06.06.2015

ТЕАТРГА КИЧКИНА САЁҲАТ

Ёки Алишер Навоий  номидаги давлат академик катта театри қачон мухлисларни ўз бағрига чорлайди?

Пойтахтимизнинг қоқ марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри ўзига хос меъморий ечими, салоҳияти, шарқона жозибаси билан кишини мафтун этади. Ўзбекистонга келган хорижий меҳмонлар бошқа тарихий обидалар қаторида, албатта, бу муҳташам кошонани томоша қилиб, завқ оладилар.

Маълумки, театрда 2012 йилдан буён таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Театр яқинига келиб кузатсангиз, иш қизғин кетаётганига гувоҳ бўласиз. Мана, бир гуруҳ қурувчилар йўлкаларни таъмирлаяпти, усталар кўтарма кранлар ёрдамида бино пештоқидаги ўймакорлик билан ишланган мармарларга жило беряпти. Яна бир томонда ганчкорлик санъати намуналари устидан латун маҳсулотидан тайёрланган олтин рангли қоплама ўрнатиляпти.

Театр бош муҳандиси Қобилжон Собиржоновни таъмир ишлари давом этаётган майдонда, қурувчилар билан ниманидир қизғин муҳокама қилаётган пайтда учратдик.

— Биз учун таъмирлаш сифати биринчи ўринда туради, — деди у. — Шунинг учун ҳар битта бажарилган ишни муҳокама қилиб, камчиликларни жойида бартараф этишга ҳаракат қиламиз.

— Нима ўзгаришлар, қандай янгиликлар бўляпти? — сўрайман бош муҳандисдан.

— Юринг, сиз учун кичкинагина саёҳат уюштирамиз, — деди у кулиб. — Чунки бажарилаётган ишларни ўз кўзи билан кўрган одамда тасаввур бошқача бўлади.

Мана буларни кўряпсизми? — деди бош муҳандис бинонинг тўқ жигарранг гранит қопланган пойдевор қисмини кўрсатиб. — Олдин ўрнатилган қопламалар тўкилиб, кўримсиз бўлгани учун уларнинг ҳаммасини алмаштириб, янгилаб чиқдик. Ганч-таъмирлаш ишларини «Ижод-юксалиш» масъулия­ти чекланган жамиятининг маҳоратли усталари бажаряпти.

— Таъмирлаш ишлари қачон якунланади, ҳар ҳолда, томошабинлар театр­ни соғиниб қолишди?

— Аввало шуни айтиш керакки, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачи, «Трест - 12» ҳиссадорлик жамияти умумий қурилиш бўйича бош пудратчи ҳисобланади. Саҳна, чироқ, товуш акустикаси жиҳозлари, кўтариб-тушириш ускуналарини ўрнатиб, ишга туширадиган асосий пудратчи — «Азия Денкрайзер» фирмаси. «Ташпромхолод» фирмаси совутиш ва театрнинг барча зал ҳамда фойеларига ҳаво узатиш тизимини ўрнатиш билан шуғулланяпти. Таъмирлаш ишлари бошланганидан буён 250-300 нафаргача қурувчи тинимсиз меҳнат қиляпти.

— Ишнинг охири кўриниб қолдими?..

— Асосий иш битган. Театр томидаги ёғоч тўсинлар ўрнига металлоконс­трукция ўрнатилиб, зангламайдиган тунука билан қоплаб чиқилди. Театр маъмурий-маиший биноси қурилиши академик Щусев лойиҳаси асосида Иккинчи жаҳон урушидан олдин бошланган. Уруш пайти тўхтатилиб, 1944 йил давом эттирилган. Бинонинг урушдан олдинги даврда қурилган қисми пойдеворига пишиқ ғишт терилган, 1944 йилдан қолган қисмига бетон пойдевор қуйилган. Биз ана шу ғишт терилган қисмини замонавий технология асосида бетон пойдевор билан мустаҳкамладик. 

Бош муҳандис билан театр­­нинг томоша залига кирамиз.

— Мана бу улкан қандилни кўряпсизми? — деди у. — Темир ўймакорлиги билан ишланган бу ноёб гулдор қандилга 200 та чироқ ўрнатилган. Театр залларидаги темир ва ганч ўймакорлиги асосида ишланган элликка яқин ана шундай бири-бирига ўхшамаган, ноёб катта-кичик қандиллар усталар томонидан қайта таъмирлаб чиқилди. Театр шифтлари таъмирланди, барча заллар янги паркет пол билан қопланди.

Москвадаги Акустика тад­қиқотлари институти мутахассислари тавсиясига биноан томоша залидаги ҳамма ўриндиқлар ўзгартириляпти, буюрт­ма бериб қўйилган.

Асосий ўзгариш саҳнада бўляпти. Илгари томоша давомида 5-6 нафар хизматчи саҳна декорацияларини ар­қон билан чиқариб-тушириб сарсон бўлишарди. Энди буларнинг ҳаммаси замонавий технология ва компьютер дас­турлари асосида амалга оширилади. Саҳна чироқларини қандай ёритиш, деко­рация­ларни чиқариб тушириш, саҳна рельефини ташкил қилиш — буларнинг ҳаммаси битта тугмачани босиш орқали ҳал қилинади.

Саҳна орқасига 2 метрга 14 метр узунликдаги кўтариб тушириладиган иккита платформа, ўрта қисмига 6 та бир квадрат метр сиғимдаги туйнуклар ўрнатилди. Буларнинг барчаси режиссёр фантазияси, томоша таъсирчанлиги учун қулайлик яратади.

Яна бир гапни айтмасам бўлмайди — оркестр ўтирадиган жойга ўрнатилган платформа концерт пайтида кўтарилиб, тугаганидан кейин тушади. Илгари бу саҳна ишлари металлоконструкция ёрдамида, қўл кучи билан бажариларди...

Томоша залида турибмиз, салқин шабада уфуряпти.

 — Тоза ҳаво тўлқинини сезяпсизми? — сўради бош муҳандис. — Олдинги ҳаво алмаштиргич ўтган асрнинг 70-йилларида ўрнатилган бўлиб, томоша залини зўрға таъминларди. Ҳозир унинг ўрнига Франциянинг «Siat» фирмаси ҳаво алмаштириш ускуналари ўрнатилди, бу театрнинг ҳамма хоналарини тоза ҳаво билан таъминлайди. Шу билан бирга энергия сарфи жуда тежамли. Янгидан ўт ўчириш, ёнғиндан хабар бериш тизими ўрнатилди.

Саёҳатимиз давом этиб, Ўзбекистоннинг машҳур меъморлари томонидан ганчкорлик, ўймакорлик, турли нафис нақши нигорлар билан ишлов берилган, ҳақиқий санъат кошонаси сифатида ҳар қандай одамнинг ақлини лол қолдирадиган, Тошкент, Фарғона, Самар­қанд, Бухоро, Термиз, Хива меъморчилик йўналишининг юксак намуналари акс этган залларини айланамиз. Уларнинг барчасида «Ижод-юксалиш» МЧЖнинг моҳир уста ва устазодалари бу нозик санъат намуналарининг тар­ҳини бузмасдан, жуда эҳтиётлик билан таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Бош муҳандис билан театрнинг маъмурий-маиший қисмига ўтамиз.

— Маъмурий бино хизматчилари, артистлар учун илгари атиги 250 ўринлик жой бор эди, ҳолбуки улар сони бундан икки баравардан кўпроқни ташкил қилади, — дейди суҳбатдошим. — Шунинг учун барча имкониятларга эга бўлган, 600 ўринга мўлжалланган жой қилинди, гримёркалар сони 30 тадан 43 тагача кўпайтирилиб, душхона қурилди, қўл ювиш жиҳозлари ўрнатилди.

— Театр артистлари ҳам таъмирлаш ишлари ниҳоясига етишини сабрсизлик билан кутаётган бўлса керак?

— Кутганда қандай! Ҳозир улар «Туркистон» саройида спектакллар беришяпти, — дейди Қобилжон Собиржонов. — Деярли ҳар куни улардан кимдир келиб қурилишдан хабар олади. «Қачон битади?» Ҳамманинг оғзида шу гап. Битиши билан қанот боғлаб, учиб келишади! Насиб бўлса, театр шу йилнинг сентябрь ойларига бориб, ўз мухлисларини бағрига чорлайди, деган умиддамиз...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.