02.06.2015

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИДА

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда ёлғиз кексалар ва ногиронларга профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш» лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда қўшимча ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хизмат кўрсатишнинг комплекс тизими шакллантирилган. Ҳар йили давлат бюджети ҳисобидан 100 мингдан ортиқ имконияти чекланган фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Ижтимоий хизматлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Халқ таълими, Соғ­лиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар вазирликлари ва ҳокимиятлар тизимидаги 700 муассасада амалга оширилади. Айни пайтда ушбу хизматларни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан тизимлаштириш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий асослари, принцип ва механизмларини такомиллаштириш зарурати мавжуд. Ушбу Қонун лойиҳаси ҳам шу мақсадда ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳада давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа масъул идора ва хизматларнинг ваколатлари, мажбуриятларига оид меъёрлар назарда тутилган. Мазкур ҳужжат лойиҳаси ягона интерактив хизматлар портали – www.my.gov.uz да ҳам муҳокама учун жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган. Порталда лойиҳани мукаммалаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар бериш имконияти яратилган.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.