳам билади. Шунинг учун сайловчилар кўтарган масалалар, саволлар эртага жавобсиз қолиб кетмаслиги зарур. Биз шунга астойдил интилишимиз керак.

Баҳромжон ОБИДЖОНОВ, 96-Олтиариқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Янги қабул қилинган қонунлар, айрим қонунларга киритилаётган ўзгартишлар ҳақида кўп савол-жавоблар бўлди. Биз фуқаролардан тушган мурожаатлар орасидан жойларнинг ўзида ҳал бўладиган ижтимоий масалаларни ажратиб олиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳал қилишни режалаштирган эдик. Шу боис сайлов округларида аҳолининг табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик аҳволи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг вақтида берилиши ҳамда тўлов терминаллари билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратдик. Учрашувларда ҳам айни масалалар бўйича кўплаб савол ва таклифлар тушди.

Масалан, Олтиариқ туман Марказий шифохонасидаги учрашувда касалхона ходимлари томонидан шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига тез ёрдам машиналарига эҳтиёж борлиги айтилди.

Боғдод тумани «Самарқанд» қишлоғидаги учрашувда сайловчи Мўътабар Тожиеванинг таъкидлашича, қишлоқ мактабида баскетбол майдончаси қурила бошланган, аммо қандайдир сабаблар билан охирига етказилмай қолган. Қурилиш ишлари давом эттирилиб, майдонча ишга туширилса, мактаб ўқувчиларининг спорт билан шуғулланиш имкониятлари кенгайган бўларди...

Умуман олганда, сайловчилар томонидан ижтимоий масалалар бўйича кўплаб таклифлар айтилди. Албатта, уларни ҳал этиш чораларини кўриш биз депутатларнинг асосий вазифамиз. Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, замон ривожлангани сари талаб ва эҳтиёжлар ҳам ўзгариб бораверади. Айниқса, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар чуқурлашиб бораётган, янгича мезон ва тартиб-қоидалар юзага келаётган даврда турли масалалар пайдо бўлиши табиий жараёндир. Шундай экан, ҳар биримиз қатъийлик кўрсатишимиз, тажрибамизни ошириб боришимиз, изланишдан тўхтамаслигимиз талаб этилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади. 



DB query error.
Please try later.