14.05.2015

«ҲАЁТДА ЎЗ ЎРНИМНИ ТОПИШНИ ХОҲЛАЙМАН»

Касб-ҳунар коллежларини битириб чиқаётган йигит-қизларнинг истаги шундай

Шаҳноза Давронова Ғиждувон агросаноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси. Унинг келгусида режалари кўп, мақсадлари жуда катта. Масалан, ўқув муассасасини тамомлагач, ўз мустақил ишини йўлга қўймоқчи. Ёшлигидан чеварчиликка қизиққани учун шу соҳа билан шуғулланишга аҳд қилган. Демак, ҳаракатни бугундан бошлаши керак.

Шаҳноза керакли технологик жиҳозлар учун кредит олишга қарор қилди. Банкнинг талабларини ўрганди, бизнес-режа тузди. Унинг интилиши қўллаб-қувватланди. ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Бухоро вилоятининг қатор туманларида ўтказилган амалий семинарлар чоғида 30 нафар коллеж битирувчиси тақдим этган лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳақида ҳам сўз борди.

ЎзХДПнинг «Микрокредитбанк» АТБ ва Хотин қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, банк ходимлари ва мутахассислар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлашди.

Йиғилишда айтилганидек, бу йил вилоятда 80 та касб-ҳунар коллежи, 8 та академик лицейни 114 йўналиш бўйича 25 минг 678 нафар ёш битириб, меҳнат бозорига кириб келмоқда. Битирувчиларни эгаллаган мутахассислигига мувофиқ ишга жойлаштириш бўйича чоралар белгиланган. Ҳозиргача 25 минг 453 нафар битирувчи билан уч томонлама шартномалар тузилди.

Сўзга чиққанлар  ислоҳотлар чуқурлашиб, бозор иқтисодиёти тамойиллари изчил жорий қилингани сари аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлашга талаб ҳам ортиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунинг учун мустақил ҳаётга кириб келаётган йигит-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тараққиётимизнинг бугунги бос­қичида жуда долзарб аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди.

Семинар давомида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга яратилган имтиёз ва шароитлар ҳақида ҳам ёшларга батафсил маълумот берилди.

Шарбат Абдуллаева, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар, аввало, ўша ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Энг муҳими, бу орқали аҳоли турмуш даражаси юксалади, фаровонлиги ортади. Гап ёшлар ҳақида кетганда, шуни унутмаслигимиз керакки, бугун коллежни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир йигит-қиз давлат ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этиши кўп жиҳатдан уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка ҳам боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи ҳар доим кун тартибида туради. Аҳоли орасида банк хизматлари, кредит олиш тартиб-қоидалари, қонуний меҳнат қилиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш бандлик масаласини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Бу ишлашга иштиёқманд кишиларнинг ўзига, мамлакатиимзда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини кучайтиради.

Мазкур вазифалар бевосита дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг бўлгани боис, партиямиз ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойлари ташкил этиш, ташаббускор фуқаролар, ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларни қўл­лаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий-ҳуқуқий соҳадаги билимини оширишга алоҳида эътибор қаратяпти. Биз бундай тадбирларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам тизимли тартибда ўтказишни режалаштирганмиз.

Ирода Қосимова, «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки республика бошқаруви кредитлаш департаменти бў­лими бошлиғи:

— Ўз оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишни истаган ҳар бир одам меҳнат қилишни истайди. Айримлар соҳа имкониятларидан қандай фойдаланишни билади. Аммо яратилаётган қулайлик ва мустақил иш бошлашнинг ҳуқуқий асосларидан тўла хабардор бўлмаганлар ҳам оз эмас.

Аввало, айтиш керакки, ёшларимиз ўз ишини очиши учун йирик сармоя эгаси бўлиши шарт эмас. Чунки бугун ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганлар учун солиқ, кредит ва бошқа соҳаларда қатор имтиёз, кафолатлар яратилди. Касб-ҳунар коллежи битирувчиси бизнес-режа асосида исталган банкдан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини бемалол йўлга қўйиши мумкин. Айрим ҳолларда ёшларда иш бошлаш ғояси бўлади, лекин бизнес-режа қандай тузилиши ҳақида етарли тушунча бўлмайди. Шунинг учун уларга тадбиркорлик ишини йўлга қўйишнинг барча жараёнлари ҳақида маълумот бериш учун консалтинг хизматлари фаолияти йўлга қўйилган.

Эрдон  Гадоев, вилоят давлат Солиқ бош­қармаси масъул ходими:

— Солиқ кодекси ва Президентимизнинг тегишли қарорларига мувофиқ, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари белгиланган. Масалан, Солиқ кодексининг 375-моддасига киритилган яна бир муҳим янгилик касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай имконият яратади. Яъни, 2015 йилдан бошлаб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Бу янги иш ўринлари яратиш, хусусан, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг муҳим ва қулай кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Саида Жўраева, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Албатта, юқорида солиқ бошқармаси ходими тўғри таъкидлади. Бугун микрофирма ва кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун солиқ юки йилдан-йилга камаймоқда. Касб-ҳунар коллежини тугатиб, ўз ишини энди бошлаган тадбиркор ёшларимизга қатор имтиёзлар бериляпти. Буларнинг барчаси янги ва бар­қарор иш ўринлари ташкил этилишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун қонунчилигимиздаги янгиликлар, яратилаётган имконият ва қулайликлар тўғрисида фуқароларга кенг тушунтириш беришимиз керак. 

Бироқ шу ўринда яна бир масалани ҳам таъкидлаб ўтмасдан бўлмайди. Гап шундаки, айрим ҳолларда жойларда тадбиркорликни ривожлантиришга масъул кишилар, баъзан банк ходимлари ўз ишига етарли даражада масъулият билан ёндашмаяпти. Партиямиз кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарида депутатларга бу ҳақда мурожаатлар бўляпти. Барча туман ва шаҳарлардаги партиямиздан сайланган депутатлар бу масалага алоҳида эътибор билан қарашларини сўрардим.

Тадбир доирасида аҳолига банк хизматларини кўрсатиш, кредитлар беришга доир банк кўргазмаси ҳам тақдим этилди. Шунингдек, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, партия фаоллари иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилиб, аҳолидан тушган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбирнинг фойдали бўл­ганини иштирокчилар алоҳида қайд этишди. Кимдир сертификат олиб, энди ўз ишини йўлга қўйишидан мамнун бўлса, яна кимдир мустақил ишини бошлаши учун керакли маслаҳат олганидан, ўзига ишонч ошганидан хурсанд...

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.