06.06.2015

СЕССИЯДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОР

албатта ижро этилиши керак

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси.

Жаҳон тажрибаси шуни тасдиқлайдики, кучли вакиллик ҳокимияти шаклланмасдан туриб, жамият ҳаётини демократлаштириш мумкин эмас. Чунки вакиллик ҳокимияти фуқаролар хоҳиш-иродасини ифода этадиган, уларни амалга ошириш имконига эга муҳим институт ҳисобланади.

Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда депутатлар фаоллигини кучайтириш давр талабига айланди. Бу борада уларнинг ҳуқуқлари, ваколатлари кенгайтирилди. Бундан самарали фойдаланиш учун, аввало, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлишимиз, одамларнинг кайфияти ва фикрини ўр­ганиб боришимиз керак, албатта.

Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос мураккаб жараён ҳисобланади.

Бирор масалани доимий комиссия ёки сессия кун тартибига киритиш учун аввал уни чуқур таҳлил этиш, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш керак. Шундан сўнг муаммога бевосита алоқадор ва масъул бўлган тегишли ташкилотларга сўров юбориш, унинг натижаларини умумлаштириш, керак пайтда уни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига олиб чиқиш зарур бўлади. Бу билан масала ҳал бўлди, деб ўйламаслик керак.

Сессия қарори ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш ҳам талаб этилади. Бу депутатларнинг фаоллигини янада ошириш билан бирга электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишда энг асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Тан олиш керак, айрим депутатларда «масалани ўргандим, таклиф ишлаб чиқдим, доимий комиссия, сессия муҳокамасига олиб чиқдим, бўлди, вазифамни бажардим», деган кайфият бўлади. Лекин бугунги замон талаби билан қарайдиган бўлсак, депутат фа­қат масалани кўтариб чиқиш, уни муҳокамага қўйиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Негаки, муайян масаланинг сессияда кўриб чиқилиши унга ечим топилди, дегани эмас. Чунки сессия қарори бўлишига қарамай, ўзига юклатилган вазифани бажармаётган корхона ва ташкилотлар ҳам бор. Шунинг учун ҳар бир масала, сессия қарори изчил назоратни талаб этади. Айтиш мумкинки, бу борада бизда етарлича тажриба тўпланган.

Олдинги чақириқдаги фаолиятимизда биз сессияга масала киритиш, депутатлик сўрови билан мурожаат қилиш имкониятларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилдик. Барча туманларда партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан сессиялар кун тартибига электорат манфаатлари билан боғлиқ қатор масалалар киритилди. Муҳими, ҳар бир кўтарилган масаланинг ҳал этилиши устидан қатъий ва изчил депутатлик назорати ўрнатилди.

Масалан, 2014 йилнинг апрель ойида Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи сессияга «Бухоро шаҳрида автотранс­порт ва пиёдалар ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш борасидаги муаммоларни ҳал этиш чоралари тўғрисида»ги масалани олиб чиқди. Сессия қабул қилган қарор, унда белгиланган вазифалар мутасадди идора-ташкилотлар томонидан ўз вақтида бажарилмади. Орадан бироз вақт ўтиб, ушбу масала яна сессияда кўриб чиқилди. Шу тариқа вилоят Кенгаши сессиясида қабул қилинган қарор ижроси бўйича идора-ташкилотларнинг масъулияти кучайтирилди. Натижада Бухоро шаҳридаги қатор йўналишдаги таксилар ҳаракати Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талабларига мувофиқ тарзда йўлга қўйилди. Ноқонуний ҳаракатланаётган таксилар фаолияти тўхтатилди. Ҳудудда 52 та янги оралиқ бекат қурилди, яна 102 та бекат қурилиши режага киритилди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи томонидан ўтган йили қатор муҳим масалалар устидан назорат ўрнатилди. Мактабгача таълим муассасалари фаолияти, шаҳардаги туғуруқ комплекслари аҳволи ўрганиб чиқилиб, бирин-кетин шаҳар Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритилди.

Боғчалар, мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ масала барча туманларда ЎзХДП гуруҳлари томонидан сессияларга олиб чиқилиб, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Сессия қарорлари устидан депутатлик назорати кучайтирилди.

Шу ўринда айтиш керакки, бирон муҳим масалани ўрганиш, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиб, муҳокама қилишдан мақсад кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш эмас, балки одамларни ўйлантириб келаётган муаммога  эътиборни кучайтириш ва уни ҳал этиш йўлларини биргаликда излашдан иборат. Бунинг аҳамияти, мазмун-моҳиятини депутатлар ҳам, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳам чуқур тушуниб етмоқда.

Бирон ҳудудда маълум соҳада муаммо юзага келса, бундан одамлар зиён кўрса, унинг масъулияти биринчилардан бўлиб ўша ҳудуд аҳолиси ишонч билдирган депутатлар зиммасига тушади. Шундай экан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларининг қарорларига масъулият билан ёндашилмоғи зарур, деб ўйлайман.

-      ЎзХДП ташкилотларининг ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган ишлари ҳақида нима дейиш мумкин? ЎзХДП ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга оширишда ижтимоий шерикчилик қандай аҳамиятга эга бўлаяпти? Партиямиз тизимида ижтимоий шерикчилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида қандай ишлар режалаштирилди?

-      Мазкур саволларга ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар БОБОХОНОВнинг жавобларини кутамиз.

-      Бу ҳақдаги мақола газетамизнинг жорий йил 11 июнь сонида чоп этилиши режалаштирилган. 



DB query error.
Please try later.