28.05.2015

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ

Сеулга давлат ташрифи Корея матбуотида кенг ёритилмоқда

27-29 май кунлари Ўзбе­кис­тон Республикаси Президенти ­Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг таклифига биноан  давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

Ўзбекистон жаҳон иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамасдан сўнгги ўн йил мобайнида йилига ўртача 8 фоиз иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиб келяпти. Бундан ташқари, мамлакат табиий газ, пахта, уран, олтин каби қимматбаҳо бойликларга эга бўлиб, Марказий Осиё минтақасида жойлашган 30 миллиондан зиёд аҳолига эга улкан бозор, темирйўл ва ҳаво йўллари орқали Европа ва Осиёни боғлайдиган ҳудуд, ривожланиш даражаси жуда юқори давлат ҳисобланади.

Ислом Каримов Ўзбекистон мус­тақилликка эришгач, мамлакатимизга илк маротаба 1992 йил июнь ойида ташриф буюрган эди. Бу сафарги давлат ташрифи эса ҳисоб бўйича саккизинчиси бўлиб, Ўзбекистон раҳбарининг март ­ойида бўлиб ўтган умумхалқ сайловларидан сўнг илк давлат ташрифидир. Ўзбекистон Президентининг айнан бизнинг мамлакатимизни танлаганлиги Корея Республикаси ва Ўзбекис­тон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали алоқалар ривожига катта қизиқиш билан қарашидан далолатдир  деб таъкидланади Корея Республикаси Президенти матбуот хизмати тар­қатган хабарда.

28 май куни иккала давлат раҳбарлари ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтиши, унда саноат ва инфратузилмаларни ривожлантириш, таълим ва маданий алоқаларни юқори босқичга олиб чиқиш, Корея ярим­оролида тинч­ликни сақлашга оид сиёсатни қўллаб-қувватлаш ва бош­қа бир қатор масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Корея Республикасининг YTN, OBS, E-Today, Segye Ilbo, Herald Economic, E-Daily, Korea Economic, Yonhap News каби бир қатор оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримовнинг ­Корея Республикасига ташрифига оид кўплаб мате­риаллар эълон қилинмоқда.

Хусусан, Yonhap News Agency шундай ёзади:

Президент Пак Кин Хенинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашувида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, иккала тарафнинг ҳам манфаатларига хизмат қиладиган соҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўтган йили июнь ойида Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга бўлган давлатиЎзбекистонда бўлган музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари газ ва қуёш энергетикаси соҳасида янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш борасида келишиб олганди.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида Жанубий Корея­нинг энг катта савдо ҳамкори ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур мамлакатда кўплаб этник корейслар истиқомат қилади.

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 1,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Yonhap News Agency маълумотларига кўра, 26 май куни Сеулда Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатларининг бизнес форуми бўлиб ўтган. Унда икки томонлама иқтисодий ва корпоратив ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди.

Шунингдек, форумда ай­ти­лишича:

Президент Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифидан олдин ўтказилган мазкур анжуманда ҳар икки давлатнинг ҳукумат аъзолари ҳамда 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашган.

— Ўзбекистон Кореянинг Марказий Осиёдаги биринчи рақамли ҳамкори саналади, — дейди Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хван. — 1992 йилда ўзаро товар айирбошлаш миқдори бор-йўғи 3,5 миллион АҚШ долларини ташкил этарди. Бугунги кунга келиб эса 2 миллиард АҚШ доллари ва ундан ҳам юқори кўрсаткичлар қайд этилмоқда. Сеул ҳамкорликнинг бундан-да кенгайишига ишонади...

Ўзаро алоқалар масаласига келсак, бу газ ва тиббиёт учун фойдаланиладиган кимёвий моддалар, ахборот технологиялари, сув ресурсларини бошқариш ва миллий мудофаа йўналишларига қаратилади. Бундан ташқари, қурилиш моллари, электроника сектори ва бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд.

Форум давомида ўзбекистонлик тадбиркорлар давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиши бўйича ўз фикрларини билдирди. Алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши икки томон учун ҳам манфаатли эканлиги алоҳида таъкидланди.

Жанубий Кореянинг нуфузли компаниялари вакиллари ҳам Ўзбекистонда қандай қилиб бизнес соҳасида муваффақиятга эришганликлари ҳақида гапириб бердилар. Келажакда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.