28.05.2015

ҚАРЗ БЕРИШ ВА ОЛИШНИНГ ҒАРОЙИБ УСУЛИ

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу воқеалар эртак эмас, ҳақиқат, шу кунларда бўлган ҳангомалар. Улардан айримлари эҳтимол баҳс­ли-мунозаралидир, аммо барибир кишини ўйга толдиради, қаттиқ текширув ва холис юридик баҳони талаб этади.

...2004 йил июнь ойида «Юлдаш Собирхўжа ўғли» фермер хўжалиги иш юритувчиси Света Собирова буғдойдан бўшаган ерларга шоли экиш учун маблағга муҳтож бўлиб қолади. Кредит олай деса, вақт кам, шу боис ҳам­қишлоғи, кўпчиликка фоиз ҳисобига қарз бериб юрувчи Шавкат Хайтбоевдан ёрдам сўрашга қарор қилади. У эса, ҳозир нақд пули йўқлиги, хоҳласа шоли бериши мумкинлигини айтади. С.Собирова қараса, шолининг сифати паст, кимдир олган қарзи ҳисобига ташлаб кетган кўринади. Чунки, Ш.Хайтбоев қарз бериб, ўрнига шоли олишини ҳам биларди. Шу боис «шолини тегирмондан чиқариб баҳолайлик, қанча бўлса, пулини берасиз», дейди. Шолининг пули 800 минг сўм бўлади.

Аммо ўша йили сув танқис келиб, шоли экилмай қолади. С.Собирова сентябрь ойида Ш.Хайтбоев билан учрашиб, қарзни кейинги мавсумда қайтарадиган бўлади. Лекин Хайт­боев ҳар томонлама пишиқ ўйлаб ва устунлик ўзи томонида эканидан фойдаланиб, пул эмас, шоли олдим, деб тилхат берасан, дейди. «Ноиложликдан шоли олдим, ­ноябрь ойида устамаси билан 17 тонна қилиб қайтараман, деб тилхат ёзиб бердим. Бунинг устига унинг талаби билан тилхат ёзилган санани 2004 йил 11 июнь, деб кўрсатдим, — дейди С.Собирова. — Лекин унга айтдим, имкони борича шоли мавсумига қолдирмай қарзингизни узишга ҳаракат қиламан, дедим. Чунки Навоий вилоятига вақтинча ишга кетгандим».

С.Собированинг айтишича, қарз сўраш, пул олиш ва тилхат ёзиш жараёнида Ш.Хайтбоев билан унинг хотини М.Маҳмудова биргаликда иштирок этган. Аслини олганда, қарзни С.Собировага унинг хотини қўли билан санаб берган. С.Собирова ваъдага биноан мавсумга бормай, уч марта, жами бир ярим миллион сўм(800 минг ўрнига) пулни Ш.Хайтбоев иштирокида М.Маҳмудовага бериб, қарзини узади. М.Маҳмудова унинг кўз ўнгида тилхатни йиртиб ташлайди.

2006 йили май ойининг охирида эса Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлар­аро судининг сиртдан чиқарган қарори билан даъвогарлар — М.Маҳмудова ва Ш.Хайтбоевнинг даъво аризасига кўра, жавобгарлар — С.Собирова ва Ю.Собировдан (Светанинг отаси) Ш.Хайтбоев фойдасига 17 тонна шоли учун 10 миллион 200 минг сўм ва 300 минг сўм давлат божи ундириш белгиланади. Бу суд С.Собирова ва Ю.Собиров иштирокисиз ўтади. Улар суд қароридан суд ижрочилари келгач, хабар топишади. «Мен Навоий вилоятида юрганимдан фойдаланиб, мени судга чақирмай, отамдан пул ундирмоқчи бўлиб, бу ишни ўйлаб топишган. Ваҳоланки, қарз олишда отам қатнашмаган, тилхат бермаган», дейди С.Собирова.

Ана шундан сўнг, оворагарчилик бошланади. Биринчидан, С.Собированинг суд ишига тикилган тилхати асли эмас, нусхаси эди. Иккинчидан, бу ишда иштирок этмаган 80 ёшли отаси ҳам жавобгар қилиняпти... Қанча асаб, вақт кетказилиб, 2011 йил 23 майда «ҳал қилув» қарори билан Ю.Собиров жавобгарликдан чиқарилади. Лекин бу сафар суд қарори билан С.Собирова тўлайдиган қарз 16 миллион 450 минг сўм қилиб белгиланди. Чунки ўтган даврда шолининг нархи кўтарилган эди.

С.Собирова фермер хўжалигини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари очиш учун тайёрлаган лойиҳалари, банк­дан кредит олиш учун тайёрлаган бизнес режалари бир четда қолиб, судма-суд югура бошлади.

Суд ишида жавобгарни ҳайрон қолдирган яна бир «ҳужжат» бор эди. У қарз олгани ҳақидаги тилхатининг нусхасидан ташқари унинг номидан ёзилган яна бир тилхат қаердан пайдо бўлганини тушунмасди. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлар­аро, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди апелляция ҳайъа­ти, раёсати бу ишни кўриб, қонуний баҳо беришга ҳаракат қилди. Шу жараёнда Хадича Сулаймонова номидаги РИТКМ суд-хатшунослик экс­пертизасининг 2011 йил 14 июнда берган хулосасига кўра, «Мен 11 июнь куни Хайт­боев Шавкатдан ноябрь ойи­да бериш шарти билан 17 тонна шоли олдим. Агар шу кўрсатилган шолини қайтариб беролмасам, суд орқали ундирилишга розиман...» деган тилхат С.Собирова томонидан ёзилмагани аниқланган.

Қаранг, суд ишида иккита тилхат бор: бири асли эмас, нусхаси. С.Собированинг фикрича, Ш.Хайтбоев маълум бир мақсадни кўзлаб, тилхатни йиртиб ташлашдан олдин нусха кўчириб қўйган. Иккинчи тилхат эса С.Собировага тегишли эмас, уни кимдир маълум мақсадни кўзлаб, унинг номидан ёзган. Энди савол туғилади: ҳар иккала тилхат ҳам юридик кучга эга бўлмаса, суд нега С.Собировани жавобгар қиляпти? Йиртиб ташланган тилхатнинг нусхасини судга тақдим этган, С.Собирова номидан қалбаки тилхат ёзиб, судга топширган ким ўзи? Қонун бўйича унга жазо кўрилиши керак эмасми? Масаланинг бу томони нега эътиборсиз қолдириляпти?..  

Шу саволга ойдинлик киритиш учун яна айрим мисолларга мурожаат қилишга тўғри келади. Ш.Хайтбоев билан «қарз олди-бердиси» бўйича судлашиб юрганлар бир ёки икки-уч киши эмас, балки кўпроқ. Уларнинг бири — Ғайрат Қодиров. Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлар­аро суди 2011 йил 6 январь куни чиқарган «ҳал қилув қарори»да кўрсатилишича, Ғ.Қодиров 2009 йил 18 ­февралда Ш.Хайтбоевдан 2 632 000 сўмни бир ой ичида қайтариб бериш шарти билан олган. 2008 йил 18 февралда 2010 йил май ойида ҳам қайтариб бериш шарти билан 20 миллион сўм қарз олганмиш. Қизиқ, бир йил муқаддам 20 миллион қарз олиб, уни қайтармаган одамга Ш.Хайтбоев роппа-роса бир йилдан сўнг яна қарз бериши мантиққа тўғри келадими?..

Ғ.Қодиров шундай дейди: «2009 йил 18 февралдаги қарзимни устамаси билан гувоҳлар олдида тўладим. Лекин, тўлаганимдан сўнг Ш.Хайтбоев тилхат ёзиб беришдан бош тортди. 2010-2011 йилларда мазкур қарз фоизлари ҳисобига унинг 2 бош ғунажини ва 3 бош ҳўкизини боқиб бердим... Лекин Ш.Хайт­боев иккинчи тилхатни қандай қўрқитиб ёздириб олдиргани ҳа­қида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганман».

Яна бир жабрдийданинг гапига қулоқ солайлик: «Мен Мурот Нураддинов, фермер хўжалигимни юргизиш учун 2010 йилда Ш.Хайтбоевдан 2 500 000 сўм қарз олдим, аммо тилхатга 3 500 000 сўм олдим, деб ёзиб бердим. Сабаби, Шавкат қарз бераётганида гаровга мол-мулк қўймасанг, қарзни устама билан ёздиради. Мен тилхат ёзиб берганимдан сўнг унинг молларини қарз устамаси ҳисобига боқиб бериш учун оғзаки шарт­нома туздим. Шу шартномага кўра, уч йил давомида унинг жами 7 бош молини боқиб бердим. Мен боққан моллардан бир бошини кўз ўнгимда тўрт ярим миллион сўмга сотди. Лекин ҳали ҳамон ўша тилхатни қайтариб бермасдан алдаб юрибди...»

Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг Исмоил Холметовдан Ш.Хайтбоев фойдасига 17 миллион 200 минг сўм ундириш ҳақида яна бир қарори мавжуд.

И.Холметов: «Шавкат Хайтбоевни 2000 йилдан буён танийман, чунки у бизлар яшайдиган ҳудудда солиқ инспектори бўлиб ишларди. Шу вақт­ларда мен ҳам бир неча марта ундан қарз олганман ва устама фоизи билан қайтарганман. У қарз­га пул берган вақтида ҳар доим тилхат талаб қилган, қарзни қайтарган вақтимизда эса «Тилхатни ўзим йиртиб ташлайман, ҳисоблашдик, бемалол кетавер», дерди. Ўзаро ишончга асосланиб олди-берди қилганмиз. 2010 йил 4 августда ҳам ундан бир ярим миллион сўм қарз олганман. Аммо тилхатда 3 миллион пул олганим тўғрисида кўрсатганман. Чунки, Ш.Хайтбоев шуни талаб қилган. Тилхат гаров сифатида турарди...»

И.Холматовнинг айтишича, қарз августда олинади ва ноябрда қайтарилади, аммо тилхат қайтарилмайди. Бунинг устига 2011 йил 13 январда Ш.Хайтбоевдан яна икки ярим миллион сўм қарз олади. ­Қарзни бу гал 7 фоиз устама билан берилади ва «гаров сифатида» 6 миллион сўмга тилхат ёздириб олади. Келишилгани бўйича И.Холметов қарз­ни август ойида қайтариши керак эди. Аммо, қарзни қайтариш вақтида ўртада келишмовчилик чиқади, бу вақтга келиб, устама ўн фоизга кўтарилади. Икки ўртада низо чиққач, Ш.Хайтбоев тилхатни қайтариб беришдан бош тортади ва жавобгарни судга беради.

И.Холметов фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлар­аро судига чақирилади. Бу ёғини жабрдийданинг ўзидан эшитинг: «Ҳали суд залига кирмасимиздан олдин Ш.Хайт­боев менга бир миллион устама фоизни берсангиз, даъвомдан кечаман, деди. Мен унга ишондим. Қўлидаги суд чақирув қоғози орқасига у мендан бир миллион сўм олгани ҳақида тилхат ёзиб берди. Унга ишониб, айтган пулини бериб, уйга қайтиб кетдим. Кейинчалик суднинг қарори келгач, у мени чув туширганини билиб қолдим. Суд менинг иштирокимсиз бўлиб, мендан 9 341 853 сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган экан. Бу ҳали ҳолва эди. Ҳаммаси суд ижрочилари келгач бошланди...»

Қарзни ундириш учун келган суд ижрочилари ёнида Ш.Хайтбоев яна бир бора «одамгарчилик» қилмоқчи бўлади. Яъни, тўққиз миллион сўм қарз ўрнига 2 600 000 сўм қарз олганлиги ҳақида нотариал шартнома тузишни таклиф қилади. «Қарзи» уч карра камайганидан қувонган И.Холметов бу шартга кўнади. Икки ўртада 2 600 000 сўм қарз олди-бердиси ҳақида нотариал шартнома тузилади. Натижада яна қарз олган бўлиб, қармоққа илинади. 

Табиий савол туғилади: Шавкат Хайтбоев ким ўзи? Даромад манбаи нимадан иборат? Неча йиллардан буён устама ҳақи билан фуқароларга қарз бериш орқали даромад олаётган «тадбиркор»ми? Шу кунгача Гурлан туманидаги бир гуруҳ фермер хўжалиги эгалари, оддий фуқаролар ундан ёзма тилхат орқали қарз олиб, сўнгра йиллаб судма-суд юришга мажбур бўлишмоқда. Қарз олувчиларнинг, эҳтимол, бири алдамчи, фирибгар бўлар, бири судга ёлғон кўрсатма берар. Аммо, уларнинг ҳаммаси фирибгар бўлишига ишониш қийин. Улар орасида бир вақтлар жамоа хўжалигига раислик қилган, элда таниқли, эътиборли шахс­лар бор. Олий маълумотли, каттами-кичик фермер хўжалигини юргизиб, эл-юрт учун меҳнат қилаётган фермерлар бор.

Ким кимлигини билиш учун яна бир мисолга эътибор қаратайлик.

Мамлакатимизнинг энг нуфузли идораларидан бирида 2010 йил 16 августда рўйхатга олинган ариза бор. Бу аризани Хайтбоев Шавкатнинг отаси, Гурлан тумани «Хизир эли» кўчаси, 33-уйда яшовчи Маҳмуд Хайтбоев «ёзган». Аризачи ўғли Шавкат Хайтбоев саргардон бўлиб юргани, унинг арз-додини ҳеч ким эшитмаётгани, текширган ходимлар ҳам аризага виждонан ёндашмай, қўл учида текшириб, кимларнингдир туҳмат гапларига ишониб келишаётгани, ўғли Олий суд эшиги олдида кунлаб ўтиргани, уни ҳеч ким қабул қилмагани... ҳақида жуда куюниб «ёзган». Нега шу ўринда ёзган сўзини қўш­тирноққа оляпмиз. Сабаби, Шавкат Хайтбоевнинг отаси Маҳмуд Хайтбоев 2004 йилда дунёдан ўтиб кетган-да. Бу хатни ким ёзибдийкин, дерсиз. Албатта, «жабрдийда» Шавкат Хайтбоевнинг ўзида! Бунга ким шубҳаланса, марҳамат, қўлимизда бу хатнинг нусхаси бор. Уни Шавкат Хайтбоев ҳуснихати билан солиштириб кўрсангиз, экспертизадан ўтказиш ҳам шарт эмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. ­Аризачиларнинг айтишича, Ш.Хайтбоев бировларнинг устидан турли идораларга шикоятлар ёзиш билан ҳам танилган...

Юқоридаги ҳолатларда ким ҳақ, ким ноҳақлиги ҳа­қидаги сўровимизга энди ғира-шира бўлса-да, ойдинлик оралади, деб ўйлаймиз. Бизнингча, бу воқеалар жиддий таҳлил этилиб, принципиал ва қонуний баҳоланиши зарур.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.