14.05.2015

ПАРТИЯНИНГ ТАЪСИР КУЧИ

аввало, бошланғич ташкилотлар фаоллигига боғлиқ

Тажрибадан маълумки, бошланғич ташкилотлар қанчалик фаол бўлса, сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги таъсир кучи шунча юқори бўлади. Шунинг учун мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтиришга жиддий эътибор қаратмоқда. ЎзХДП тизимида ҳам ушбу масалада қатор ишлар амалга оширилган, муайян тажриба тўпланган. Бу борадаги айрим саволлар билан вилоят партия кенгаши етакчиларига мурожаат қилдик.

— Бошланғич ташкилотлар фаолиятини  бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш учун қандай ишлар олиб борилмоқда?

Музаффар Туропов, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши ­раиси ўринбосари:

— Қашқадарё вилоятида партиямизнинг 845 та бош­ланғич ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Биз қуйи ташкилотлар ишини янгича ташкил этиш, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатларнинг қуйи бўғин билан ишлашга муносабатини ўзгартириш, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини юксалтиришга эътибор қаратяпмиз. Масалан, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар, эркин мулоқотларни кўпроқ ўтказиш, аъзоларнинг фикрларини тинг­лаш ҳамда муҳокама этишга кенг ўрин берил­япти.

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар  Кенгашларидаги партия­миз гуруҳлари аъзолари ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари ўртасидаги ҳамкорликни мус­таҳкамлаш кун тартибидаги устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, ҳар ойда ташкил этилаётган «Бошланғич партия ташкилотлари куни»да депутатлар билан биргаликда бошлан­ғич ташкилотларга бориляпти, улар фаолияти, муаммолари ўрганиляпти, таклифлар эшитилмоқда. Бу таклифлар депутатларимиз томонидан чуқур таҳлил этилади, электорат манфаати билан боғлиқ масалаларни доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқишга асос бўлади.

Шунинг учун бошланғич ташкилотлардан кўпроқ таклиф олишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки улар  ҳаётий, асосли таклифлар бера олади.

 Бошланғич партия ташкилоти фаолияти қандай бўлиши кўп жиҳатдан етакчилар салоҳиятига боғлиқ. Етакчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш борасида бугун олиб борилаётган ишлар ҳақида нима дея оласиз?

Чори Жумақулов, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси:

— Партия фаолиятини жонлантириш, аввало, қуйи бўғин фаоллигини оширишдан бошланиши кўп такрорланади. Хўш, қачон бошланғич ташкилотлар ташаббускор бўлади? Биринчи нав­батда, бошланғич ташкилотларга ҳаракатчан, билимдон кишилар етакчи этиб сайланса. Айтайлик, турли тадбирларда, кундалик ҳаётда фуқаролар етакчига мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, сиёсий партиялар ғоя ва мақсадлари ҳақида савол беради. Етакчи сиёсий-ҳуқуқий билимли бўл­сагина, уларга жавоб бера олади, одамларни ўз ортидан эргаштиради.

Шундан келиб чиқиб, ўқув-семинарларни ҳар бир бошланғич ташкилотда юқори савияда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Вилоят партия кенгашидаги тадбирларга ҳам кўпроқ бошланғич ташкилот етакчилари таклиф этиляпти.

Очиғини айтиш керак, ўз фаолияти давомида бирор марта ҳам аниқ ташаббус ёки таклиф билан чиқмаган бошланғич ташкилот раислари ҳам йўқ эмас. Номига йиғилиш ўтказиш, номига етакчи бўлишдан кимга фойда? Айрим жойларда партиянинг асосий таянчи ҳисобланган бошланғич ташкилотлар билан вилоят партия кенгаши, ҳатто туман ва шаҳар кенгашлари алоқаси изчил йўлга қўйилмаган. Бу ўринда туман, шаҳар кенгашлари раҳбарларининг айби борлигини тан олмоғимиз керак. Бошланғич ташкилотлар фаолиятини таҳлил этиб, уларга ёрдам кўрсатиб борилмаса, кўп масалаларда кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди, партиянинг таъсир кучини ошириш қийин кечади.

Шу боис ҳам айни кунларда етакчилар учун махсус семинарлар ташкил этишга тайёргарлик кўриляпти. Унда ибратли тажрибаларни оммалаштириш масаласи ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни кўпроқ бошланғич ташкилотларда ўтказиш чоралари белгиланган. Бошланғич ташкилот қанчалик ҳаракатчан ва фаол бўлса, партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш имконияти шунча кенгаяди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.