04.06.2015

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАСИ

аҳолини партия билан боғловчи муҳим воситага айланди

Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимидаги ҳар бир тузилма фаолияти, энг аввало, сайловчилар ва электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган. Буни Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин. Жойлардаги муаммоларни ўрганиб, ЎзХДП гуруҳлари, ҳамкор ташкилотлар ва давлат идоралари орқали ҳал этаётгани туфайли Жамоатчилик қабулхоналарига одамлар ишончи тобора ошиб бормоқда.

— Биргина апрель ойи давомида республикамиз бўйича барча Жамоатчилик қабулхоналарига турли масалалар бўйича электорат вакилларидан 749 мурожаат бўлди, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Фахриддин Йўлдошев. — Мурожаатларнинг асосий қисми коммунал, иш билан таъминлаш, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш, халқ таълими соҳалари ҳамда банкдан кредит олиш масалалари билан боғлиқдир. Бугунги кунда ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича мазкур соҳа мутасаддилари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Шунингдек, мурожаатларни ўрганиб ҳал этишда депутатлар ҳамда экспертларнинг имкониятларидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Бу эса электоратни ўйлантираётган масалалар ўз вақтида ижобий ҳал этилишида муҳим омил ҳисобланади.

Албатта, ҳаёт муаммосиз бўлмайди, орамизда алоҳида эътиборга муҳтож кишилар бор. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган, инсонлар доимий равишда муҳофаза қилиниши керак. Шу боис Жамоатчилик қабулхоналари электорат вакилларини ўйлантираётган ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратиши лозим.

— Вилоятимиздаги 21 та Жамоатчилик қабулхонасига апрель ойида тушган мурожаатларни ўрганиб чиқдик, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири Маъмура Хафизова. — Жами 72 мурожаат бўлган. Агар фоиз ҳисобида таҳлил этадиган бўлсак, мазкур мурожаатларнинг 74 фоизи ўзининг ижобий ечимини топган. Мурожаатларни ўрганиш, уларни ҳал этишда Олмалиқ, Бекобод, Пскент, Паркент, Чиноз, Юқори Чирчиқ туман партия кенгашлари, шунинг­дек, Чирчиқ ҳамда Ангрен шаҳар кенгашлари фаоллик кўрсатмоқда. Чунки мазкур партия ташкилотларида Жамоатчилик қабулхоналари иши тўғри йўлга қўйилган, аҳоли мурожаатларини ҳал этишда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан таш­қари пенсия жамғармаси туман бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

— Мурожаатларни ўрганиш билан бирга, уларни соҳалар бўйича таҳлил этаяпмиз, — дейди ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари Диёр Муродов. — Бу эса вилоятимизда қайси соҳаларда камчиликлар бор, қайси туманларда қандай йўналишларни ривожлантириш кераклигини белгилаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 14 та Жамоатчилик қабулхоналарига апрель ойида 42 та мурожаат бўлган, уларнинг 88 фоизи ижобий ечимини топган. Агар мурожаатларни соҳаларга ажратадиган бўлсак, вилоятимизда кўпроқ коммунал соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш лозимлиги ойдинлашади. Ана шу масалаларни партия ташкилотлари ҳамда депутатлари билан таҳлил этиб, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқиш режалаштирилган.

Албатта, бир қарашда Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти барча ҳудудларда намунали ташкил этилгандек кўринади. Аслида ундай эмас. ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлимининг таҳлилларига қарайдиган бўлсак, умумий манзара яққолроқ намоён бўлади.    

Айрим туман кенгашлари ­фаоллари, депутатлар Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти, электоратни ўйлантираётган ­муаммоларни ҳал этиш масаласига етарли даражада эътибор қаратмаяпти. Натижада ўша ҳудудларда аҳолининг партиямизга бўлган ишончи сусайиб кетмоқда. Биргина мисол. Апрель ойи давомида ЎзХДП Оққўрғон туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига бор-йўғи 2 та мурожаат бўлган. Ваҳоланки, ҳудудда аҳоли, айниқса, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар оз эмас. Демак, туман кенгаши Жамоатчилик қабулхонаси фаолиятини ривожлантиришга етарли эътибор бермаётир. Ана шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, бугун туман кенгаши фао­лиятига Жамоатчилик қабулхонаси ишига қараб баҳо берилса бўлади.

Андижон вилоятининг Булоқбоши, Шаҳрихон, Пахтаобод, Хўжаобод каби туман кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналари аҳолидан тушаётган мурожаатларни ўз вақтида бартараф этишда сусткашликка йўл қўймоқда. Шу боис апрель ойида вилоят бўйича тушган мурожаатларнинг 60 фоизигина ҳал этилган.

ЎзХДП Асака, Бўз, Балиқчи, Марҳамат, Қўрғонтепа туман кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналари ишини эса ижобий баҳолаш мумкин.  Масалан, Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Собирова мазкур туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига ногирон фарзанди учун 2 ёш­гача нафақа пулини олишда ­муаммога дуч келаётганини айтиб, ҳуқуқий ёрдам сўраган. Мурожаат халқ депутатлари туман Кенгаши депутати М.Абдусаматов томонидан ўрганилиб, ўз вақтида ҳал этилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Апрель ойида Жамоатчилик қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни ҳал этишдаги энг паст кўрсаткич Фарғона вилоятига тўғри келади. Шу давр мобайнида вилоятдаги мавжуд 19 та Жамоатчилик қабулхонасига жами 161 марта мурожаат бўлган. Уларнинг эса 37 фоизи ҳал этилган, холос. 

ЎзХДП Боғдод ва Қўштепа туман кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхонасига бирорта ҳам мурожаат тушмаганини қандай баҳолаш мумкин?..

Самарқанд вилоятида ҳам аҳвол мақтанарли даражада эмас. Вилоятда 17 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият олиб бораётган бўлса, апрель ойида 8 та туман ва шаҳар Кенгашларига мурожаат бўлган, холос. Қолган 9 та туман ва шаҳар Кенгашлари фаоллари бирорта ҳам мурожаатни кўриб чиқмаган.

Агар чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Жамоатчилик қабулхоналари партиямизнинг жамиятда нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтириш учун, аввало, уни тарғиб қилиш керак. Одамлар бу қанақа «қабулхона» эканини яхши билсин.

Иккинчи масала — партиямиз тизимидаги бу институт имкониятларидан самарали фойдаланишимиз, мурожаатларга ўз вақтида ечим топиб, аҳоли ишончини қозонишимиз лозим. Ана шунда мурожаатлар кўпаяди, одамларнинг партияга бўлган ишончи янада мустаҳкамланади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.  



DB query error.
Please try later.