26.05.2015

АВТОТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ: ҲАҚЛИ ТАЛАБ, ЎРИНЛИ ЭЪТИРОЗЛАР

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни ўрганди

Тасаввур қилинг, бирор жойга шошилиб, зарур иш билан кетяпсиз. Бекатга чиқдингиз. Кутилган автобус дарҳол кела қолмади.

Ана шунда енгил автотранспорт воситаси жонингизга оро киради. Узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилаётган автоуловларнинг кун сайин кўпайиб бораётгани ҳайдовчидан янада ҳуш­ёр­лик, эътибор ва сергакликни талаб этади. Акс ҳолда, автобуслар ҳам, енгил машиналар ҳам турли тартибсизликларга сабаб бўлиши, бунинг оқибатида йўловчилар соғлиги ва ҳаёти хавф остида қолиш мумкин.

Шу ўринда савол туғилади. Бугун айрим ҳудудларда кузатилаётган тирбандликлар ва уларнинг оқибатларига жавобгар ким? Йўловчи ва ҳайдовчиларнинг йўл қоидалари билан боғлиқ билими, маданияти қай даражада шакл­ланган?

Халқ депутатлари ­Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ҳамда ви­лоят Кенгаши Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, ало­қа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бў­йича доимий комиссиянинг  йиғилишида шу масалалар кўриб чиқилди.

Депутатлар даст­лаб Вазирлар Маҳкамасининг «Ўз­бе­кистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳамда «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижросини таҳлил этишди. Аҳолига сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, автотранспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Йиғилишда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими мутасаддилари, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари ҳамда аҳолига  транспорт хизмати кўрсатиш лицензиясига эга юридик шахс­лар раҳбарлари қатнашди.

Унда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Алланазар Сабуровнинг ахбороти тингланди. Унинг таъкидлашича, вилоятда соҳага оид қарорлар ижросини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилган. Жумладан, вилоят давлат солиқ бош­қармаси, йўл ҳаракати хавф­сизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 2014 йил давомида 200 га яқин қўшма рейд ўтказилиб,  1911 қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Йўл ҳаракати қоидалари, лицензия талаб ва шартлари бузилиши бўйича 1058 ҳолат қайд этилиб,  юридик шахсларга берилган 18 лицензия ва 251 лицензия карточкалари қонунга мувофиқ вақтинча тўхтатиб қўйилган. Бу борадаги ўзаро ҳамкорлик жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.

Эндиги вазифа аҳолига сифатли автотранспорт хизмати кўрсатиш, қонун ва қарорларга қатъий риоя қилиш устидан тегишли назорат ўрнатишдан иборат. Чунки белгиланган талаб ва мезонларни бажариш орқали нафақат йўловчиларнинг, балки ҳайдовчининг ҳам хавф­сизлиги таъминланади.

Депутатлар қайд этишдики, бугун вилоятда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини яхшилаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш, йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиляпти. Бироқ жойларда кўнгилни хира қиладиган камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Масалан, айрим ҳайдовчилар белгиланган йўл қоидасига, тезлик меъёрларига амал қилмай жамоат транспортини бош­қаради. Йўловчиларнинг илтимосига кўра тақиқланган жойларда автобусларнинг тўхташи эса бошқа автотранспорт воситаларининг ҳаракатини қийинлаштириб, турли кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Шу билан бирга, айрим автоуюшмаларда автомобилларни техник кўрикдан ўтказишга мўлжалланган шароитлар етарли даражада эмаслиги, соҳада мутахассислар етишмаслиги, ҳайдовчилар эрталабки тиббий кўрикдан ўтказилмаётгани мисоллар билан айтиб ўтилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Нодира Одамбоева ­Вазирлар Маҳкамасининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тўлиқ ижро этилиши кераклигини таъкидлади. Қарорга кўра, таксиларда давлат солиқ хизмати органларида расмийлаштирилган назорат касса аппарати ва тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилиш имкониятини берадиган терминал бўлиши керак. Бироқ назорат-таҳлил давомида банк пластик карталари орқали тўловни амалга ошириш учун таксиларга терминаллар ўрнатилмагани, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилган йўловчиларга квитанция берилмаётгани маълум бўлган.

Депутатнинг қайд этишича, 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, вилоятда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатувчи 181 йўналиш мавжуд. Шаҳарлар ва вилоятлараро йўналишларда 350 дан ортиқ микроавтобус аҳолига транспорт хизмати кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 143 юридик шахсга тегишли 2300 дан ортиқ йўналишсиз таксилар ҳам одамлар оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда.

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Гулсора Аҳмедова вилоят марказий «Деҳқон бозори» ҳамда Урганч тумани йўналишида жойлашган «Буюм бозори» атрофида доимий равишда юзага келаётган тирбандлик ва унинг сабабларига тўхталиб ўтди.

— Ўрганишлар жараёнида яна шу нарса аниқландики, Ал Хоразмий шоҳ кўчасида қад ростлаган янги турар-жой бинолари, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари яқинида автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ташкил этилмагани аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда, — деди у. — Мутасадди раҳбарлар бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиши керак. Умуман, қонунчиликка қатъий риоя қилиш, қоидабузарларга муқаррар жарима жазосини қўллаш ва автомобиллар турар жойларини кўпайтириш одамларни ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммолар ечимида муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилишда автотранспорт соҳасида хизмат қилаётган шахсларнинг масъулиятини ошириш, йўловчиларга нисбатан муомала маданиятини ошириш масалаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Йиғилиш якунида аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш масаласини халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.