21.05.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯ АЪЗОСИ

ҳар бир масалада ўз мустақил фикри ва албатта, позициясига эга бўлмоғи зарур

Маълумки, аҳолининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишда сиёсий партиялар муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда мамлакатимизда тўртта сиёсий партия фаолият юритмоқда, уларнинг аъзолари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Хўш, сиёсий партия аъзоси ким? У қандай одам бўлмоғи керак? Аъзоликнинг масъулияти нималарда кўринади? Шу ҳақда партиямиз фаоллари фикри билан қизиқдик.

Одинахон Солиева, ЎзХДП Пахтаобод туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

– Бугун одамларнинг сиёсий фаоллиги ошган, ҳуқуқий билими юксалган. Буни партиямизга аъзо бўлиш истагини билдираётганлар сони тобора ортиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин. Йил бошидан буён 30 нафар йигит-қиз сафимизга қўшилди. Туман миқёсида бир ярим мингдан ортиқ киши партиямиз аъзоси ҳисобланади. Биз янги аъзоларимизга партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини кенг тушунтириш билан бирга аъзолик масъулияти, вазифалари ҳақида ҳам тушунчалар бериб борамиз.

Сиёсий партияга аъзо бўлиш билан киши ўз зиммасига катта масъулият олади. У партия ғояларини қўллаб-қувватлабгина қолмай, уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этиши керак. Партия аъзоси ҳаётда, жамиятда бошқалардан бир қадам олдинда юриши талаб этилади. Дунёда ва мамлакатда бўлаётган жараёнларни мунтазам кузатиб бориши, воқеа-ҳодисалар ҳақида ўз фикрига эга бўлиши керак. Биз ўз сафимизда ана шундай фаол аъзоларни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Аҳмаджон Зокиров, Шайхонтоҳур туманидаги «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳудудий партия ташкилоти етакчиси:

– Кўп йиллардан бери Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси аъзосиман. Унинг дастурий ғоялари, мақсад-вазифаларини ўз ҳаётий қарашларимга мос билиб, шу партия­ни танлаганман. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, партияга аъзо бўлган одам атрофдаги воқеа-ҳодисаларга, мамлакатдаги ижтимоий сиёсий жараёнларга масъулият ва теран нигоҳ билан қарайди. Партиянинг турли тадбирлари, давра суҳбатлари ҳамда семинарларида иштирок этиш давомида бу жараёнларга ўз муносабатини билдириб боради.

Маҳалламизда олти ярим минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улар турли партияларга аъзо бўлишган. Ҳар ким ўз қарашларидан келиб чиқиб, тўртта партиядан бирини танлаган. Хусусан, ЎзХДП аъзолари ҳам маҳалламизда кўпчиликни ташкил этади. Партия йиғилишларида мамлакатимиз ҳамда дунё­да рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил этамиз. Биз тадбирларда умумий мавзулардан кўра, одамларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ ижтимоий масалаларни муҳокама қилишни кенг йўлга қўйишимиз лозим. Шундагина ҳар бир аъзо бундан манфаатдор бўлади ва партия мақсадларини амалга оширишга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

Олтиной Тлегенова, Қорақалпоқ давлат университети талабаси, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

– Мамлакатимиздаги ҳар бир сиё­сий партия жамият ривожи, мамлакат тараққиёти йўлида ўз дас­турий мақсадларини илгари сурмоқда. Ким қайси партия сафида бўлишни ўзи ҳал этади. Бу, албатта, унинг касби-кори, дунёқараши, ҳаётдаги орзу-умидларига боғлиқ. Мен ҳам сиёсий партиялар дас­тури билан танишган ҳолда Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­сини қўллаб-қувватлашга аҳд қилганман. Чунки бу партия ғоялари инсонпарварлиги, миллий қадриятларимизга мослиги билан эътиборимни тортган.

Партиямиз сафида мен каби ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, тенгдошларимнинг сиёсий жараёнларга қизиқиши катта, улар мамлакатимизда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга бефарқ эмас. Бугун ёшлар сиёсий партиялар сафида бўлиб, жамиятдаги воқеаларга ўз муносабатларини билдириб боришмоқда. Бу жараёнлар ёш­ларнинг дунёқараши, жамият келажаги тўғрисидаги тушунчалари кенгайишида муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар сиёсий партияга аъзо бўлишдан олдин бунинг масъулияти ҳақида ўйлаб, аниқ хулосага келмоғи керак, деб ҳисоблайман.

Бекзод Норматов, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳридаги 26-мактаб директори ўринбосари, халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

– Ҳар бир инсон яхши ният, эзгу орзу-истаклар билан яшашга интилади. Яқинларимга, юртимга, элимга  нафим тегса, уларнинг мушкулини осон қилишга кўмаклашсам, дейди. Партия аъзоси ҳам худди шундай. У ўзи аъзо  бўлган сиёсий куч электорати манфаатини ҳимоя қилишга, жамият тақдирига дахлдор масалаларни чуқур ўрганишга, ҳал этишга, партиянинг ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишга ҳисса қўшиши зарур.

Шуни алоҳида айтиш керакки, бугунги таҳликали замонда мамлакатимиз манфаатини ҳимоя қилиш, ёт ғояларга қарши курашишда ҳам партия аъзолари фидойилик кўрсатиши лозим. Демак, сиёсий партияга аъзолик гувоҳномасини олган одамнинг зиммасида мустақил фикрлашга интилиш, юрт тақдирига дахлдорлик масъулияти кучли бўлиши керак. Бу масъулиятни қанча чуқур ҳис этсак, партиямизнинг жамиятдаги таъсир кучи ҳам шунча юқори бўлади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.