02.06.2015

ДЕПУТАТ, БИРИНЧИ НАВБАТДА, САЙЛОВЧИЛАР ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг регламен­тига мувофиқ, депутатлар жорий йил 25-30 май кунлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб қайтди.

Депутатларнинг қайд этишича, учрашувларда давлат бош­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳам­­да нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаёт­ган кенг кўламли ишлар тўғ­рисида сайловчилар билан фикр алмашилди. Бундан таш­қари, аҳоли вакилларига 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қо­нун­ларнинг мазмун-моҳия­ти, муҳокама қилинаётган қо­нунлар лойиҳаларининг аҳа­мияти ҳа­қида ахборот берилди. Учрашувлар сайловчиларнинг фаол иштироки, қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов 11-Бўз сайлов округида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Депутат дастлаб Бўз туманидаги 26-ихтисослашган мактабда битирувчилар билан суҳбатлашди.

Мактабда 341 нафар ўқувчи таълим-тарбия оляпти. Шундан 43 нафар ўғил-қиз 9-синфни битириб, коллежларда ўқишни давом эттиришади. Учрашув пайтида ўқувчилар ўзбек, рус, инглиз, корейс тилларида «Болалар парламенти» қандай фаолият кўрсатаётгани ҳа­қида ҳикоя қилиб беришди. Ихтисослашган мактаб директори Галина Цой депутатга мазкур таълим даргоҳи фаолияти билан таништирди.

Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда кўплаб мусиқа ва санъат мактаблари қурилди. Бўз туманидаги 15-мусиқа ва санъат мактабида айни пайтда 153 нафар ўқувчи устозлари кўмагида санъат сирларини қунт қилиб ўрганмоқда. Бу маскандаги учрашувда ўқитувчилар, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этишди.

— Туманимиз иқтисодиёти, асосан, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ, — деди «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳмуджон Раҳмонов. Саноқли саноат корхоналари фаолият юрит­япти. Янги корхоналар очиш, чет эл инвестициясини жалб этиш борасида амалий ишлар қилиш вақти келди. Бу янги иш ўринлари яратилиши, қишлоқларда саноат ривожланиши, турмуш фаровонлиги яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнат фахрийси Тўхтахон Тешабоева туман марказидаги дам олиш масканини замон талаблари асосида қайта қуриш таклифини билдирди.

— Юртимиз тинчлиги — бебаҳо неъмат. Ҳар тонг фарзанд­ларимиз, набираларимиз ардоғида умргузаронлик қилаётганимиз учун яратганга шукроналар айтамиз, — дейди. —  «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи меҳнат фахрийси Каримахон Ғофурова. — Бугунги учрашувда ҳам бу ҳақда кўп фикрлар айтилди. Янги қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини билдик, ўзгаришлардан хабар топдик.

Ҳотамжон Кетмонов қўшни Улуғнор, Балиқчи туманларида ҳам сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Улуғнор туман тиббиёт бирлашмасидаги бошланғич партия ташкилоти фаоллари билан суҳбат қизғин кечди. Янги бун­ёд этилган маданият ва дам олиш марказидаги  учрашув кўтаринки руҳда ўтди.

— Сайловчиларнинг ишончини амалий ишлар билан оқлаймиз, — деди депутат. — Президентимиз «Депутат қайси пар­тия­га мансуб бўлмасин, биринчи навбатда, сайловчилар олдида, эл-юрт олдида жавоб беради», деганлари бизни доим фаол ва талабчан бўлишга даъват этади. Учрашувларда нуронийлар, ёшлар томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Жойлардаги муаммоларнинг ечимини топиш учун ҳаракат қилишимиз, сайловчиларнинг ишончини оқлашимиз керак. Сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар бизга катта масъулият юклайди, янада ғайрат-шижоат билан ишлашга ундайди.

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ

120-Шаҳрисабз сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза ­Эшматованинг туман марказий шифохонасида сайловчилар билан ўтказган учрашуви сайловчилар учун ҳам, депутат учун ҳам фойдали бўлди. Депутат дастлаб қабул қилинган қонунлар, парламентнинг қонун  ижодкорлиги фаолияти хусусида сўзлаб берди. Жумладан, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб берди.

Шундан сўнг қизғин савол-жавоблар бошланди. Сайловчилар ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича депутатга мурожаат қилишди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зокир Ашуров бундан анча йил олдин 4 қаватли 2 та бино қурила бошлангани, афсуски ҳозиргача чала ётгани, қурилиш ниҳоясига етказилса, марказий шифохонада янги имкониятлар яратилиши ҳақидаги масалани кўтарди. Депутат бу масалани батафсил ўрганиб чиқишини айтди.

Феруза Эшматова Шаҳрисабз шаҳрида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан бунёд этилган 48 хонадонга мўлжалланган 4 қаватли уйни фойдаланишга топшириш маросимида ҳам иштирок этди. Депутат бундан ташқари мактаб ҳамда академик лицейда ҳам сайловчилар билан учрашди.

— Қутчи қишлоғида ўтган учрашув, айниқса, эсда қоларли бўлди, — дейди Феруза Эшматова. — У ерда, аввало, 1-гуруҳ ногирони  Ғузор Маматовнинг ҳолидан хабар олдик. Ҳозир 65 ёшга кирган Ғузор ота анча йил хўжаликларда раҳбарлик қилган. Кейин касаба уюшмалари туман кенгашини бошқарган. Бир неча йил халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари бўлган. У киши менга «Эл-юртга чин дилдан хизмат қилинг, қизим!», деганларида юрагим тўлқинланиб кетди.

122-Ғузор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ­Комила ­Каромованинг сайловчилар билан учрашуви қизғин бошланди, кўплаб саволлар тушди, айрим муаммолар ўртага ташланди...

Дастлабки учрашув туман халқ таълими соҳасида меҳнат қилаётган ўқитувчилар билан бўлиб ўтди. Комила Каромова Қонунчилик палатасидаги фракциямиз фаолияти ҳақида тўхталди. Президентимизнинг парламент қўшма мажлисида қонунларни янада такомиллаштириш, уларнинг ижро механизмларини кучайтириш ҳақидаги фикр-мулоҳазалари парламент фаолиятига татбиқ этилаётганини қайд этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан меҳнат ва унинг муҳофазасига оид қонун ҳужжатлари тарғиботи ўтказилаётганининг аҳамияти, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг моҳияти чуқур шарҳлаб берилди.

Учрашувлар пайтида одамларнинг дунёқараши кенгайиб бораётганлиги яққол сезилди.

Масалан, тумандаги 18-умумтаълим мактаби директори Улаш Қодиров ҳудудда болалар боғчаси билан боғлиқ масалани кўтарди. Шунингдек, таълим сифатини янада ошириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш кераклиги ҳақида таклиф берди.

— Қонунчилик палатаси депутатининг биз билан учрашаётгани жуда муҳим, — деди «Хўжагузар» маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони ­Нормурод Казаков. — Ўғлим коллежни битирди, бироқ ҳали иш топа олмаяпти. Туман банд­ликка кўмаклашиш маркази вакиллари «Бўш ўрин топилса, хабар қиламиз», деб жавоб беришди. Назаримда, туманимизда касб-ҳунар коллежи битирувчилари банд­лигини таъминлаш борасидаги ишларни, айниқса, бунга масъул кишилар масъулиятини янада  кучайтириш керак.

— Бугун ҳар бир сайловчи ўзи сайлаган депутат орқали давлат бошқарувида иштирок этади, — дейди депутат Комила Каромова. — Бу галги учрашувлардан катта таассурот олдим. Сайловчилар кўтарган айрим масалаларни ҳал этиш бўйича депутатлик сўровлари юбораман. Чунки бугун сайловчи фақатгина ўзининг шахсий ҳаёти билан боғлиқ муаммони кўтармаяпти. Улар маҳалла, туман, умуман, кўпчиликни ўйлантираётган масалалар ҳақида таклиф билдирмоқда. Биз, депутатлар ваколатимиздан фойдаланиб, уларни, албатта, мутасадди ташкилотларга етказишимиз ижобий ҳал этишга эришишимиз лозим.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.