28.05.2015

ҲУДУДЛАРНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШДА

халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаоллиги муҳим ўрин тутади

Сирожиддин АЪЗАМОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Жорий йил 23 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида давлат бошқарувини ташкил этишда сиё­сий партияларнинг ўрни, ваколатлари кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланган эди.

Бугун халқ депутат­лари маҳаллий Кенгашлар депутатларидан ҳам бу борада катта масъулият талаб этилмоқда. Айниқса, партия гуруҳларининг давлат бошқаруви органлари устидан назоратини, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ таклиф, муқобил дастурларни илгари суриш борасидаги фаолиятини кучайтириш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу маънода, ҳар бир депутатдан ҳаётимизнинг устувор ва долзарб йўналишларини ўз ичига олган ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини таҳлил қилиб бориш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда сидқидилдан жон куйдириш, курашиш талаб этилмоқда.

Ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда партиямиздан Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасига 3, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 16 ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 202 нафар депутат сайланди. Бу вилоятда партиямиз депутатлик корпусининг таъсир кучи сезиларли даражада юқори эканини англатади. Ҳамма гап мана шу имкониятдан самарали фойдалана олишимизда.

Бунинг учун, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ҳуқуқ ва ваколатларини яхши билишлари керак бўлади. Шуни ҳисобга олиб, депутатлар учун жойларда ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Уларда депутатларнинг назорат-таҳлил фаолияти, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги ташаббускорлигини ошириш масалалари батафсил муҳокама қилинмоқда. Бу борада ўтган йилларда тўп­ланган тажрибалардан кенг фойдаланилмоқда.

Масалан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш, жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва партия электоратининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги, ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий таъминот, пенсия та­йинлаш ва тўлаш, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш каби кўплаб масалаларда тегишли ташкилот ва мансабдор шахсларга депутатлик сўрови юбориш бўйича катта тажриба тўпланди.

Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси асосида Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан тумандаги фахрийларни соғломлаштириш маскани биносини мукаммал таъмирлаш масаласи сессия кун тартибига киритилиб, бу борада тегишли қарор қабул қилинди. Ҳозирда унинг ижроси назоратга олинган.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгашидаги пар­тия­миз гуруҳи таклифи билан Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада  кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, тумандаги ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида берилишини таъминлаш бўйича йўл қўйилаётган камчиликлар очиқ-ойдин айтилиб, уларнинг ечими бўйича таклифлар билдирилди.

Депутат аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларига сайланган халқ вакилидир. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради. Депутатлар ўз сайлов округларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни изчил таҳлил этиб, ижтимоий масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиб боришлари зарур. Бунинг учун депутатлар ўз сайлов округида сайловчилар билан мунтазам равишда учрашиб туриши, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва партия кенгаши билан доимий алоқада бўлиши керак.

Аммо айрим халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларининг айрим аъзолари сайловчилар ишончини оқлаш масаласига етарли эътибор қаратмаяпти. Масалан, Оққўрғон, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Бекобод туман Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар ўз ваколат ва имкониятларидан унумли фойдалана олмаяпти. Таҳлиллардан маълумки, бу туманлардаги депутатларимиз йил бошидан буён электорат манфаатларига хизмат қиладиган жиддийроқ бирон бир масалани кўтариб чиққани йўқ.

Ислоҳотлар ва тараққиётнинг ҳозирги босқичида ҳар биримиз фаолиятимизга яна бир бор танқидий баҳо беришимиз, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш чораларини кўришимиз зарур. Бунда, айниқса, депутатлар электоратни ўйлантираётган масалаларни тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб бориши ҳамда аниқ ташаббуслар билан чиқиши муҳим аҳамиятга эга. Қабул қилинаётган қонунларнинг фуқаролар ҳаёт тарзига нечоғлик ижобий таъсир этаётганини депутатлик назорати инс­титутидан самарали фойдаланган ҳолда доимий равишда ўрганиб боришимиз лозим. Сессия ёки доимий комиссия йиғилишларида муҳокама этилаётган масалалар бўйича таклиф киритиш билан вазифамни адо этдим, деган қарашлар мутлақо нотўғри, деб ўйлайман. Сайловчиларнинг, халқимизнинг талабига муносиб жавоб бериш учун депутатлар ҳар бир масалада ўз позициясига эга бўлиши ва уни қатъий ҳимоя қилиши зарур.

Фикримча, депутатлик назоратини самарали олиб бориш учун партия бошланғич ташкилотлари, партия кенгашлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш керак. Шу орқали одамлар қандай муаммоларга дуч келаётгани, қонун меъёрлари қай даражада ижро этилаётгани, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги аниқланади. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид таклиф ва тавсиялар олиш имкони кенгаяди.

Партия гуруҳлари йиғилишларида электоратни ўйлантираётган масалаларни муҳокама қилиш жараёнида тегишли ташкилот ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирокини янада кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Уларнинг таклиф ва мулоҳазалари муаммоларнинг илдизига етиб бориш, уларни ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чорагида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига ЎзХДП гуруҳлари қандай масалаларни олиб чиқди?

Сессиялар қарорлари ижроси устидан депутатлик назоратини олиб бориш тажрибалари нималардан иборат?

2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижроси бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мазкур саволларга ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши ­раиси Саида Жўраеванинг жавобларини кутамиз.

Бу ҳақдаги мақола газетамизнинг жорий йил 6 июнь сонида чоп этилиши режалаштирилган. 



DB query error.
Please try later.