23.05.2015

ЖАҲОН ГИМНАСТИКА ЮЛДУЗЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ва «Happy Caravan – 2015» халқаро турнири бошланди. Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида мусобақаларнинг тантанали  очилиш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси ҳамкорлигида Халқаро гимнастика федерация­си шафелигида ташкил этилган турнирларда иштирок этиш учун Ўзбекистон, Жанубий Корея, Япония, Россия, Латвия, Беларусь, Болгария, Малайзия, Озарбайжон, Арманистон, Жанубий Африка Республикаси, Испания, Италия, Аргентина, Швейцария, Финляндия, Исроил ва бошқа мамлакатлардан энг кучли гимнастикачилар келган.

Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти Л.Каримова-Тиллаева халқаро мусобақаларни очиқ деб эълон қилди.

Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда спортнинг қизларга хос турлари, айниқса, бадиий гимнастикани янада оммалаштириш, малакали мураббийлар тайёрлаш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган ғамхўрлик туфайли мамлакатимизда янги истеъдодлар, маҳоратли спортчилар етишиб чиқмоқда, улар халқ­аро майдонларда Ўзбекистон шон-шавкатини янада юксалтирмоқда.

Гимнастика билан шуғулланиш инсоннинг жисмоний гўзаллигини шакллантириш билан бирга, унинг феъл-атвори, фазилатларини ривожлантиради, иродасини чиниқтиради. Ўзбекистон гимнастика федерацияси мамлакатимизда ушбу спортнинг барча асосий турлари — спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин, акробатикани оммалаштиришга доир изчил ишларни амалга оширмоқда. Давлатимиз кўмагида иқтидорли спортчиларни аниқлашга ёрдам бераётган минтақавий ва республика мусобақалари мунтазам ўтказилаётир.

Мамлакатимизнинг барча вилоятларида гимнас­тика билан шуғулланиш учун халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган марказлар ташкил этилди, уларда ҳар куни минглаб ўғил-қизлар ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

2011 йилда Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби ташкил қилинди. Олимпиадага тайёрлаш маркази ҳисобланган ушбу мактаб Ўзбекистон терма жамоалари спортчилари учун турли мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва йирик турнирларни ташкил этиш имконини бермоқда.

– Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қизларни спортга кенг жалб қилишга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор, – дейди япониялик мураббия Ока Куруми. – Барча шаҳар ва туманларда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида қизлар спортнинг бир неча тури билан шуғулланиб, соғлом бўлиб улғаймоқда, катта спортга қадам қўймоқда. Мамлакатингизда бадиий гимнастика тез ривожланмоқда. Ўзбекистон гимнастикачилари халқаро мусобақаларда муваффақият қозонаётгани, юртингизда нуфузли турнирлар мунтазам ташкил этилаётгани бунинг ёрқин ифодасидир.

Мақомига кўра Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатига яқин турадиган бундай юксак савиядаги бадиий гимнастика мусобақалари Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётгани йўқ. Тошкент шаҳри бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичлари, 2010 ва 2013 йилларда Осиё чемпионати, 2014 йилнинг апрель ойида спорт гимнастикаси бўйича қитъа чемпионатига мезбонлик қилгани мамлакатимизда спорт, хусусан, гимнастикани ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган тайёргарлик дастурига кўра, гимнастика ҳам мамлакатимизда етакчи спорт турлари қаторидан жой олди. Гимнастиканинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилган турлари – бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин бўйича ўтказиладиган мусобақаларда қатнашаётган спортчиларимиз кўрсаткичларини тобора яхшилаш, олимпия йўлланмаларини қўлга киритиш ҳамда Бразилияда бўладиган Олимпиада совриндорлари қаторидан ўрин олиш учун астойдил бел боғлашган.

Жорий йилги спорт мавсумида Ўзбекистон бадиий гимнастикачилари нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда. Грециянинг Афина шаҳрида  ўтказилган «Aphrodite Cup – 2015» халқаро турнирида Ўзбекистон гимнастикачилари учтадан олтин ва кумуш ҳамда битта бронза медални қўлга киритди.

Яқинда Болгариянинг Варна шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чақирув кубогининг навбатдаги босқичида ҳамюртимиз Оксана Чусовитина олтин медалга сазовор бўлди. Бадиий гимнастика бўйича Францияда ўтказилган Гран-при турнирининг жамоавий баҳсларида иштирок этган терма жамоамиз аъзолари бронза медални қўлга киритди.

Тошкент шаҳрида бошланган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги ва «Happy Caravan» халқаро турнирида дунёнинг энг кучли юзга яқин гимнастикачиси ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этмоқда.

– Мусобақа жуда юқори савияда ташкил этилган, – дейди италиялик гимнастикачи Литиция Чикконелли. – Ўзбекистонда бадиий гимнастикани ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдик. Мамлакатингиз спортчилари жуда маҳоратли, мусобақага яхши тайёргарлик кўргани ҳам сезилиб турибди. Ушбу жаҳон кубоги босқичи ғоят аҳамиятли. Мен ҳам унда бор маҳоратимни намойиш этиб, ғалаба қозониш ниятидаман. Бу мусобақа ҳар бир иштирокчи ҳаётида ёрқин ва ўчмас саҳифа бўлиб қолишига ишончим комил.

Мазкур халқаро турнирнинг яккаликлар ўртасидаги баҳсларида Анора Давлатова, Нилуфар Шомуродова, Жасмин Юсупова, Елизавета Назаренкова, Анастасия Сердюкова ва Равиля Фархутдинова сингари гимнастикачиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Луиза Ғаниева, Марта Ростобурова, Зарина Қурбонова, Валерия Давидова ва Самира Амировадан иборат жамоамиз қатнашмоқда.

Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида катта концерт намойиш этилди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.