19.05.2015

ЎЗБЕКИСТОН ИСТЕЪДОДЛАР МАМЛАКАТИ

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида ёш опера  ижрочиларининг «Ёшлик баҳори» республика очиқ кўрик-фестивали бўлиб ўтди

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур кўрик-фестивалнинг мақсади ёш опера ижрочиларини аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида миллий ва жаҳон санъатига ҳурмат ҳиссини уйғотишдир.

Тадбирда турли вазирлик ҳамда идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ёш санъаткорлар, санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус таълим масканлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Кўрик-фестивалнинг саралаш босқичи Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилди. Унда эллик нафардан зиёд 32 ёшгача бўлган ёш истеъдод эгалари рус, француз ва итальян тилларида мумтоз опера асарларини ижро этди.

Танлов ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, 1-мукофотга Фарангиз Шамсиева, 2-мукофотга Беҳзод Давронов, 3-мукофотга Ангелина Аҳмедовалар сазовор бўлди.

Шу билан бирга, «И.Брамснинг «Ода Сафо» романси ижросида мусиқий ва ижро услубини сақлагани учун» Султонбек Абдураҳимов, «Ўзбек композитори асарининг энг яхши ижрочиси» Гулсора Мирзаева, «Ёш ва умидли опера ижрочиси» номинация­сига Алия Исмагулова ва Лобархон Иброҳимовалар муносиб кўрилди. Танловнинг бир қатор иштирокчилари «Фаол иштироки учун» фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Грайр ХАНЕДАНЬЯН, опера хонандаси (тенор), бастакор, Санкт-Петербург­даги Мариинск опера ва балет театри ходими, Санкт-Петербург давлат консерваториясининг вокал кафедраси профессори, ҳакамлар ҳайъати аъзоси (Россия):

— Мен ўн йилга яқин Тошкент шаҳрида яшаганман. Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ишлаганман. «Ўзбекистон халқ артисти» юксак унвонига сазовор бўлганман. Ушбу мамлакат билан боғлиқ ёрқин хотираларим жуда кўп. Мени қадрлаган, эъзозлаган бу юртга келишдан ҳар доим мамнун бўламан.

Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар кўп. Буни мазкур фес­тиваль ҳам яна бир марта намойиш этди. Юртингизда иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бугунги кунга келиб, ўзбекистонлик ёш опера ижрочилари нуфузли халқаро танлов ва фестивалларда муносиб қатнашмоқда. Ўтган йили Тошкентда ташкиллаштирилган «Compe­tizione dell' Opera» танлови ҳам юксак савияда ўтказилганди. Ўзбек ёшларининг чиқишлари, жаҳон операсидан намуналарни маҳорат билан ижро этгани кўпчиликни лол қолдирганди. Мен «Ёшлик баҳори» фестивали муносабати билан Ўзбекистонга яна бир бор келганимдан хурсандман. Мазкур фес­тивалда юртингизда ноёб истеъдодлар, бетакрор овоз соҳиблари кўплигига яна бир бор амин бўлдик.

Лариса ГЕРГИЕВА, вокал бўйича Халқаро экспертлар ассоциацияси аъзоси, «Ёш қўшиқчилар академияси» бадиий раҳбари, Санкт-Петербургдаги Мариинск опера ва балет театри опера режиссёри, ҳакамлар ҳайъа­ти аъзоси (Россия):

— Биз санъаткорлар ҳақи­қий иқтидор соҳибларини кўрганда, уларга ич-ичимиздан тан берамиз. Бугун мен Ўзбекистонда опера йўналишида ижод қилаётган иқтидорли ёшлар кўплигини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Улар қаттиқ меҳнат қилишса, жаҳон операсида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига ишонаман. «Ёшлик баҳори» фестивалининг саралаш бос­қичи Ўзбекистонда ажойиб операчилар авлоди етишиб чиқаётганини кўрсатди. Давлатингиз томонидан санъаткорларга яратиб берилаётган шароитлар таҳсинга лойиқ. Бугун ўзбек санъаткорларининг жаҳон саҳналарида ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани бежиз эмас...

«Ёшлик баҳори» фестивали ёш операчилар учун ҳақиқий маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Умид қиламизки, мазкур фестиваль иштирокчилари Ўзбек­ис­тон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини ва кам бўлмаслигини дунё саҳналарида яна бир бор намойиш этишади...

 

Темур АЪЗАМ



DB query error.
Please try later.