04.06.2015

«МЕН ВАТАНИМ РАВНАҚИГА ҲИССА ҚЎШИШНИ ХОҲЛАЙМАН!»

Ўзбекистон Халқ демо­кратик ­пар­тияси «Истиқ­бол» ёшлар қанотининг «Ёш сиёсатчи-2015» кўрик-танлови Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятларда кўтаринки руҳда ўтмоқда.

«Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман!» кўрик-танловининг Бухоро вилоят босқичида иштирок этган Шоҳруз Собиров лойиҳасини тақдим этишдан аввал, тўғриси, қаттиқ ҳаяжонланди. Саҳнада бироз сукут сақлаб туриб қолди. Экранда «Қуёшли оила» ёзуви пайдо бЎлгач, кўпчилик учун кутилмаганда сўзини савол билан бошлади.

— Нега бу оламдаги барча болалар оилаларда вояга етмайди? Нима учун айрим ота-оналар жигарбандларини болалар уйига ташлаб кетади? — Шоҳрузнинг саволларидан ҳамма ҳушёр тортди. — Лойиҳамни тайёрлашда айнан шу саволларга ечим топишга уриндим. Ло­йиҳам меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини оилага тайёрлашга хизмат қилади. Унга кўра, болаларда меҳр-муҳаббат, оилапарварлик сингари олижаноб фазилатларни камол топтириш, оилани асраш тартиб-қоидаларига амал қилиш масалаларига эътибор қаратилган. Лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши уй бекаларини иш билан таъминлаш, улар учун меҳнат дафтарчалари юритилиши бўйича қўшимча имкониятлар яратади...

...Иштирокчилар шу тариқа турли йўналишлардаги лойиҳаларини тақдим этишди.

ЎзХДП дастурий мақсадларининг асоси бўлган ижтимоий ҳимояни кучайтириш масаласи уларнинг бош мавзуси бўлди.

«Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови ўсиб келаётган авлоднинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Ёшларда қонунларга ҳурмат туйғусини кучайтириш, рўй бераётган ўзгаришларга муносабатини шакллантириш ва ислоҳотларда иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам танловнинг асосий мақсади саналади.

Жорий йилда кўрик-танлов иштирокчилари сони вилоятда 600 нафардан ошди. Бухоро вилояти миқ­ёсида саралаб олинган 11 нафар иштирокчи республикада ўз ҳудуди шарафини ҳимоя қилиш учун беллашди. Қатнашчилар шаҳар ва туманларда мавжуд ижтимоий ­муаммолардан келиб чиқиб, турли мазмундаги лойиҳаларни тақдим этишди. Уларни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш мақсадлари бирлаштирди.

— «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг нуфузи ва кўлами кенга­йиб, унда қатнашиш истагини билдирган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Умурбек Бектемиров. — Бу эса янада кўпроқ иқтидорли йигит-қизларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳуқуқий ва сиёсий билимларини бойитиш имконини беради.

— Танлов доирасида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, бандлик масаласини ҳал этиш, фуқаролик позициясини мус­таҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши  раиси ўринбосари Шоҳиста Набиева.

— Бир неча бор мазкур танлов ва унинг шартлари билан танишиб чиқдим, — дейди иштирокчи Санжарбек Аслонов.

— Асли Ғиждувон туманиданман. Дастлаб, туманда янги иш ўринлари яратиш бўйича ўрганишлар олиб бордим ва Ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида — устачилик уюшмаси лойиҳасини ишлаб чиқдим. Маълум бўлишича, туманимизда 74 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг камида 20 тасида устачилик уюшмаси ташкил этиш имкони бор, бу қўшимча иш ўринлари очилишига хизмат қилади.

Кўрик-танловнинг иккинчи ва учинчи босқичларида иштирокчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари синовдан ўтказилди. Беллашув натижаларига кўра, Қоравулбозор тумани 2-сон академик лицей ўқувчиси Хуршида Обидова учинчи, Бухоро солиқ коллежи ўқувчиси Санжарбек Аслонов иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Энг яхши натижа ва юқори кўрсаткичлар билан мутлақ ғолибликни қўлга киритган Бухоро туман қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шоҳруз Собиров «Ёш сиёсатчи-2015» танловининг республика босқичига йўлланма олди. Шунингдек, яна бир нечта номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди.

Кўрик-танловнинг Сурхондарё вилоят босқичи Термиз шаҳридаги муҳташам «Ёшлар маркази»да бўлиб ўтди. Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши ва вилоят партия ташкилоти масъул ходимлари, депутатлар, ёшлар, фаоллар, сиёсатшунослар, экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Танловни ЎзХДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Чори Жумақулов очди ва иштирокчиларга омад тилади. Шундан кейин 14 нафар ёш партиядошимиз учта шарт бўйича ўзаро беллашди. Ёшларда фаол фуқаролик ­позициясини шакллантириш, ­Ўз­ХДПнинг Сайловолди ва Ҳаракат дастурларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш масалалари шартларда ўз ифодасини топди. 

— Бугун сафларимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 13 минг нафардан ортиқ ёш бирлашган, — дейди ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Суннатилло Бозорбоев. — Тенгдошларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида анжуман, семинар ва давра суҳбатлари мунтазам равишда ташкил этиляпти.  

Ёш сиёсатчиларнинг ҳар бир чиқишлари ҳакамлар томонидан одилона баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, Термиз тиббиёт коллежи ўқитувчиси Аббос ­Тоғаймуродов биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Ғолиб ва совриндорларга ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда вилоят ташкилотининг махсус диплом, эсдалик совғалари топширилди.  

Қарши шаҳридаги «Ёш­лар маркази»да «Ёш сиёсатчи-2015» кўрик-танловининг Қашқадарё вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўз билим-интилишларини турли йўналишлардаги лойиҳалар, савол-жавоблар орқали синовдан ўтказишди.

«Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Фаррух ­Холиқовнинг айтишича, қанотга саккиз мингдан ортиқ ёш бирлашган. Танловнинг дастлабки бос­қичларида кўплаб ёшлар иштирок этди. Уларнинг барчаси фаол, ўзига ишонадиган, эзгу ишларга қодир йигит-қизлардир.

Танловнинг вилоят босқичида 14 нафар ёш сиёсатчи беллашди. Танлов шартлари ва дастури анча мураккаб эди. Уларга кўра,  ҳар бир иштирокчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти, ёшларга оид қонунлар, ЎзХДПнинг мақсад ва ғоялари ҳақида фикр юритиши, ўзи танлаган мавзудаги лойиҳани тақдим этиши белгиланган. Қатнашчилар шартларни аъло даражада бажаришди. Ҳайъат аъзолари ёш сиёсатчиларнинг қобилияти, билими, тафаккури ва изланувчанлигига муносиб баҳо беришди.

Танловда Косон туманидан Лазиза Аллаёрова иккинчи, Шаҳрисабз туманидан Матлуба Ёрбобоева учинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин ва кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқи мубораклик Нодира Умировага  насиб этди.

Танлов якунида ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Назира Матёқубова сўз олиб, ёшлар тақдим этаётган лойиҳаларнинг аксарияти долзарб масалаларга бағишланганини алоҳида таъкидлади.

— Партия сафига кирганимга кўп бўлгани йўқ, — дейди Шаҳрисабз академик лицейи ўқи­тувчиси Матлуба Ёрбобоева. — Унинг ғоя ва мақсадларини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиляпман. Танловда ғалаба қозонмаган бўлсам-да, хафа эмасман. Кўплаб дўстлар орттирдим, ўргандим, билимимни мустаҳкамладим. Бундан жуда хурсанд­ман.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

Музаффар ТУРОПОВ,

Юнус УЗОҚОВ.



DB query error.
Please try later.