04.06.2015

ИНСОН МАНФААТИ ҲИМОЯСИ

бош масала

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда Адлия вазирлиги зиммасига ҳам улкан вазифалар юклатилган. Шу боис мухбиримиз вазирликнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Лазизжон Маҳмудов билан бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

— Аввало шуни айтиш керакки, ҳар қандай демократик мамлакатда қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инсон манфаатларига қаратилади, — дейди у. — Мамлакатимизда ҳам демократик ҳуқуқий давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида тизимли равишда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қонунчилигимизнинг изчил такомиллаштириб борилиши ўз-ўзидан инсон ҳуқуқлари тўла таъминланишига, хизмат қилмоқда.

Ўтган даврда мамлакатимизда биргина жиноят қонунчилигини ислоҳ қилиш бўйича катта қадамлар ташланди. Хусусан, жиноятлар таснифи қайта кўриб чиқилди. 75 фоизга яқин оғир ва ўта оғир жиноятлар жамият учун хавф туғдирмайдиган, унча оғир бўлмаган жиноятлар таркибига ўзгартирилди. 26 та жиноят таркиби бўйича озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чоралари олиб ташланди. Бағрикенглик ва кечиримли бўлиш каби миллий анъаналаримизни инобатга олиб, 53 та жиноят таркиби бўйича ярашув институти жорий қилинди. 2008 йилдан «Хабеас корпус» институти жорий қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санк­ция бериш ҳуқуқи прокурорлардан судларга ўтказилди. 

Ҳар қандай жиноят учун ўлим жазоси бекор қилинди. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди. Жазонинг мазкур тури эса мамлакатда аёлларга, 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир қилган шахсларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди. Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар бўйича Жиноят кодексига алоҳида норма киритилиб, етказилган зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мус­таҳкамлаб қўйилди.

Тизимли равишда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида Ўзбекис­тон жаҳонда озодликдан маҳрум қилинганларнинг энг кам кўрсатгичларидан бирига эришди. Охирги 10 йилда мамлакатда озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2 баробардан кўпга қисқарди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатда криминоген вазиятга ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказмоқда. Масалан, охирги йилларда 100 минг аҳолига нисбатан содир қилинаётган жиноятлар ўртача 300 тага тўғри келаётганлиги жиноятчилик кўрсатгичининг пасайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Яна бир асосий жиҳат, бу судларнинг мустақиллигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ислоҳотлардир. Мамлакатимизда суд тизими ижро этувчи ҳокимиятдан мустақил равишда ажратилди. Судлардан уларга тааллуқли бўлмаган функция, яъни суд қарорларини ижро этиш вазифаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментига юклатилди, Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг самарали демократик механизми яратилди. Юрист кадр­ларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг институтционал тизими яратилди. Судлар ихтисослаштирилиб, жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича судлар жорий қилинди. Фуқароларнинг судда ҳимояланиш кафолати мустаҳкамланиб, ишларни аппеляция ва кассация инстанцияларида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мазмун-моҳияти инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кафолатлашга қаратилган чора-тадбирларни ўзида мужассамлаштирмоқда.

— Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан Адлия вазирлиги зиммасига Конституция, қонунлар ва хал­қаро шартномаларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, улар ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан доимий равишда таҳлилий ишлар, ўрганишлар ҳамда мониторинглар олиб борилмоқда. Масалан, 2011 йилдан бошлаб 2015 йилнинг биринчи чораги давомида вазирлик томонидан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар ҳуқуқларининг ҳимоясига, шунингдек соғ­лиқни сақлаш, таълим ва пенсия таъминотига оид қонунчиликка риоя этилиши аҳволи таҳлил қилинди. Шу билан бирга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғ­лиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Давлат рақобат қўмитаси, Ўрта махсус, касб ҳунар таълими Маркази ва уларнинг ҳудудий тузилмаларида мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасидаги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши аҳволи ўрганилиб, бир қатор  қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Натижада 300 дан зиёд шахсга нисбатан интизомий чоралар кўрилди, 35 киши маъмурий жавобгарликка тортилди ва 25 киши эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, биргина 2015 йилнинг уч ойи давомида вазирлик томонидан инсон ҳуқуқлари йўналишида 859 та шикоят кўриб чиқилган бўлиб, шундан 291 таси, яъни 33 фоизи қаноатлантирилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш тўғрисида 188 тақдимнома киритилди. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 151 нафар шахсга нисбатан интизомий чоралар кўрилиб, 4 таси лавозимидан озод этилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш масаласида 170 огоҳнома киритилиб, 39 нафар айбдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Фуқаролар манфаатларини кўзлаб судларга 588 млн. сўмдан зиёд 341 даъво ариза киритилиб, шундан 394 млн. сўмдан зиёд 273 даъво ариза судлар томонидан тўлиқ қаноатлантирилди.

— Жойларда айрим раҳбарларнинг бюрократлиги ёки қонунга мувофиқ иш тутмаслиги оқибатида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш ҳоллари учраб туради. Бу кўпроқ қайси масалаларда кўринади?

— Вазирлик томонидан доимий равишда амалга ошириб келинаётган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки,  мурожаатларнинг 18,4 фоизи  ижтимоий ҳимояга доир қонун ҳужжатлари юзасидан, 10,4 фоизи меҳнат низолари юзасидан, 6,5 фоизи суд қарорларидан норозилиги хусусида, 6,3 фоизи уй-жойга оид низолар, 5,7 фоизи коммунал тўловларга оид, 7,9 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятига оид, 4,7 фоизи - суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилмаётганлиги масаласида, 2,3 фоизи банк фаолиятига оид. Қолганлари бошқа масалаларда.

Бу эса ўз-ўзидан мазкур соҳаларда муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатиб, соҳа вакилларидан фаолиятларини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатларига эътиборни кучайтириш, юридик хизмат фаолиятини яхшилашни талаб қилади. Чунки фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳар қандай эътиборсизлик фуқаронинг ҳуқуқлари бузилишига, қонунчиликка зид қарорларнинг қабул қилинишига олиб келади. Биргина 2015 йилнинг уч ойи давомида адлия органлари томонидан қонунчиликка зид бўлган 5 та ҳужжат бекор қилинганлиги ёки ижроси тўхтатилганлиги, корхона, муассаса ва ташкилотларда қонунларни яхши билмаслик ёки юридик хизмат фаолиятидан самарали фойдаланилмаётганлигини кўрсатади.

— Келтирилган мисолларнинг аксарияти раҳбарлар томонидан амалдаги қонунларга зид буйруқлар чиқарилиши билан боғлиқ. Хўш, бундай хатога йўл қўймаслик учун нима қилиш керак?

— Идораларда мансабдор шахс томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ҳуқуқ­шунос-юристлар томонидан экспертиза қилинмаслиги қонунчиликка зид бўлган қарорларнинг қабул қилинишига олиб келади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун идораларда юридик хизматни тўғри йўлга қўйиб, уларнинг фаолиятидан оқилона ва самарали фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу билан бирга, идораларда қонунчиликдаги охирги ўзгаришлар ва янгиликларни ўрганиш масаласига ҳам эътибор қаратиш лозим. Қонун талабларини етарли даражада билмаслик ёки қонунчиликдаги янгиликларни ўзлаштириб борилмаслиги ҳам амалиётда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилишига олиб келади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дас­тури» тўғрисидаги қарорида ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш, барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг қонунга ҳурмат билан муносабатда бўлишига эришиш, аҳолининг ҳуқу­қий саводхонлигини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигини таъминлаш, аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, илмий-оммабоп юридик адабиётлар нашр қилиниши ва тар­қатилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.

Юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг уч ойи давомида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида биргина Адлия вазирлиги ва унинг тизими томонидан 16 мингдан ортиқ ҳуқуқий тар­ғибот тадбирлари ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтганда, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқи ҳимоясини таъминлашда бош мезон ҳисобланади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ,

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.