26.05.2015

ГЎЗАЛЛИК ВА НАФОСАТ КЎРИГИ

Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ва «Happy Caravan – 2015» халқаро турнири якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнас­тика федерацияси ҳамкорлигида Халқаро гимнас­тика федерацияси шафелигида ташкил этилган мусобақаларда  дунёнинг йигирмадан зиёд давлатидан юзга яқин гимнастикачи иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда спорт изчил ривожланмоқда. Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия, соғлом турмуш тарзи кенг қарор топмоқда. «Соғлом она — соғлом бола» тамо­йили асосида қизлар спортга кенг жалб этилаётир. Бунинг учун барча шаҳару қишлоқларда зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Бундай эътибордан баҳра олиб улғайган ўғил-қизлар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етмоқда, халқ­аро танлов ва мусобақаларда ҳеч кимдан кам эмасликларини исботламоқда.

Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида ўтган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ва «Happy Caravan» халқаро турнирида бу жиҳатлар яна бир бор намоён бўлди.

Уч кун давом этган мусобақаларда яккаликлар ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида гимнас­тика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича финал беллашувлари ўтказилди. Қизларнинг ар­ғамчи, ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан машқ бажариш бўйича юксак маҳорати, мусиқа ва ритмни яхши ҳис этиши, чаққон, нафис ва енгил ҳаракатлари мухлисларга завқ бағишлади.

— Ўзбекистонда бўлганимдан, бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогида қатнашганимдан хурсандман, — деди испаниялик гимнастикачи Наталия Гарсия. — Муҳташам спорт саройининг маҳобати ва мухлисларнинг кўплиги мени ҳаяжонга солди. Мусобақа кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди.

Бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги бос­қичида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Анастасия Сердюкова булавада машқ бажаришда бронза медаль билан тақдирланди.

— Жаҳон кубоги босқичининг Тошкентда олтинчи марта ўтказилгани Ўзбекистонда бадиий гимнастика ривожига қаратилаётган эътибордан далолат беради, — деди Италия гимнастика федерацияси вакили Грация Чарлитто. — Иштирокчиларнинг нафақат ўз иқтидорини намойиш этиши, балки маданий ҳордиқ чиқариши учун ҳам барча шарт-шароит яратилди. Мамлакатингизга яна келиш, қадим ва замонавий шаҳарларингизни кўпроқ томоша қилиш, бағрикенг одамларингиз билан танишиш ниятидамиз.

— Жаҳон кубоги босқичини юқори даражада, хал­қ­аро талабларга мос равишда ташкил этгани учун ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик изҳор этмоқчиман, — деди гимнастика бўйича Болгария терма жамоаси бош мураббийи Ина Ананиева. — Мамлакатингизда ёшлар камолотига катта эътибор қаратилаётгани, Ўзбекистон ёшларининг бу имкониятлардан унумли фойдаланаётгани диққатга сазовор. Спортчи қизларингиз келгусида янада улкан муваффақиятларга эришишига ишонаман. Ўзбекистоннинг гўзал та­биа­ти, халқингизнинг бой ва ранг-баранг маданияти, санъатидан баҳраманд бўл­ганимиздан ғоят хурсандмиз.

«Happy Caravan» хал­қаро турнирининг финал мусобақасида гимнастикачиларимиз муносиб иштирок этди. Сабина Тошкенбоева кўпкураш ва алоҳида предметлар — арғамчи, тўп ва булава билан машқ бажариш бўйича жами тўртта бронза медаль билан тақдирланди. Ҳалқа билан машқ бажарган Нуринисо Усмонова ҳам учинчи ўринни эгаллади.

— Бундай нуфузли мусобақада иштирок этишнинг ўзи бир ютуқ, — дейди С.Тошкенбоева. — Унда совриндор бўлиш эса катта бахт. Бу муваффақиятим мамлакатимизда гимнастика билан шуғулланиш учун яратилган кенг имкониятлар ва мураббийларимнинг хизмати самарасидир. Келгуси мусобақаларда бундан-да юқори натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

Тантанали маросим гимнастикачи қизлар иштирокидаги бадиий дастурлар билан якунланди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА мухбирлари.



DB query error.
Please try later.