23.05.2015

БИЗ ТИНЧЛИКНИ СЕВАДИГАН, АРДОҚЛАЙДИГАН ХАЛҚМИЗ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбир тинчлик, қадр-қиммат ва эзгуликка бағишланганлиги билан ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. «Инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир» мавзусида ўтган давра суҳбати давлатимиз раҳбарининг 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида билдирган фикрлари мазмун-моҳияти, уларнинг аҳамияти бўйича тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов сўзга чиқиб, Юрт­бошимизнинг ҳозирги тинч ва осо­йишта кунларни қадрлаш ва асраш зарурлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалари замирида катта ҳаётий тажриба ва чуқур ­маъно борлигини таъкидлади.

— Жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида миллатчилик, шовинизм сингари офатлар майдонга чиқмоқда, — деди партия етакчиси. — Шундай кескин ва­зиятда мамлакатимизда пухта ўйланган сиё­сат юритилаётгани турли хатарларнинг олдини олмоқда. Республикамиз минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган кўплаб халқаро ҳужжатларга қўшилган ва уларга оғишмай амал қилиб келмоқда. Бу мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминловчи муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда...

Дарҳақиқат, осойишта турмушимизни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг ҳушёр ва огоҳлигимиз, Ватан тақдирига дахлдорлигимизга  боғлиқ. Бунинг учун партия тизимида олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларига, алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Уруш кўпгина давлатлар қатори мамлакатимиз аҳолисини ҳам қайғули ва оғир синовлардан ўтказди. Иккинчи жаҳон уруши арафасида республикамиз аҳолиси 6 ярим миллион нафарни ташкил этган бўлса, шундан 1,5 миллион нафарга яқини урушга сафарбар этилган, яъни ҳар беш кишидан бири жангда қатнашган. Бу ўша пайтда 17 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларнинг деярли ҳаммаси, деганидир.

Энди тасаввур қилинг, агар аскар жангда ҳалок бўлса, унинг ортида оиласи, фарзандлари, ака-укалари қандай аҳволга тушиб қолади. Уруш сабабли минг­лаб оилалар боқувчисидан айрилиб, қийин шароитларда кун кечиришга мажбур бўлган. Шукрки, ўша кулфатларга бардош бериб, бугунги кунларга эсон-омон етиб келган отахон-онахонларимиз бор. Уларга меҳр-эътибор кўрсатиш ҳар биримиз учун шарафли бурчдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида оқилона фойдаланиш, уларни тиббий ва ижтимоий муҳофазалаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ЎзХДП фаоллари ­Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида жасорат кўрсатган фахрийларни ҳар ­томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бугун дунёда бўлаётган воқеа­лар, турли сиёсий низо ва ихтилофлар кучайиб бораётган бир шароитда Президентимизнинг «Бизнинг халқимиз кўпчилик халқлар қатори нимани истайди, нимани хоҳлайди — бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак!» деган сўзлари чуқур ҳаёт ҳақиқатларни ўзида акс эттирган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракция­си аъзоси Собитхон ТУРҒУНОВ. — Шунинг учун партиямиз аъзолари электорат вакиллари билан учрашувларда бугунги эркин ва озод, тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлаб бориши зарур. Чунки тинчлик — бебаҳо неъмат. Унга эришиш, уни сақлаб қолиш осон эмас. Шунинг учун ҳар биримиз атрофимизга теранлик билан қарашимиз, турли таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса чиқариб олишимиз лозим. Бунда кексаларимизнинг ўгитлари, уларнинг ҳаётий сабоқлари муҳим ўрин тутади... 

Жорий йилда ҳам Ўзбекистон ХДП томонидан бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Бу эзгу ишга партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари муносиб ҳисса қўшмоқда...

Давра суҳбати давомида кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бош­қа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатишдаги муаммолар ўрганилиб, аниқланган масалалар ўз жойида ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилаётгани, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига масалалар киритилаётганлиги айтиб ўтилди.

— Бугунги тадбирда Юртбошимиз томонидан айтилган ҳаётий фикрлар мазмун-моҳиятини тенгдошларим орасида тарғиб қилишга бўлган иштиёқим янада ошди, — дейди Тошкент авиасозлар касб-ҳунар коллежи талабаси Шаҳноза ­Абдураҳмонова. — Президентимизнинг ҳозирги тинч ва осойишта кунларни қадрлаш ва асрашга доир фикр-мулоҳазаларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида самарали тар­ғиб қилиш ниҳоятда долзарб масала эканлигига амин бўлдим. 

Давра суҳбатида Ўзбекистон ХДП дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги тинчликни асраб-авайлаш, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида тарғибот ишларини янада изчил олиб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.