Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
14.05.2015

ТИНЧЛИКНИ КЎЗ ҚОРАЧИҒИМИЗДЕК АСРАШ КЕРАК

Ҳар бир соғлом фикрли киши ўз ҳаёти, манфаати, юрт тинчлиги, равнақига бевосита дахлдор бўлган воқеа-ҳодисага қизиқиш билан қарайди, унга шахсий муносабатини билдиришга ҳаракат қилади.

Президентимизнинг 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлган суҳбатда билдирган фикрлари шу кунларда кенг жамоатчилик, хусусан, партия­дошларимиз, фаолларимиз ва депутатларимиз томонидан қизғин ўрганилмоқда.  

Таҳририятимизга мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан қўнғироқлар бўлмоқда, фикр-мулоҳазалар билдирилган мактублар келмоқда.

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Дунёда халқлар, миллатлар кўп. Лекин уларнинг орасида тинчликни, хотиржамликни бизнинг халқимиз каби қадр­лайдиган, эъзозлаб-ардоқлайдиган халқ кам учраса керак. Тинчлик тушунчаси ота-боболаримиз улуғлаган қадриятларга, кундалик ҳаёт тарзимизга, онгимизга, бир сўз билан айтганда, қон-қонимизга сингиб кетган. Турли давраларда ёши улуғларимиз фотиҳага қўл очса, дунё тинч­лигини сўрайди. Икки одам учрашганда, аввало, бир-бирига тинч­лик-омонлик тилайди.

Хотира майдонида Президентимиз тинчлик, унинг аҳа­мияти ва қадри ҳақида билдирган фикрлар мустаҳкам ҳаётий асосларга эга ва халқимиз кўнглининг ифодасидир.

«Бизнинг халқимиз кўпчилик халқлар қатори нимани истайди, нимани хоҳлайди — бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак! Эртанги кунимиз ёруғ, осмонимиз мусаффо бўлсин, барчамиз орзу-ниятимизга етайлик!

Бизга, қолаверса, ер юзидаги барча халқларга ана шундай, бир қарашда жуда оддий, лекин аниқ нарсалар керак!»

Яхшилаб ўйлаб кўрайлик, бу сўзларда халқимизнинг мақсад-муддаоси, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт фалсафаси мужассам эмасми?.. Бугун дунёда бўлаётган воқеалар, турли сиё­сий низо ва ихтилофлар кучайиб бораётган бир шароитда Президентимиз сўзларидан хулосалар чиқариб олишимиз керак бўлади.

Дарҳақиқат, жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби ёвуз хавф-хатарлар кучайиб бормоқда, фашизм деган бало яна бош кўтармоқда, миллатчилик, шовинизм сингари офатлар майдонга чиқмоқда.

Шундай кескин вазиятда мамлакатимизда пухта ўйланган сиёсат юритилаётгани турли хатарларнинг олдини олмоқда. Ўзбекистон таҳдид ва хавфларнинг Марказий Осиё минтақасига тарқалишига тўсиқ қўймоқда.

Республикамиз минтақамизда ва глобал миқёсда тинч­лик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган деярли барча халқаро ҳужжатларга қў­шилган. Мамлакатимизда тинчлик, осо­йишталик ва бар­қарорликни таъминловчи муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган ҳамда уларнинг ижроси изчил таъминлаб келинмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиё­сий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қатор қонунлар халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бугун бир нарсани унутмаслигимиз лозим. Мамлакатимиздаги осойишта турмушимизни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг ҳушёр ва огоҳлигимиз, Ватан тақдирига дахлдорлигимизга  боғлиқ. Пар­тия­миз тизимида олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларида бу масалага алоҳида эътибор қаратишимиз талаб этилади.

Дилором АБДУРАҲИМОВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Одамнинг ҳаётида шундай улуғ ва қадрли саналар бўладики, йиллар ўтса-да, улар ўз мазмун-моҳияти, аҳамияти, азизлигини йўқотмайди. Хотира ва қадрлаш куни ҳар биримиз учун ана шундай муқаддас, табаррук саналардан биридир. Чунки шу куни нурафшон ҳаётимиз учун жон фидо қилганларга ҳурмат, уруш даҳшатларини бошидан кечириб, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, бугунги фаровон ва осуда кунларга етиб келган қарияларимизга юксак эҳтиром кўрсатилади.

Президентимизнинг Хотира майдонида билдирган фикрларида вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин Ватан озодлиги ва эркинлиги, эл-юртимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган ўғлонларнинг номлари ва хотираси кўпни кўрган, ҳеч қачон ёвуз душман олдида бош эгмаган халқимизнинг ёдида умрбод, абадий сақланишини алоҳида қайд этиб ўтди.

Бу сўзларни ўқир эканман, кўз олдимда байрам муносабати билан жойларда ўтказилган тадбирларда нуроний отахону онахонларимизнинг уруш даврининг суронли ва азобли кунлари ҳақида айтган гаплари, ҳикоялари ёдимга тушди. Бундай инсонлар чиндан ҳам биз учун жасорат, бурч ва матонат рамзидир.

Юртимизда жорий йил «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниб, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёши улуғ кишиларимизнинг соғлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини енгиллаштириш уларнинг кўнглини кўтариш ниятида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Шу муносабат билан бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, эъзозлаш изчил ва кенг кўламда олиб борилаяпти. Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги «1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони асосида уруш қатнашчилари ва фахрийларга пул мукофотлари ва совғалар топширилди. Халқимизнинг одамийлиги, маънавий қадриятлари, олижаноб фазилатлари ана шундай улуғ кунларда янада яққол намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш кунида билдирган фикрларини партия ташкилотларимизда ўрганиш ишларини йўлга қўйдик. Суҳбат чоғида илгари сурилган ғоялар мазмун-мақсадини партиядошлар ва электоратимиз вакиллари орасида кенг тарғиб қилишимиз зарур. Чунки бу фикрлар партиямиз дастурий мақсадларига мос бўлиб, электорат манфаатига хизмат қилади.

Олтибой РАЖАБОВ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бошқарувчиси вазифасини бажарувчи, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Отам Бекжон Ражабов 1942 йилда 20 ёшида фронтга кетган. Ғалабадан сўнг юртимизга қайтиб, эгнидаги шинелини ечмасдан далага чиққан. Оддий колхозчи, бригада бошлиғи, ҳосилот ва бир муддат раислик ҳам қилган. Отам уруш хотираларини сўзлашни унчалик хуш кўрмас эди. «Ишқилиб, биз кўрдик, сизлар кўрманглар!» деб хўрсиниб қўярди.

Ҳозир ўша дамларни хотирласам, отамнинг узоқларга термулган нигоҳларида нималар акс этганини тушуниб етгандай бўламан. Англайманки, отам урушнинг мудҳиш жабрини, ғалаба учун курашган одамларимиз бошидан ўтказган қийинчиликларни кўп ўйлаб, чуқур «уҳ» тортиб қўяр экан... Минг афсуски, отамга истиқлолни, ўзи орзу қилган бугунги дориломон кунларни кўриш насиб этмади. Уруш уларни вақтли улғайтирган, урушдан кейинги оғир йиллар вақтли қаритган эди.

Юртбошимиз 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ОАВ вакиллари билан суҳбатда боболаримиз чекига тушган оғир, синовли дамларни хотирлаб, ўтганларни эслаш, кексаларни эъзозлаш барчамизнинг фарзандлик бурчимиз эканлигини қайта-қайта таъкидлади. Президентимиз айтдики, «...бу дунё ғанимат эканини эсимиздан чиқармасдан, бешаф­қат урушда қатнашган, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган ватандошларимизни қадрлаш, эъзозлаш, умрини узайтириш, уларни эслаб, ҳолидан хабар олиш, руҳини кўтариш – бундай эзгу ишлар барчамизнинг энг олижаноб бурчимиз бўлиши шарт!».

Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларига энг чекка ҳудуд — Хоразм вилоятидан 85 минг нафардан ортиқ ватандошимиз кетган бўлса, уларнинг учдан бирига юрт­га омон қайтиш насиб этмади. Вақт бешаф­қат. Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги байрамига улардан 157 нафаригина етиб келди...

Улуғ сана арафасида уруш иштирокчилари ҳолидан хабар олиш, уйларини таъмирлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш диққат-эътиборимизда бўлди. Жамоатчилик фондимиз, партиямиз фаоллари ва депутатлар томонидан уруш қатнашчиларига  қимматбаҳо совғалар топширилди.

Фондимизнинг туман бўлимлари ходимлари ҳар бир уруш иштирокчисига алоҳида бириктириб қўйилган. Улар фахрийлардан мунтазам хабар олишади, муаммолари бўлса, ечимини топишда кўмаклашишади.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан партиямиз ташкилотлари ташаббуси билан икки авлод учрашувлари ўтказилди. Уларда уруш ва меҳнат фахрийлари ёшларимизга машаққатли кунлар хотиралари, сабоқлари ҳақида сўзлаб беришди, бугунги тинчлик ва хотиржамлик замонига шукрона келтиришди. Бундай суҳбатлар ёшларнинг ҳар томонлама огоҳ ва ҳушёр бўлиб ул­ғайишида, ҳаётни чуқурроқ тушуниб етишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугун биз Юртбошимиз томонидан айтилган сўз­лар, билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, уруш қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, умуман, кексаларимизни эъзозлаш, уларга доимий ҳур­­­­мат-эҳтиром кўрсатиш энг муҳим вазифаларимиздан эканини яна бир бор чуқур англаймиз.



DB query error.
Please try later.