30.05.2015

УЧРАШУВЛАР ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАР, ТАКЛИФЛАРГА БОЙ ТАРЗДА ЎТДИ

— Сайловдан бери беш ой вақт ўтди. Бугун сизлар билан депутат сифатида учрашиб турганимдан хурсанд­ман. Мамла­катимиз парламентида сизларнинг вакилингиз сифатида фаолият юритиш мен учун катта шараф. Шу билан бирга зиммамдаги масъулият қанчалик улкан эканини ҳам ҳис этяпман, ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан...

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ

30 — Дўстлик сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайхо Акромова Мирзачўл туманидаги сайловчилар билан учрашувни шу тарзда бошлади.

Сўнгра депутат ЎзХДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, қонун ижодкорлиги, амалдаги қонунлар ижросини таъминлаш, парламент ва жамоатчилик назорати, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари билан Олий Мажлис қуйи палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигини кучайтириш, фуқароларга яратилаётган имкониятлар ҳамда улардан оқилона фойдаланиш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Учрашувда туманда истиқомат қилаётган 45 минг нафардан ортиқ аҳолининг 26 минг нафарга яқини ижтимоий фаол, яъни меҳнатга лаёқатли экани, вақтинча ишсиз кишиларнинг бандлигини таъминлаш, ҳудудда янги иш ўринлари яратиш долзарб масала бўлиб тургани таъкидланди. Қилинаётган амалий ва эзгу ишлар алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, бугунги кунда туманда режалаштирилган айрим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муаммолар ҳам юзага келаётгани, натижада қўшимча иш ўринлари яратиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар кутилганидай натижаларни бермаётганига ҳам эътибор қаратилди.

Мирзачўл туман ҳокими Мирзасултон Бобобеков учрашувда бандлик ва аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш масалалари бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, туманда ҳар йили кўплаб иш ўринлари яратиляпти. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида 1147 та иш ўрни очилиши мўлжалланган. Ҳокимнинг айтишича, туманда аҳоли, биринчи навбатда, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Тумандаги 3 касб-ҳунар коллежини бу йил 540 нафарга яқин йигит-қиз битириб чиқади. Уларни мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш зарур. Ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган битирувчиларга имтиёзли кредитлар ажратиш, ёшлар тадбиркорлик билан самарали шуғулланиши, ҳаётда ўз йўлини топиши учун уларга ҳар томонлама кўмаклашиш долзарб масала бўлиб турибди.

Учрашувда сайловчилар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мақсуда Шукурова, Мирзачўл қишлоқ ҳўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси:

— Бу йил коллежимизни 220 нафардан ортиқ тенгдошим битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади. Иш жойларимиз та­йин. Масалан, Аббос Жўраев деган тенгдошимиз банк­дан кредит олиб, хусусий фирма ташкил этяпти ва яна 10 нафар тенгдошимизни иш билан таъминлаяпти. Дугонам Вазира Ҳабибуллаева эса «Менинг бизнес ғоям» танловининг вилоят босқичида ғолиб чиқиб, республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Ўзим тикувчилик цехи очишни режалаштирганман.

Мавлуда Саматова, «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли:

— Маҳалламизни ҳар доим юртимизнинг бир парчаси, дейман. Шу мўъжазгина заминда бўлаётган ўзгаришлар, обод­лик ва бунёдкорликлардан кўнглингиз яйрайди. Тадбиркорлик, касаначилик ривожланяпти. Турмушимиз тобора фаровонлашиб бораяпти, қадриятларимиз қадр топаяпти. Шу ўринда бир мулоҳазам бор. Тадбиркор бўламан деганларга ­Пре­­зи­дентимиз, ҳукуматимиз томонидан кўпдан-кўп имкониятлар берилаяпти-ю, бироқ айрим ҳолларда бу имкониятлардан фойдаланиш чоғида ишлайман деган одамларнинг шаштини қайтарадиган, кайфиятни туширадиган тўсиқларга ҳам дуч келиб қолаяпмиз. Яқинда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг яна бир муҳим фармони қабул қилинди. Қонун ижодкорлиги, депутатлик ва парламент назорати ўрнатиш жараёнларида ҳам масалага эътиборни кучайтириш лозим...

Санобар Бобобекова, Мирзачўл туман ФҲДЁ бўлими мудираси:

— Юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имконият, шарт-шароитлар беқиёс. Ёш оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Лекин оила қургач, билиб-билмай хато қилаётган, тақдир йўлларида адашиб, ажрашаётган ёшлар ҳам учраб турибди. Оила қураётган ёшлар мустақил ҳаётга, оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши керак. Шунинг учун ёш оилалар, ота-оналар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарур. ЎзХДП ташкилотлари ва депутатларга шу масалада ҳамкорликни изчил йўлга қўйишни таклиф қиламан.

Бундай учрашувлар вилоятнинг Фориш, Арнасой, Дўстлик туманларида ҳам бўлиб ўтди. Уларда партиямиздан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар иштирок этди.

САМАРҚАНД  ВИЛОЯТИ

Булунғур педагогика ва спорт касб-ҳунар коллежида ташкил этилган учрашувда 52-Булунғур сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сахобиддин Арзиқулов ўтган даврдаги ­фаолияти ҳақида қисқача ахборот берди.

—  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишида депутат қайси партияга мансуб бўлмасин, биринчи навбатда, сайловчилар олдида, эл-юрт олдида жавоб бериши алоҳида таъкидланган эди, — деди депутат. — Демак, зиммамизда масъулият катта. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳаётдаги ўзгаришлар эса ана шу масъулиятни янада оширмоқда.

Айтиш керакки, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, халқимиз манфаатларига хизмат қилмоқда. Тадқиқотларга қараганда, бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоизи совитгич, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозлари, 63 фоизи кир ювиш, ярмидан кўпи компьютер, чангюткич, микротўлқинли печларга эга. Деярли ҳар икки оиладан бирида ўзимизда ишлаб чиқарилган транспорт воситаси мавжуд. Аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатининг бу тарзда изчил ошиб бораётганини иқтисодиётимизнинг жадал ва мутаносиб ривожланиши билан изоҳлаш мумкин.

Депутат аҳолининг уй-жой шароитлари тубдан яхшиланиб бораётгани, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жой қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши, мазкур дастур доирасида ўтган 2014 йилда 11 мингта янги турар-жой барпо этилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, парламент томонидан қабул қилинган бир қатор қонунлар мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг сайловчилар ўзларини ўйлантираётган кўплаб масалалар бўйича депутатга мурожаат қилишди.

«Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Товбаев болалар спортини янада ривожлантириш ҳақидаги таклифини ўртага ташлади.

— Спортнинг кўп турларига қизиқаман, — деди у. — Ҳовлимда каттагина бассейн бор. Спорт анжомлари ҳам бор. Улардан қишлоқ болалари фойдаланишлари мумкин. Лекин уй спортини йўлга қўйиш масаласи ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланса, шу ҳақда ўйлаб қўрилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

«Оқтепа» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда ҳам бир қатор масалалар бўйича мурожаатлар бўлди.

— Қўшни қишлоқда мактабимизнинг филиали бор. Унда 55 нафар бошланғич синф ўқувчилари таълим олади, — деди сайловчи Бувисара Одилова. — Аммо филиал биноси талабга жавоб бермайди. Мазкур филиал учун янги бино ва спорт майдончаси қурилса, фарзандларимиз таълим олишлари, спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар янада яхшиланган бўларди.

Депутат Сахобиддин Арзиқулов «Чангалпоён чашмаси» фермер хўжалигида ҳам бўлиб, сайловчилар мурожаатларида кўтарилган масалаларни белгилаб олди. Саволларга жавоб берди.

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ

Юзма-юз мулоқотлар вилоятнинг Денов ва Олтинсой туманларида ҳам ташкил этилди. Партия фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, корхона, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган учрашувларда 74-Денов сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Мирзаев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.

— Партиямизнинг Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий-иқтисодий йўналишлардаги қатор вазифаларни амалга ошириш, сайловчилар, электорат вакилларининг ишончини оқлаш бизга катта масъулият юклайди, — дейди депутат. — Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқида ҳам депутатлар олдида муҳим вазифалар турганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида депутатларнинг сайловчилар билан ишлаши, парламент фаолиятини тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётига етарлича эътибор бериш, қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлаш, қонун ҳужжатлари муҳокамасига жамоатчилик, фуқаролик институтлари вакилларини кенг жалб қилиш зарурлиги қайд этилди. Биз сайловчилар билан учрашувларни ана шу мезон ва талаблар асосида ўтказишга, расмий маъруза билан чекланмасдан, одамлардан кўпроқ фикр олишга, қонун ижодкорлиги, қонунлар ижроси масалаларида уларнинг муносабати ва кайфиятини билишга эътибор қарат­япмиз.

Очиқ-ошкора ва самимий руҳда ўтган учрашувда аҳолини қийнаётган масалалар ўртага ташланди.

— Ҳудудимизда 3 минг 900 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди Денов туманидаги «Чим» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП аъзоси Нормамат Қаюмов. — Истиқлол йилларида барча жойларда бўлгани каби бизнинг мўъжаз масканимизда ҳам ўнлаб маиший ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари бунёд этилди. Бир қанча савдо объект­лари ишлаб турибди. Бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳудудимизга кўрк қўшиш билан бирга, халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Лекин ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, маҳалладошларимиз 5-6 километр олисда жойлашган «Жаматак»даги қишлоқ врачлик пунктига боришга мажбур бўлишмоқда. Бу қийинчиликларни юзага келтиряпти. Янги қишлоқ врачлик пункти барпо этиш ўз-ўзидан, қисқа вақт­да бўладиган жараён эмас, албатта. Биз буни тушунамиз. Агар шу масала ижобий ҳал этилса, қишлоқ аҳлига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланса, жуда мамнун бўлардик.

Мустақил ҳаётга қадам қўяётган битирувчиларга банклар томонидан берилаётган кредитларнинг фоизи ва уларга қўлланилаётган солиқ имтиёзлари бўйича депутатлик назорати изчил йўлга қўйилиши керак, — дейди Денов туманидаги 28-умумтаълим мактаби директори Бўриқул ­Мелиқулов. — Чунки бу борада айрим ҳолларда муаммо ва англашилмовчиликлар келиб чиқмоқда. Уларнинг ҳал қилиниши янги иш ўринлари кўпа­йиши ва бандлик масаласи янада самарали ҳал этилишига шароит яратади.

...Олтинсой иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ташкил этилган учрашув ҳам таассуротларга, фикр-мулоҳазаларга бой бўлди. Сайловчилар томонидан қатор ижтимоий масалаларда таклифлар илгари сурилди.

— Қишлоғимиз туман марказидан 20 километр олисда жойлашган, — дейди «Вахшивор» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП аъзоси Хўшбоқ Жумаев. — Тоғлардаги 7 та маҳаллада 21 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бетакрор табиатимизга ҳар бир кишининг ҳаваси келиши тайин. Жаннатмонанд масканда наботот дунёсининг ноёб турлари учрайди. Уларни асраб-авайлаш, келгуси авлодга етказиш муқаддас бурчимиздир. Афсуски, сўнгги йилларда унга зиён етказилмоқда. Кўп асрлик манзарали дарахтлар ва кам учрайдиган арчалар айрим кимсалар томонидан кесиб кетилаяпти. Муаммо зудлик билан бартараф этилмаса, келгусида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин...

— Эл саломатлигини асраш — миллат келажагининг мустаҳкам пойдевори, — деди ­Олтинсой иқтисодиёт ва касб-ҳунар коллежи директори вазифасини бажарувчи Ўктам Мирзаев. — Соҳанинг ислоҳ қилиниши натижасида кўплаб ютуқлар қўлга киритилганидан хурсандмиз. Айниқса, бу йил Кексаларни эъзозлаш йили бўлгани, ёши улуғ кишиларнинг соғ­лиғи мус­таҳкамланаётгани нафақат кекса авлод вакиллари, балки ҳар биримизни қувонтирмоқда. Пиру бадавлат инсонлар яқин маслаҳатгўйимиз бўлиши баробарида таянч ва суянчимиз ҳамдир. Мамлакатимизда қа­рия­ларга кўрсатилаётган бу юксак эътибор ортида қандай маъно-мақсад борлиги ҳақида ёшларга кўпроқ тушунча беришимиз лозим, деб ўйлайман.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан ҳар бир учрашуви самимий суҳбатлар, фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.   

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.