06.06.2015

ҲАР ГЎДАКНИ МЎЪЖИЗА ДЕБ БИЛИНГ, ҚУТҚАРИШИ МУМКИН ДУНЁНИ

Энг тоза кўз — боланинг кўзи, дейишади. Унда на ғубор, на ҳадик, на араз бор. Бу кўзларга фақат термулмоқ керак. Аслида ҳар биримиз бир вақтлар бола бўлганмиз. Ён-атрофимиздаги воқеалар, жумбоқлар ҳайратимизни оширган. Кўп савол бериб, катталарни қийнаганмиз. Бугун улғайиб, негадир ўша беғубор саволларга жавоб бергимиз келмайди.

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи. ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида «Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!» шиори остида ўтказилган маданий-маърифий тадбир болажонларни беҳад қувонтирди.

Кўркам боғнинг кенг саҳнаси болажонлар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум.

— Бугунги байрамга келган барча болаларнинг кўзида қувонч, самимият кўрдим, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев. — Албатта, фарзандларимиз келажагимиз бунёдкори. Юртимизда улар ҳар томонлама билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари учун барча шароит яратилган.

ЎзХДП ҳам ўз дастурий мақсадларида ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига доир қатор вазифаларни илгари суради. Чунончи, тиббий хизматларнинг сифатини ошириш, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган болалар истеъдодини юзага чиқариш, уларнинг сифатли ва мақбул таълим олишлари, спорт билан шуғулланишлари, ўз ташаббусларини ҳаётга татбиқ қилишларига амалий кўмак бериш каби муҳим вазифалар шулар жумласидандир. Ўйлайманки, бу кунни болажонлар узоқ вақтгача хотирасида сақлаб юради...

Бугунги кунда болаларга эътибор, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия­лаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, миллий қадрият ва урф-одатларни ёш авлод онгига сингдиришда ота-она, маҳалла, мактаб ҳамкорлиги муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур жараёнларда партия ташкилотлари ҳамда депутатларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, айниқса, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар фар­занд­лари ҳолидан хабар олиш муҳим аҳамиятга эга.

— Аслида фарзандларимизни, ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Уларга кўрсатилаётган  ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир, — дейди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов. – Шунинг учун ҳам уларни Ватанга садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол авлод, эртанги кун тараққиёти ва тақдирига муносиб ҳисса қўшадиган фарзандлар этиб тарбиялаш эзгу мақсадимиз,  инсоний бурчимиздир. Ушбу тадбирдан кўзлаганимиз ҳам ЎзХДП электорати бўлган – ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар фарзандларининг қалбига қувонч ва хурсандчилик улашиш, байрамона кайфият бағишлаш бўлди.

Рухшона Умаржонова, Учтепа туманидаги 251-мактабнинг 2-синф ўқувчиси:

— Бугун ойижоним билан байрамни нишонлашга келдик. Кўп қизиқарли томошаларни кўрдим. Тенгдошларим билан турли аттракционларда учдик. Суратга тушдик. Шундай байрамлар доим бўлишини хоҳлайман.

Лайло Холматова, Шайхонтоҳур туманидаги 102-мактабнинг 2-синф ўқувчиси:

— Бугун роса рақсга тушдим. Айтилган қўшиқлар менга жуда ёқди. Совғалар ҳам олдик...

Ушбу байрамни Чилонзор ­туманидаги 137-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Миржамол Қодиров ҳеч қачон унутмаса керак. Унга ўша куни замонавий ногиронлар аравачаси топширилди. Энди у бемалол сайр қилиши, дўстлари билан учрашиши, табиатдан баҳра олиши мумкин.

Тадбир давомида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тайёрланган совғалар кам таъминланган оилалар фарзандларига топширилди.

Кўнгли бир олам завққа тўлган болаларга термулиб, хаёлимиздан ёши улуғ кишиларимизнинг ўгити ўтди:

Шундай болалар бор — олов каби шўх, шундай болалар бор — чўғ сингари яширин. Иккисини ҳам кучли шамолдан асрамоқ керак...

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири,

Феруза НАБИЕВА,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ходими.



DB query error.
Please try later.