16.05.2015

ДЕПУТАТ СЎРОВИ ИНСТИТУТИГА КИМ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛМОҚДА?

Мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти қуриш ва демократик жараёнларни янада чуқурлаштиришда сиёсий партиялар ва улардан сайланган депутатларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Депутатлар сайловчилар, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш бўйича катта ҳуқуқ ва ваколатларга эга.

Бир мисол. Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаат билан чиқиш ҳуқуқига эга. Бу депутатлик сўрови ҳисобланади. Жиззах вилоятида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар ушбу институт имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилишяпти. Ўрни келганда айтиш керакки, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишларни амалга ошираётган депутатлар ҳам, депутатлик сўровларига ўз вақтида муносабат билдираётган раҳбарлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Мўътабар КАРИМОВА, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

Масалан, ўтган йилнинг охирларида «Марказгазтаъминот» унитар корхонаси Жиззах вилоят мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи номига Жиззах туман Кенгаши депутати Акром Иномов томонидан «Қулписар» қишлоғида газ тармоғида босим етарли эмаслигидан аҳоли ташвиш чекаётгани ҳақида депутат сўрови киритилди. Сайловчилар томонидан билдирилган эътирозга асосланган мазкур сўров ташкилот мутасаддилари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилди ва қисқа муддатда 9,5 километр­дан зиёд масофадаги газ тармоғи бошқа жойга кўчирилиб, юқори босимли стан­ция­га уланди. Шу тариқа муаммо ечим топди.

Айни кунларда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 12, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 115 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти пар­тия­миз дастурий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. Ўтган йили давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органларининг мансабдор шахсларига жами 60 та депутатлик сўрови киритилган бўлса, жорий йилнинг 4 ойида бундай сўровларнинг сони 19 тани ташкил этди. Муҳими, уларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни жойларда ҳал этишга эришилди.

Аммо, афсуски, депутатлик сўрови институти имкониятларидан фойдаланишда депутатларимизнинг талабчанлиги, фаолликлари ҳам бир хил эмас. Хусусан, айрим депутатларимиз сайловдан ке­йинги 4 ойдан кўпроқ муддат ичида 2-3 тагача депутат сўровлари киритишган пайт­да баъзи депутатлар бирон марта ҳам депутат сўрови юбормаган. Хусусан, Зарбдор, Арнасой, Дўстлик туман Кенгашларидаги партиямиздан сайланган депутатлар бу борада сусткашликка йўл қўйиб келишмоқда. Улар депутат сўровидан камдан-кам ҳолларда фойдаланишяпти, мутасаддилардан ўз сўровларига вақтида жавоб қайтарилишини, амалий чоралар кўрилишини қатъият билан талаб қилишмаяпти. Буни муқаддам депутат сўрови киритилган Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бош­қармаси бошлиғининг ўринбосари бир йилдан кўпроқ вақт ўтишига қарамасдан масалага ойдинлик киритиш учун изоҳ беришни турли сабаблар билан орқага сураётганидан ҳам билса бўлади. Гап шундаки, Жиззах туманидаги «Ҳаваслик» маҳалласи ҳудудидан ўтадиган зовурни тозалаш масаласи анча вақтдан бери ҳал этилмасдан келмоқда.

Депутат сўрови турли масалаларда бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай сўров муаммо атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг, юборилсагина кутилган самарани беради. Ҳар бир депутат, унга кўмак берадиган партия ташкилоти шунга амал қилиши керак. Масала аниқ ва асосли қўйилган депутатлик сўровининг таъсир кучи юқори бўлади.

Шу ўринда Жиззах туманидаги «Уяс» қишлоғида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалада туман ҳокимига, туғма ногирон Маъсума Жумашеванинг соғ­лиғини тиклашга кўмак зарурлиги ҳақида вилоят Соғ­лиқни сақлаш бошқармасига юборилган депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб берилиб, масалалар ҳал этилганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Депутатларимиз жонкуяр, ташаббускор, талабчан бўлса, жойларда одамлар, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларга, албатта, ечим топилади. Бугунги кунда вилоятимизда Хидир Шукуров, Акром Иномов, Тўлқин Аҳроров, Ҳаким Намозов, Абдунаби Абдураҳ­монов, Озотой Қўш­боқова, Муртозақул Бўтаев, Баҳор Жумабоева, Жалил Қувондуқов сингари ўнлаб депутатлар ўз ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда сайловчилар ишончини оқлашга, соҳа ва тармоқлардаги камчиликларни бартараф этишга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Улар депутатликнинг масъулиятини юракдан ҳис этиб, электоратнинг ҳаётий эҳтиёжларига хизмат қиладиган қимматли таклифлар, фойдали ташаббуслар билан чиқишаяпти. Энг муҳими, депутатларнинг фаоллиги орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўсиқ бўлаётган масалалар ўз вақтида ечимини топмоқда.

Президентимиз «Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа — қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир», деб алоҳида таъкидлаган эди. Депутатлик сўрови бу вазифани амалга оширишда асосий восита, қонуний механизм ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир депутат бу институтдан самарали фойдаланиш ҳақида янада чуқур ўйлаб кўриши зарур.



DB query error.
Please try later.