Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
28.05.2015

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАРДА

сайловчиларнинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тақдирига қизиқиши тобора ошиб бораётгани яққол кўринмоқда

Сиёсий партиянинг Сайловолди дастури ижросини таъминлашда,  электорат манфаат­ларини самарали ҳимоя қилишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолияти муҳим ўрин тутади. Чунки ижтимоий-иқтисодий соҳадаги масалаларнинг ечими айнан қонун ижодкорлигида ўз ифодасини топади. Бу жараёнда депутат қанча фаоллик кўрсатса, ҳаётни чуқур билса, қонунлар шунча мукаммал бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, депутатлар шу кунларда ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай учрашувлар фракцияларнинг электорат, сайловчилар фикр-мулоҳаза ва таклифлари асосида ишлаш имконини янада кенгайтириши билан аҳамиятлидир. Негаки, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар давомида кўтарилган муҳим ижтимоий масалалар, аҳоли томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар фракциянинг келгуси фаолияти йўналишларини янада аниқ белгилаб олишида муҳим ўрин тутади.

Депутатларнинг қайд этишича, учрашувларда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, таш­қи сиё­сат, хавф­сизликни таъ­­минлаш, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳам­­да нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаёт­ган кенг кўламли ишлар тўғ­рисида сайловчилар билан фикр алмашилмоқда. Бундан таш­қари, аҳоли вакилларига 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қо­нунларнинг мазмун-моҳия­ти, муҳокама қилинаётган қо­нунлар лойиҳаларининг аҳа­мияти ҳақида ахборот бериляпти.

Учрашувлар сайловчиларнинг фаол иштироки, қизғин савол-жавоблар билан ўтмоқда.

127-Қорақамиш сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамаджановнинг сайловчилар билан бўлган учрашувида ҳам бунга яққол амин бўлдик.

Олмазор туманидаги «Хончорбоғи» маҳалласида ўтказилган учрашув расмий тадбир, мажлис шаклида эмас, ноодатий тартибда бўлиб ўтди. Самимий ва қизғин суҳбат асносида аҳоли бандлигини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақалар тўлашнинг ҳу­қу­қий асослари бўйича сайловчилар кўплаб саволлар билан мурожаат этишди. Депутат уларнинг ҳар бирига батафсил жавоб қайтарди, учрашувга келганларнинг жойларда қо­нунлар ижроси билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларини тинг­лади.

— Учрашувларда сайловчилар бераётган саволлар кишини қувонтиради, — дейди Шуҳрат Мамаджанов. — Масалан, сайловчилар фуқароларнинг қонун ижодкорлиги жараёнида қатнашиши, ўз таклифлари­ни билдириш механизми, сиёсий партиялар фракциялари ўртасидаги рақобат, парламент назорати ҳақида катта қизиқиш билан саволлар беришди. Кўриниб турибдики, одамларнинг дунёқараши ўзгариб, юксалиб бораяпти. Улар билдирган фикрлар, айтаётган так­лифлар бизга куч бағиш­лайди, қонун қабул қилиш, ижросини назорат қилиш жараёнларида янада масъулият билан иштирок этишга ундайди.

— Учрашув мен учун жуда фойдали бўлди, — дейди Олмазор енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шаҳноза Жалилова. — Бу йил касб-ҳунар коллежини тамомлайман. Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, меҳнат қонунчилиги ҳақида ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим. Бундай мулоқотлар фуқаролик бурчимизни англашимиз, ҳақ-ҳуқуқларимизни билишимизга катта фойда беради.                 

24-Ибн Сино сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Умаров сайловчилар билан учрашувлар чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ромитан туманининг «Хоса» қишлоқ врачлик маскани, «Имиджтекстиль» масъулияти чекланган жамияти, «Ёш автомобилчилар» оромгоҳи, «Шариф» фермер хўжалигида бўлган мулоқотларда депутатнинг парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёни, қабул қилинаётган янги қонунлар ҳақидаги ахборотлари қизиқиш билан тингланди.

Сайловчилар таълим, банк-молия, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хўжалигига оид масалалар бўйича депутатга мурожаат этишди. Тумандаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва ўқи­тувчилари қатнашган учрашув-мулоқотда коллеж битирувчилари билан тузи­­лаётган уч томонлама шартномаларнинг ижроси, олдинги йилларда бу бора­да юзага келган айрим муаммолар юзасидан ҳам савол-жавоблар бўлди.

Шунингдек, депутат ўз сайлов округида ишлаш жараёнида қабул қилинаётган қонунларнинг жойлардаги ижроси, яна қандай қонунларга  эҳтиёж сезилаётгани, электорат вакилларини қандай муаммолар ўйлантираётгани билан боғлиқ масалаларни ўрганди.

Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиш керакки, ЎзХДП фракцияси аъзолари сайлов округларида ишлаш жараёнида ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларига партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўр­сатади.

Косонсой туманидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида 42-Косонсой сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутати Собитхон Турғуновнинг сайловчилар билан учрашуви ҳам долзарб масалаларга бағишланди, жонли ва қизиқарли ўтди.

— Сизу бизга, энг аввало, нима керак?

Депутатнинг бу саволидан ҳамма ҳушёр тортди.

— Албатта,  тинчлик, танисоғлик, хотиржамлик, — деган сўзлар янгради. Ҳамманинг чеҳраси ёришди.

— Бугунги мулоқотимизни ана шу неъматларнинг асосий омилларига эътибор қаратиш билан бошламоқчиман.

Аввало, Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш кунида Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат чоғида айтган фикрларини яна бир эслайлик...

Дарҳақиқат,  биз тинчликни севадиган, ардоқлайдиган халқмиз. Тинч­лик бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббатдан бошланади. Бугун замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Тинчликни асраш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифага айланди. Президентимиз томонидан билдирилган фикр­лар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ишларида фаол қатнашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Депутат шу йилнинг 23 январида парламент палаталарининг қўшма мажлисида  Президентимиз томонидан депутатлар олдига қўйилган вазифаларга ҳам тўхталди.

— Ҳаётимизнинг, кундалик турмушимизнинг қайси жиҳатларидан розимиз-у, нималардан кўнглимиз тўлмаяпти?

Депутатнинг  иккинчи саволи мулоқот иштирокчиларини андак ўйлантириб қўйди. У энди турмушнинг  кўн­гил тўларли жиҳатларини эътироф этган ҳолда сайловчиларни фикрлашга, турли масалалар бўйича дилидагиларни очиқ-ошкора гапиришга ундади.

— Жамиятни қонунлар бошқаради, бош ислоҳотчи бўлган давлат бош­қарувини ҳам қонунлар тартибга солади, — деди депутат янги кучга кирган  қонунлар тўғрисида ахборот бераркан.

Депутат парламент томонидан қабул қилинган «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Элек­трон тижорат тўғрисида»ги каби бир қатор қонунлар ҳақида гапириб, уларнинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб берди.

— «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишдан хурсанд бўлдик, — деди сайловчи ­Хусанбой Абдуллаев учрашув чоғида.  — Айниқса, ош тузи албатта йодланиши кераклиги қатъий белгилангани халқимиз учун ғоятда фойдалидир. Энди савдо дўконларида фаолият юритаётган сотувчи-ходимларнинг масъулиятини ошириш бўйича жамоатчилик назоратини ҳам кучайтиришимиз керак.

Сайловчилар «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунга катта қизиқиш билдиришди.

Депутат Қонунчилик палатаси томонидан тайёрланаётган янги қонун лойиҳалари хусусида ҳам тўхталди.  «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги, «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва афзалликлари хусусида тушунчалар берди.

Мулоқот давомида сайловчилар табиий газ таъминоти билан боғлиқ масалада саволлар беришди. 

Сайловчи Маъсуда Шораҳматуллаева яқинда тумангаз идорасидан  қарздорлик ҳақида асоссиз билдиришнома олганини маълум қилди. Депутат билан учрашув ҳақида олдиндан хабардор қилинган бўлса-да, унда туман электр, газ таъминоти корхоналари вакиллари иштирок этмади. Шунинг учун фуқаро мурожаати депутатнинг назоратига олинди.

Депутат сайловчиларга ўзи аъзо бўлган  парламент қуйи палатасидаги Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси фаолияти юзасидан ҳам тегишлича ахборот берди.

Собитхон Турғунов кўп тармоқли «Чашмаи сафед» фермер хўжалиги фаолияти билан атрофлича танишгач, шу ерда  сайловчилар билан  нав­батдаги учрашувни ўтказди.

Учрашувларда ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Дилором Абдураҳимова иштирок этди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.