23.05.2015

ИШЛАЙМАН ДЕГАН ОДАМГА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ТЎСИҚ БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК

Ижтимоий-иқтисодий соҳа, умуман, жамият ривожланишининг энг муҳим омили — бу инсон капиталидир. Унинг мўъжизавий яратувчанлик салоҳияти, тадбиркорлиги, ташаббускорлиги ва интеллектуал қобилияти жамият ривожини янада юксалтиришга бирламчи асос бўлади. Шу боис тадқиқотчилар ижтимоий-иқтисодий тараққиётда доимо марказий ўринда шахс туришини эътироф этишади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнлари бошланган илк йиллардаёқ кишилар фаоллигини ошириш, яратувчанлик, ишбилармонлик ва ташаббускорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди. Бунда, жумладан, хусусий мулкни ривожлантиришнинг қонуний асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш, давлат мулки улушини камайтириш ва хусусий мулк салмоғини ошириб бориш масаласида қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди.

Ўтган давр мобайнида иқтисодиётни эркинлаштириш ва барқарорлаштиришнинг муҳим йўналиши бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти кафолатлари, имтиёзларининг ҳуқуқий асосларини яратувчи қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди. Ислоҳотларнинг босқичма-босқич олиб борилиши соҳада иқтисодий муносабатлар шаффофлигини таъминлашда, ривожланган бозор муносабатларига яқинлашишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада амалга оширилаётган ишларни янада юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

Биламизки, иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг самарали ва муҳим омилларидан бири ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан иборат. Жаҳон тажрибаси ҳам буни тасдиқлайди. Шунинг учун сўнгги йилларда мамла­катимизда тадбиркорлик субъектларини давлат рўй­хатидан ўтказиш, солиқ тўловларини амалга ошириш, банкларда ҳисоб-рақамларини очиш ва операцияларни амалга ошириш, кредитлар олишда имтиёзлар беришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Бунда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, хорижий инвестиция ва кредитларни жалб қилиш, ташқи ва ички бозорларда ҳамкорлик, иқтисодий муносабатларни ўрнатиш, ўз маҳсулотини жаҳон бозорига олиб чиқиш ёки четдан маҳсулот ва товарлар сотиб олиш, молия­вий ҳисоботларни тақдим қилиш, тадбиркорлик фаолиятига янги замонавий технологияларни жорий қилиш, тўловлар ҳамда ҳисоботларни электрон шаклда амалга ошириш бўйича қатор қулайлик ва енгилликлар берилди.

Булар, албатта, ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Агар 1991 йилда Ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва тадбиркорликнинг улуши 1,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2000 йилда 30,0 фоизни, бугунги кунда 56 фоизни ташкил этмоқда ва ишга лаё­қатли аҳолининг 77 ­фоизи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда. Биз бу кўрсаткичларни бош­қа мамлакатлар билан таққослайдиган бўлсак, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида катта ижобий юксалишлар бўлаётганини кўриш мумкин. Масалан, бугунги кунда Россия Федерациясида кичик бизнеснинг улуши 21-22 фоизни, Қозоғистонда - 22 фоизни, Хитой Халқ Республикасида – 60 фоизни, Япония ва АҚШда – 52 фоизни, Бразилияда – 60 фоизни, ­Европа Иттифоқи давлатларида 67-68 фоизни ташкил этади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида солиқ юкининг босқичма-босқич камайтирилиб борилаётгани ҳам тизимни янада тараққий эттиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Агар 1996 йилда соҳадаги солиқ юки 36 фоизни ташкил қилган бўлса, 2010 йилда ягона солиқ тўлови 7 фоиз, 2011 йилдан бошлаб 6 фоиз, саноат соҳасида 5 фоизни ташкил этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 15 май куни эълон қилинган фармонига мувофиқ, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ва уларни ишончли ҳимоялаш юзасидан тўртта асосий йўналиш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дас­тур қабул қилинди. Унда соҳани жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар, имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини олиб боришни соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш орқали тадбиркорликка янада эркинлик бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Дастурда тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қи­лишга қаратилган яна қатор йўналишлар ифода этилган. Масалан, интерфаол давлат хизматлари ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида уларни рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишнинг 24 соатлик узлуксиз жараёнининг жорий қилиниши, электрон савдоларда иштирок этиш тартибида уларга енгилликлар яратиш, туман шаҳар ҳокимликлари ҳузурида «бир дарча» тамойили асосида тадбиркорлик субъ­ект­ларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг ташкил эти­лиши соҳа ходимлари учун катта қулайликлар яратади. Бу билан вақт ҳам, мал­бағ ҳам тежалади.

Яна бир муҳим масала. Дастурда ер майдонлари ажратиш, қурилиш-монтаж ишларида қўллаб-қувватлаш, турли текширишларга чек қўйиш ва улар сонининг қисқартирилиши, мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Буларнинг барчаси хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф қилишда муҳим ўрин тутади. Бу масала ЎзХДП учун принципиал аҳамиятга эга. Мазкур Дастур ижроси ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантиради, энг муҳими, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлиги таъминланишига мустаҳкам замин яратади.

2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан таш­қари пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳа­қининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳу­қуқининг берилиши, айниқса, партиямиз электорати бўлган кишиларнинг иқтисодиётда банд бўлишига, барқарор даромад олишларига ва шу билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ЎзХДП Сайловолди дастурида ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қара­тилган. Фармонда якка ­тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолда уларга тегишли имтиёзлар берилиши белгиланган. Яъни, партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш учун самарали ҳуқуқий асос ва катта имконият очилмоқда. Бу, ўз навбатида, кўплаб касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўз мутахассисликлари бў­йича ишга жойлашишида қулайлик туғдиради.

Шулардан келиб чиқиб, партиямиз фаоллари, депутатларимиз мазкур фармон ижро этилишида, қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш жараёнларида фаол иштирок этиши зарур бўлади. Зеро мазкур фармонда белгиланган чора-тадбирлар ўзи, оиласи, фарзандлари, юрт келажагини ўйлаб, мустақил иш бошламоқчи бўлганларга кенг йўл очади. Бу мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини янада юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.