21.05.2015

ЎЗХДП ГУРУҲИ ТАШАББУСИ БИЛАН

бандлик дастури ижроси доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқилди, масъул идора-ташкилотларнинг ахборот­лари тингланди

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилишини 8 туман мисолида ўрганиб чиқди. Бунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Назорат-таҳлил натижалари асосида тавсиялар тайёрланди.

ЎзХДП гуруҳи аъзолари масалани вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси муҳокамасига тақдим этишди. Шу юзасидан таш­кил этиладиган доимий комиссия йиғилишида ЎзХДП шаҳар, туман кенгаши раислари, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси, Иқтисодиёт бошқармаси, Марказий банк ходимлари ва мутахассислар иштирок этди.

— Ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлигида, аввало, унинг доимий иш билан таъминлангани муҳим аҳамият касб этади, — деди йиғилишда ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши­даги партия гуруҳи ­раҳбари Маҳмуджон ­Маҳкамов. — Бу масала бевосита партиямиз дастурий ­мақ­­­­-садларидан бўл­гани боис, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан банд­лик дастури бажарилиши юза­сидан изчил равишда назорат-таҳлил ишлари амалга оширилмоқда. Мақсадимиз ҳудудий дас­турларда кўзда тутилган иш ўринлари ўз вақтида очилиши, барқарор бўлишига эришишдир.  Бу борада дас­турда кўзда тутилган ишлар бажариляпти, аммо эътиборни кучайтиришимиз зарур бўл­ган масалалар ҳам оз эмас...

Йиғилишда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Усмоновнинг кун тартибидаги масала юзасидан ахбороти тингланди.

— 2015 йилда вилоят меҳнат бозорига 192 мингдан зиёд киши кириб келиши кутиляпти, — деди у. — Уларнинг 92 мингдан зиёди айнан янгидан ташкил этиладиган иш ўринларига жойлаштирилиши мўлжалланган. Қолган қисми эса ҳудудлардаги бўш, шунингдек,  захира иш ўринларига юборилади. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда 14,9 минг янги иш ўрни яратилиб, режа 101,5 ­фоизга бажарилди.

Иш ўринларининг асосий қисми тадбиркорлик субъектлари ҳисобига яратилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, имкон қадар қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор берилгани натижасида соҳада 10471 иш ўрни, шундан кичик корхоналарда 7580 ва якка тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 1499 иш ўрни ташкил этилишига эришилди.

Янги иш ўринларининг асосий қисми хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига тўғри келади. Бу аҳоли даромадлари ва харид талаби ўсиб бораётганлигидан дарак бермоқда.

Депутатлар иш ўринлари яратиш билан боғлиқ барча йўналишлар бўйича дастур кўрсаткичлари бажарилган бўлса-да, айрим туман ва шаҳар ҳокимликлари қошидаги ишчи комиссиялар ўз фаолиятига жиддий ёндашмаётганини қайд этишди. Масалан, комиссия аъзолари белгиланган иш тартибига қатъий амал қилмай, сусткашликка йўл қўйгани оқибатида биринчи чоракда Дастурга киритилган 200 дан ортиқ лойиҳада назарда тутилган иш ўринлари тўлиқ ташкил этилмасдан қолди.

— Йўл қўйилган камчиликларнинг олдини олиш мақсадида туман, шаҳар ҳокимликлари масъул бошқармалари билан ҳамкорликда ишни тизимли ва самарали ташкил этишимиз керак. Дастурга киритилган ҳар бир лойиҳа ташаббускори билан учрашиб, ло­йиҳани амалга ошириш йўл-йўриқларини маслаҳатлашсак, шунда бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари аниқ белгиланади, — дейди Дилмурод Усмонов. — Жорий йилнинг иккинчи чорагида барча йўналишлар ҳисобига 4274 та лойиҳа ва субъектда 28854 та иш ўрни очиш белгиланган. Ташкил этиладиган иш ўринларига, биринчи нав­батда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, вақтинча ишсиз, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд кишиларни жойлаштириш режалаштирилган...

Фарғона вилоятидаги 144 касб-ҳунар коллежини бу йил 57,8 минг­дан зиёд йигит-қиз битиради. Уларнинг барчаси билан коллеж-корхона-битирувчи тизими асосида уч томонлама шартнома имзоланган. Депутатлар бошқарма бошлиғидан уларнинг бир қисми асоссиз, номигагина тузилгани сабабларини сўрашди.

— Дарҳақиқат, битирувчилар ва корхона ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар қайта хатловдан ўтказилди. Битирувчилар билан 37105 та шартнома тузилган бўлса-да, уларнинг 15389 таси фақат амалиёт учун ёки ишга олиш имконияти мавжуд бўлмаган корхона-ташкилотлар билан тузилгани аниқланди, — деди Дилмурод ­Усмонов. — Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш вилоят штаби уларни турли бош­қармалар тизимига қайта тақсимлаб берди. Битирувчилар, албатта, муқим иш жойи билан таъминланади.

Шундан сўнг янги иш ўрни яратиш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини кафолатланган даражада иш билан таъминлаш масалалари ҳақида вилоят иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Тожиҳакимов ҳамда Марказий банк вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Акрамжон Турсунов ахборот беришди.

ЎзХДП Ёзёвон туман кенгаши раиси Малика Чопқиева касб-ҳунар коллежларида инглиз тили, мусиқа, маиший хизмат кўрсатиш йўналишидаги битирувчилар сони яратилаётган иш ўрнига нисбатан анча камлиги, янги 2015-2016 ўқув йилида таълим йўналишининг амалдаги эҳтиёжга мутаносиблигига эришиш масаласини кўтарди. ЎзХДП Ўзбекистон туман кенгаши раиси Йўлдошали Шокиров ишга жойлаштирилган битирувчиларнинг ишлаётган-ишламаётгани орадан 6 ой ва бир йил ўтгач, албатта, мониторинг қилиниши лозимлигини таъкидлади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Маҳмуджон Маҳкамов ўрганиш натижасида янгидан иш бошлаётган битирувчиларга 14 ва ундан ортиқ фоизли кредитлар ажратиш ҳоллари учраётганини, коллеж битирувчиси ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлам ҳисобланиб, имтиёзли кредитлар, аввало, уларга йўналтирилиши лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. ЎзХДП гуруҳи аъзолари коллеж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, маълумотларнинг ҳаққонийлигини ҳар бир коллеж кесимида мунтазам ўрганиб бориш таклифларини беришди.

Доимий комиссия кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.  



DB query error.
Please try later.