26.05.2015

ЯНГИ МЕЪЁР ВА ТАЛАБЛАР

мамлакатимиз тараққиётини янада юксалтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг шу йил 23 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида ҳозирги шароитда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар, кодификация қилинган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, янги қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришни таъминлайдиган қонун­ости ҳужжатларини ўз вақтида эълон қилиш муҳим аҳамиятга эгалиги,  ана шу масалаларнинг барчаси Олий Мажлис палаталарининг доимий диққат-эътиборида бўлиши даркорлиги алоҳида таъкидланган эди.

Бугун ҳаётнинг ўзи илгари сураётган талаблардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, депутатлар, сенаторлар зиммасида жуда катта ва масъулиятли вазифалар турганини англаш қийин эмас. Демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи ҳар биримиздан қонун ижодкорлиги, парламент назорати, сайловчилар билан ишлаш йўналишларини, умуман, ўз фаолиятимизни қайта кўриб чиқишни, бурчимизга муносабатимизни тубдан ўзгартиришни тақозо этмоқда.

Биз, сенаторлар қанча талабчанлик кўрсатсак, қонунлар шунча пишиқ ва ҳаётий бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида муҳокама этилаётган барча ҳужжатлар юзасидан принципиал фикрларни билдириш ва аниқ позицияда туриб, уни ҳимоя қилиш кундан-кунга аҳамиятли масала бўлиб бормоқда. Бу яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонунлар муҳокамасида ҳам ўз исботини топди.

Олий Мажлис Сенатида мамлакатимизда социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инвестиция ва ишчанлик муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир муҳим қонунлар кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа ушбу қонунлар аҳамиятини жамоатчиликка етказиш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришдан иборат.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган қонунлар моҳиятига бағишланган учрашувлар ўтказмоқда. Масалан, Хўжайли тумани 39-округ сайловчилари билан учрашувда мажлисда кўриб чиқилган қонунлар мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, давлат ҳокимияти бошқарувини янада демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши сайловчилар томонидан алоҳида қайд этилди. Аҳамиятли жиҳати, бу қонунлар одамларимиз, бутун халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Олий Мажлис Сенати йиғилишида кўриб чиқиб, қабул қилинган ҳар бир қонун ўзининг чуқур ҳаётий асосларига эгадир. Улар мазмун-моҳиятига кўра мамлакатимиз тараққиётини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Бир мисол. Мажлисда сенаторлар «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқишди. Унда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш орқали юртимизда барча турдаги транспортда ташиш вақтида йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарар ўрнининг кафолатли равишда қопланилиши белгиланган. Қонуннинг қабул қилиниши билан нафақат суғурта бозори ва транспорт инфратузилмаси ривожланади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади, шу билан бирга жойларда янги иш ўринлари яратиш имконияти ортади.

Яна бир муҳим масала. Ялпи мажлисда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар, хусусан, ижро ҳокимияти органлари, ҳокимларнинг вакиллик органлари олдидаги масъулиятини кучайтиришни назарда тутувчи ҳуқуқий базани такомиллаштиришга ҳам эътибор қаратилди. Масалан, сенаторлар «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга киритилаётган қўшимчаларга алоҳида эътибор қаратишди. Бу ўзгаришларга кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳар йили эшитиб борилиши белгилаб қўйилмоқда. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 103-моддасига ҳар томонлама мос ва мувофиқ келади.

Мазкур тартиб-қоида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, аҳоли манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ муҳим масалаларга ойдинлик киритишга, соҳа ва тармоқлар ривожини таҳлил қилиш орқали ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишга асос бўлади, деб ўйлайман. Бу ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос келади.

Сир эмаски, фуқароларнинг сиёсий онги, фуқаролик позицияси улар мамлакатда қабул қилинаётган қонунлардан қай даражада хабардорлиги, энг муҳими, амалдаги қонунларнинг бажарилишини назорат қилиши билан ўлчанади. Бусиз мамлакатда демо­кратияни қарор топтириб бўлмайди.

Демак, учрашувларда, давра суҳбатларида парламент томонидан муҳокама этилаётган, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур. Бу ўринда биз, депутатлар, сенаторлар асосий масъулиятни зиммамизга олишимиз талаб этилади.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси.



DB query error.
Please try later.