04.06.2015

БУГУНГИ САЙЛОВЧИ

ўзи сайлаган депутат фаолиятини доим кузатиб туради

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг 25-30 май кунлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб қайтди. Мазкур юзма-юз мулоқотларда  мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти аҳолига кенг тушунтирилди. Сайловчилар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, тараққиёти билан боғлиқ кўплаб саволлар билан депутатларга мурожаат этишди. Шунингдек, жойларда қо­нунлар ижроси билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар ҳам тинг­ланди.

Хўш, парламент депутатлари бу учрашувлардан нима олди? Сайловчилар кўпроқ қандай масалаларда уларга мурожаат этди?

Комила КАРОМОВА, 122-Ғузор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Илгари сайловчилар депутатларга аксарият ҳолларда фақат ижтимоий-маиший, баъзан шахсий масалалар юзасидан муро­жаат қилишар эди. Аммо бу галги учрашувларда бундай ҳолатни деярли кузатмадим. Эндиликда сайловчилар депутатларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, ўз ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан боғлиқ жараёнларни гапиришди, жойлардаги муаммолар бўйича кўплаб саволлар беришди.

Ғузор тумани «Хўжагузар» маҳалласидаги учрашув пайтида сайловчи Нормамат Казаков чақалоқлар егулигини ўзимизда маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади. Бу бир томондан маҳсулотнинг арзон нархда бўлиши, иккинчи томондан эса ишлаб чиқариш кенгайишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Деҳқон­обод тумани Тоғайтемир қишлоғидаги учрашувлардан бирида сайловчи Парда Ҳакимов томонидан долзарб масала кўтарилди. Унда «Деҳ­қонобод — Хўжайипок» автомобиль йўлининг Тоғайтемир қишлоғи ҳудудидан ўтадиган 19-километрдаги чорраҳасини кенгайтириш лозим деган таклиф айтилди. Маълум бўлишича, бу ерда Саноат хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи бор. Шунинг учун чорраҳани кенгайтириб, коллежгача йўл ёқасидан пиёдалар йўлакчаси қуриш эҳтиёжи катта. Бу автотранспорт ҳайдовчилари учун, коллеж ўқувчилари учун қулай ва хавфсиз бўлиши сайловчилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Учрашув пайтида сайловчи Бойбўри Бозоров томонидан мазкур масалага алоқадор яна бир муҳим таклиф айтилди. Унинг айтишича, коллежга 12 та қишлоқдан ўқувчи қатнайди. Лекин Оқиртма, Қўнғирот қишлоқларида яшовчи ўқувчилар коллежга келиб-кетишга қийналишади. Шунинг учун «Деҳқонобод-Оқиртма», «Деҳқонобод-Қўнғирот» йўналишига жамоат транспорти қўйиш масаласини ўйлаб кўриш таклифини билдирди.

Учрашувлар давомида сайловчилар, хусусан, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганишга, улардан фикр олишга ҳаракат қилдим. Хулосам шуки, бугун одамларда жамият миқёсида фикрлаш кўникмаси мустаҳкамланиб боряпти. Демак, биз, депутатлар парламентдаги қонун ижодкорлиги ва ижросини назорат қилиш жараёнларида янада фаол бўлишимиз, депутатлик масъулиятига жуда чуқур ёндашмоғимиз зарур. 

Ёқуб УМАРОВ, 59-Пайариқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Учрашувлар давомида шунга яна бир бор амин бўлдимки, бугунги  одамлар кечагидан фарқ қилади. Уларнинг дунёқараши ўзгариб, юксалиб бораяпти. Буни мулоқотларда қонун ижодкорлиги билан боғлиқ долзарб масалаларда саволлар берилганидан ҳам билиш мумкин. Масалан, сайловчилар орасида Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятига қизиқувчилар кўп бўлди.

Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қатор таклифлар айтилди. Масалан, Пайариқ туманидаги учрашувлардан бирида сайловчи Карим Жалилов кам таъминланган оилаларнинг уй-жой учун ерга эгалик қилишларида уларга маълум имтиёзлар бериш кераклигини гапириб ўтди. Жомбой туманидаги Қангли қишлоғида ўтказилган учрашувда эса сайловчилар 14-умумтаълим мактабини кенгайтириш масаласини кў­тарди. Аҳолининг қайд этишича, мазкур мактабга Давлат дастури асосида 620 ўринли янги бино қуриб берилган. Ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, умуман, ҳамма бундан хурсанд. Аммо мактабда ўқувчилар сони кўплиги боис, муаммолар бўлаётгани ҳам айтиб ўтилди. Ана шу муаммони ҳисобга олган ҳолда мактаб учун синф хоналарини кўпайтириш масаласи ўртага ташланди. Бу таклифни барча сайловчилар қўллаб-қувватлашди.

Учрашувда, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида ҳам қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сайловчиларнинг фаоллиги бизга куч бағиш­лайди, қонун қабул қилиш, ижроси устидан назорат ўрнатиш жараёнларида янада масъулиятли бўлишга ундайди.

Албатта, электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ўрганиш, уларни ҳудудлар ривожи нуқтаи назаридан таҳлил қилиш осонликча бўладиган иш эмас. Бу йўлда ҳар хил ҳолатларга дуч келинади, вазиятлардан ўтишга тўғри келади. Лекин депутатнинг олдида ҳар доим одамлар ишончини оқлаш, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш вазифаси туради. Бунга масъулият билан ёндашсак, натижаси ижобий бўлади. Энг муҳими, муаммолар ҳал этилади, одамларнинг оғири енгил бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.