19.05.2015

ТАРҒИБОТ ТАҲЛИЛГА АСОСЛАНСАГИНА САМАРАЛИДИР

Одамларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги, уларнинг мамлакатда қабул қилинаётган қонунлардан хабардорлигини ошириш ҳаётимизни демократлаштиришнинг энг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Қонунни, ҳақ-ҳуқуқини билмаган одам демократик ислоҳотлар мазмун-моҳиятини чуқур идрок этолмайди, ўз манфаатларини ҳимоя қилолмайди.

Маълумки, фуқароларда ҳуқуқий билим ва фаоллик кучайса, жамиятда қонун устуворлигига ҳурмат юксалади, сиёсий партиялар дастурий мақсадларига етиши учун янада қулай шароит юзага келади. Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, «Фаол аёллар» қаноти хотин-қизларнинг қонунлардан хабардорлигини ошириш мақсадида йил давомида қонунлар тарғиботи ойликлари ўтказмоқда. Жорий йил апрель ойи давомида кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатлари тарғиботи олиб борилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, «Фаол аёллар» қаноти аъзолари мамлакатимизда кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга енгиллик ва имтиёзлар яратиш билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни кенг ўрганиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Тарғибот ойлиги тадбирларида кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани хусусида тушунтириш ишлари олиб борилди. Хотин-қизлар билан жонли ва юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар ташкил этилди. Кекса ёшдаги ёлғизлар билан учрашиб, самимий мулоқотлар ўтказилди, уларга яратилган имтиёзлардан қандай фойдаланиш масалалари ҳақида маслаҳатлар берилди. Мулоқотлар давомида 6000 нафардан ортиқ кекса онахон ва хотин-қизлар қамраб олинди.

Айтиш керакки, тадбирларда туман, шаҳар «Фаол аёллар» қаноти бўлимлари атрофига бирлашган турли соҳалардаги фаол хотин-қизларнинг салоҳияти, бош­лан­ғич ташкилотлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланилди. Фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Энг муҳими, бу тадбирларимиз ўз амалий натижасини кўрсатди.

Тарғибот ойлиги доирасида фақат қонунларни тушунтириш билан чекланиб қолганимиз йўқ. Чунки тарғибот қуруқ сўз билан эмас, балки таҳлил, ҳаётий мисоллар ва қонунлар ижросига нисбатан нуқтаи назарни ифода этиш билан  самаралидир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ойлик доирасида ўтказилган учрашувлар, мулоқотлар жараёнида кексаларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ёки ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада тадбирлар иштирокчилари томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тарғибот тадбирларида қатнашган депутатлар эса фуқаролар, электорат вакиллари мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборадиган бўл­ди.

Аҳамиятлиси, тарғибот тадбирлари доирасидаги учрашув ва давра суҳбатларида кўтарилган масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар депутатларнинг ташаббускорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мисол учун, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги асосий йўл четида пиёдалар йўлакчасини қуриш масаласи халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида, Фар­ғона вилояти Қўқон шаҳрида ногирон болаларнинг якка тартибда таълим олишларида таълим сифатини янада ошириш масаласи эса сессияда кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

Бу борадаги фаолият барча ҳудудларда юқори савияда йўлга қўйилиши керак. Маҳаллий партия кенгашлари ушбу масалага жиддий эътибор бериши, сусткашликка йўл қўймаслиги тақозо этилади. Унутмаслигимиз лозимки, биз ўтказаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари бевосита партиямиз Сайловолди дас­тури ижроси билан боғлиқдир. Шундай экан, фақат расмиятчилик учун тадбир ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас.

Баъзи минтақавий партия кенгашлари фақатгина тадбир ва иштирокчилар сони тўғрисида маълумот тақдим этиш билан чекланаётганини оқлаб бўлмайди, албатта. Қонунлар тар­ғиботи ойликларини ўтказишдан асосий мақсад электорат вакиллари ҳуқуқий билимини ошириш, уларни ташвишлантираётган муаммоларни аниқлашдан иборат.

Тадбирлар давомида кексаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини ўрганиб, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга бўлган эҳтиёжни аниқлаш масаласига эътибор қаратиш ҳам кўзда тутилган эди.

Шунга мувофиқ, жойларда ўтказилган тарғибот тадбирлари доирасидаги учрашувларда қонунчилигимизда кексаларни ижти­моий қўллаб-қувватлашга оид қатор механизмларни кучайтириш ва бошқа масалаларда таклифлар берилди. Бундай таклифлар кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади, албатта. Бу, ўз навбатида, қонунларни электорат манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил этиш, уларни янада такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжни ўрганиш борасидаги ишларимизни изчил йўлга қўйишда муҳим ўрин тутади.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

ЎзХДП фаоли.



DB query error.
Please try later.