19.05.2015

КИТОБ ЭЗГУЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Байналмилал маданият маркази, Республика Болалар кутубхонаси  ҳамкорлигида «Китоб бизни бирлаштиради» шиори остида китобхонлар фестивали ўтказилди.

Истироҳат боғи байрам либосига бурканган. Зеро, бу ерда жажжи кичкинтойлар, болакайлар, ёшлар ва ота-оналар учун ҳар куни байрам десак, муболаға бўлмайди. Мактаблардан, мактабгача таълим муассасаларидан китоб байрамига келаётган ўқувчиларнинг охири кўринмайди Болакайлар ота-оналарини турли хил чиройли суратлар билан безатилган эртак ва шеърий китоблар ярмаркаси томонга бошлайди.

Қуёш ҳароратидан дарахтлар соясига киришингиз билан биллур ложуварддай тўлқинланиб турган кўл эпкини вужудингизга роҳат бахш этади.

Бирдан боғ қошидаги «Гулис­тон» дастаси ижросидаги карнай-сурнай садолари барчани «Китоб бизни бирлаштиради» китобхонлар фес­тивалининг очилиш маросимига чорлайди. Бу ерга пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган ўнга яқин наш­риётлар энг сара ва бири-биридан чиройли, ранг-баранг китоб маҳсулотларини олиб келишган.

Бир томонда «Булбулча» болалар ашула ва рақс ансамбли, «Ғунча», «Раъно-студио», «Шарқ» ансамбли санъаткорлари болаларни даврага чорлайди, «Яхшилик қил» деб номланган хайрия ташкилотининг волонтёрлари кичкинтойларга турли ширинликлар, муз­қаймоқлар улашмоқда. «Эркатой» журнали дизайнери Элёр Абдусаломов рангдор муқовада чоп этилган китобчаларни ҳаммага тарқатиб юрибди.

Хуллас, байрам бошланди. Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Дониёров барча йиғилганларни китобхонлар байрами билан муборакбод этди. Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али кичкинтой ва ўқувчиларни байрамга келган шоир ва ёзувчилар билан таништирди. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари маданият марказлари болалар бадиий жамоалари ўз санъатларини намо­йиш қилдилар.

— Санъат чегара билмайди, деганларидек, китоб ҳам чегара билмайди, — дейди болалар шоири Дилшод Ражаб. — Китоб ўқиб, унинг мазмунини чақиш энг роҳатбахш иш. Айниқса, китоб мутолаа қилиб улғайган болаларнинг дунёқараши кенгаяди, ҳар битта ҳаракати эзгуликка хизмат қилади.

Навбатдаги суҳбатдошимиз — шоира Иқболой Абдураҳмонова. У Янгийўл туманидан етти ёшли фарзанди Абдураҳмон билан келибди. Шоиранинг «Бахтим баҳори» деб номланган шеърий тўплами яқиндагина нашрдан чиқибди.

Меҳнат фахрийси Муҳайё Тўлаганова шундай дейди:

— Болаларга бағишлаб ёзилган олтита китобим чоп этилган. Доимо мактабларда, болалар боғчаларида бўлиб ўтадиган учрашувларда қатнашиб, ўқувчиларга китоб совға қиламан.

— Бугунги китоб байрамида энг кўп китоб ўқиган ўқувчиларга Халқ таълими вазирлигининг эсдалик сов­ғалари топширилди, — дейди Республика Болалар кутубхонаси етакчи мутахассиси, матбуот котиби Ҳафиза Абдуллаева. — Икки юз нафарга яқин ўқувчига бепул китоблар тар­қатилди.

Дилором Зиётова Бектемир туман «Баркамол авлод» болалар марказида услубчи ва тўгарак раҳбари бўлиб ишлайди. У ҳам тўрт нафар ўқувчисини китоб байрамига олиб келибди. Шогирди Лайло Қобилова саҳнага чиқиб, Ватан ҳақида қўшиқ куйлаганда, барча болалар унга жўр бўлишди.

 — Фестивалга Ўртачирчиқ туманидаги 124-махсус мактаб-интернати ўқувчиларини олиб келдим, — дейди муассаса хизматчиси Абдусаттор Раззоқов. — Улар китоб байрамида ўз шеърий чиқишлари билан иштирок этишди, совға-саломлар олишди. Ҳаммаси хурсанд, мен ҳам хурсандман, бундай байрамлар кўпроқ бўлсин, дейман.

Сўлим дарахтлар қучоғидаги томоша майдонида ўтирган уч нафар кекса онахон диққатимни тортди.

— Биз Хоразмдан келганмиз, — деб гап бошлади ўзини Шукуржон Матёқубова деб таништирган аёл. — Истироҳат боғида китоб байрамининг устидан чиқиб қолдик. Менинг ўн битта неварам бор. Ёнимда ўтирган Муборак Гаданиёзованинг тўртта, Султонпошша Аллаберганованинг 14 та невараси бор. Шуларнинг ҳаммасига чиройли, рангли эртак китоблар сотиб олдик. Байрамни маза қилиб кўрдик. Энди Хоразмга борсак, бу ҳақда невараларимизга гапириб берамиз. Бундай китоб байрамлари вилоят, туманларда ҳам ўтказилса, яхши бўларди.

Китоб байрами давом этмоқда. Боғга тасодифан, дам олиш учун келган ўқувчиларни, меҳмонларни ҳам фестиваль даврасида янграётган қувноқ садолар ўзига, гўёки китобхонликка чорламоқда эди.     

 

Нуруллоҳ ДОСТОН



DB query error.
Please try later.