28.05.2015

БОЖХОНА ИШИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

янада мустаҳкамланмоқда

Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Хусусан, депутатлар янги таҳрирдаги Ўзбекис­тон Республикаси Божхона кодексининг лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш лозим, даставвал Божхона кодекси лойиҳаси масъул қўмиталарда ва сиёсий партиялар фракцияларида депутатлар, Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари ва экспертлар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишларда депутатлар сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида умум­қабул қилинган бизнес юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини татбиқ қилиш ва шу асосда республика иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини изчил таъминлаб бориш бўйича кенг миқёсли чоралар кўрилаётганини эътироф этди.

Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган Божхона кодекси иқтисодиётнинг барча соҳа  ва тармоқларида иқтисодий ислоҳотларни янада либераллаштириш ва чуқурлаштириш йўналишидаги вазифаларни изчил амалга ошириш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис ҳам, депутатлар ҳар бир қонун лойиҳасига жиддий ёндашиб, шу жумладан, Божхона кодексини ҳам қизғин муҳокама қилмоқдалар.

— Божхона кодексининг янги таҳрири  амалдаги кодексдан тубдан фарқ қилади ва концептуал жиҳатдан Божхона тизими фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга ҳуқуқий имкон яратади, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Сахобиддин Арзиқулов. — Хусусан, товарлар божхона ҳудудига кириб келишидан аввал, улар ҳақида олдиндан маълумот тақдим этишнинг янги механизми кўзда тутилган. Бу эса, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоялашнинг муҳим шарт­ларидан биридир. Қонун лойиҳасида божхона тўловларини тартибга келтиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилганлиги, ҳалол тўловчиларни ҳимоялаш, ортиқча ундирилган божхона тўловларини қайтариш жараёнлари ва тартиби аниқ белгилаб берилганлиги партия дастурий мақсадлари бўлган ижтимоий ҳимояни янада кучайтиради. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида, албатта, ўзимизнинг таклифларимизни масъул қўмитага тақдим этамиз.

— Биз қўмиталар, фракциялар йиғилишлари ва палата мажлисида иштирок этдик, — дейди Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи А.Қурбонов. — Айтиш лозим, муҳокамалар ишчан ва қизғин руҳда кечди ҳамда депутатларимиз томонидан лойиҳани янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар ва аниқ таклифлар билдирилди. Бу депутатлар, Давлат Божхона қўмитаси мутасаддилари ва экспертлардан қў­мита ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари учун лойиҳани кейинги ўқишга тайёрлаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. 

Хулоса қилиб айтганда, Божхона кодекси лойиҳасининг қабул қилиниши божхона фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш тизимини мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодий сарҳадларини ишончли ҳимоя қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш ва хорижий инвесторларни кенг жалб этиш имкониятларини кенгайтиради.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати материали асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.