14.05.2015

КЎҲНА АНДИЖОН ОБИДАЛАРИ

Археолог олимларнинг маълумотларига кўра, Фарғона водийсининг энг қадимги маънавий-маърифий иншоотлари асосан сиғиниш-топиниш  ва бошқа кундалик турмуш билан боғлиқ иншоотлардан иборат бўлган. Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани Ойим қишлоқ яқинидаги бронза даврига (милоддан аввалги II минг йиллик охири) оид Далварзин шаҳар харобалари ҳам ана шундай қадимий обидалар сирасига киради. Ўша давр­даги мазкур мўъжаз сиғиниш хоналар тўртбурчак кўринишда бўлиб, хона марказида муқаддас олов ёнадиган ўчоқ ва унинг тўрт бурчагида устунлар бўлган. Деворлар эса хом ғиштдан кўтарилиб сиртидан сувалган.

Масжидлар ва улар қошидаги мадраса, намозгоҳ, мусалло, хонақоҳ, кутубхона, зиёратгоҳ, карвонсарой, ҳаммом каби иншоотлар водийда нисбатан камроқ ўрганилган. Бунинг сабаби шундаки, улар деярли сақланмаган, мавжудлари эса сўнгги юз йилликларга тааллуқлидир. Шунинг учун биз ёзма манбалар, археологик-этнографик маълумотлар асосида Андижон шаҳридаги иншоотларни ўрганиш ва тиклашга ҳаракат қилдик.

XI-XII аср бошларида Ўзган шаҳри қорахонийларнинг Фар­ғона улуси пойтахти бўлган. Афсуски, Фарғона водийсининг сомонийлар ва қорахонийлар даври тарихи ҳали етарлича ўрганилмаган. Фақат Ўзган, Ўш, Қува ва Ахсикатдаги археологик изланишлар мобайнида ушбу давр­га оид ишонарли моддий маданият намуналари оз бўлса-да, аниқланган. Сўнгги пайтларда Андижоннинг Эски шаҳар қисмидан мазкур давр билан боғлиқ моддий маданият ашёлари топилмоқда.

Андижоннинг маънавий-маърифий иншоотлари тўғрисидаги муҳим манба — Жамол ал-Қаршийнинг «Мулҳакаб ас-Сурах» («Ас-Сурах» луғатига қўшимча») асаридир. Унда IX-XIII асрларда Мовароуннаҳрда рўй берган тарихий воқеа-ҳодисаларга тўхталиб ўтилган. Унда Андижон тарихига бевосита алоқадор бўлган иккита муҳим маълумот келтирилади. Биринчиси — машҳур шайх ал-Марвазий Андугонда қазо қилганлиги ва Рушнобий масжиди ёнида дафн этилганлиги бўлса, иккинчиси — Андижонда шайх Жамол ад-дин ал-Хиравий ал-Иламиший истиқомат қилганлигидир. Иламиш зиёратгоҳи хусусида: мазкур муқаддас манзил Андижоннинг қайси қисмида жойлашганлиги ҳозирча аниқ эмас. Иламиш атамасига оҳанг­дош ягона мавзе бу ҳозирги «Оламушук» қишлоғи бўлиб, у Андижон шаҳрининг ёнида жойлашган. Бизнинг назаримизда, мазкур масалада Жамол ал-Қарший фикри ҳақиқатга яқинроқ. Унга кўра, Иламиш зиёратгоҳи Андижон бўлган. Рушнобий масжиди эса, тадқиқотчилар хулосасига кўра, масжид аркининг шимоли-шарқий девори ташқарисида бунёд этилган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича: «Рушнобий масжиди ва мадрасаси ҳозирги Арк-ичи маҳалласи ҳудудида жойлашган». Бунга қўшимча сифатида шуни айтиш жоизки, ХХ аср бошида Арк-ичи атрофида Рус­там қози мадрасаси қурилаётганда ер остидан ғиштдан қурилган сағаналар қолдиқлари топилган. Бу эса мазкур жойда ўрта ва сўнгги ўрта аср­ларда қабристон бўлганлигини кўрсатади. Манбада номи зикр этилган машҳур шайх ал-Марвазий шаҳарнинг шу ҳудудига дафн этилган деган фикрни илгари сурмоқчимиз.

Археологик, этнографик ва ёзма манбаларга таяниб шуни айтиш мумкинки, «Катта масжид-мадраса» Андижоннинг ҳозирги Жомеъ комплекс мажмуаси (мадраса, масжид, минора) қадимий шаҳристон ўрамидаги Мусалло майдони ҳудудида жойлашган. Ушбу майдон ҳовлисига солинган архео­логик шурф материаллари ва хўжалик ишлари бажарилаётган вақтда топилган, бутун сақланган IX-X асрларга оид гулдор сопол идишлар шундан далолат беради. Қалинлиги икки метрдан иборат маданий қатламлар ва уларда аниқланган археологик комплекслар мазкур Мусалло майдони ҳудудида энг кўҳна мадраса-масжид мажмуаси бўлганлигини кўр­сатмоқда.

Топилган кулолчилик маҳсулотлари ва бошқа археологик ашёвий материалларга кўра, илк «Катта масжид-мадраса» X-XI асрларда қурилган бўлиши керак. Илк намозгоҳлар Дувахон масжиди ва «Жомеъ масжид-мадрасаси» мажмуаси ўрнидаги тарихий обидаларни X асрда бунёд этилган деб ҳисоблаймиз.

Мазкур хулосани қуйидагиларга асосланиб, илгари сурмоқдамиз. Биринчидан — фақат 960 йилга келиб, ислом дини Қорахонийлар давлатининг расмий дини сифатида эълон қилинади. Хонликка қарашли ерларнинг пойтахти сифатида Ўзган қайд этилган. Иккинчидан — манбаларда ёзилишича, Андижонга яқин Ўш шаҳри фақат Х асрдан эътиборан йирик Жума масжидига эга бўлиб, у бозорлар орасида жойлашган эди. Мазкур даврда ушбу ҳудудда ислом динининг тарқалганлигини кўрсатувчи илк мусулмонлар қабрлари ҳам аниқланган. Хусусан, Қувадаги мусулмончилик урф-одатларига биноан дафн этилган инсонлар қабрлари ҳам айнан шу давр (IX аср охири X аср боши)га тўғри келади.

Ўрта Осиёда қурилган масжид-мадрасалар аксарият ҳолатларда шаҳар ташқарисига жойлаштирилган бўлиб, манбаларнинг кўрсатилишича, VIII-XIII асрларда, айрим ҳолларда, истисно тариқасида шаҳар ичида ҳам бунёд этилган. Андижоннинг «Арк-ичи» ўрамида жойлашган «Хожар-Ноиб» номидаги энг улуғ масжид-мадраса шулар жумласига киради.

Қадимий Андижоннинг «Шаҳ­ристон» қисмида жойлашган «Катта масжид-мадраса» Темурийлар даврида меъморий услубда шарқона жиҳозлаб-таъмирланган, Фарғона водийсида ягоналиги, улуғворлиги билан бошқа мадраса-масжидлардан ажралиб турган тарихий обида ўз вақтида «Мусалло» деб аталган.

Мирзо Бобур давридаги «Улуғ мадраса» кўҳна Андижоннинг «Арк-ичи» ўрамида бўлиб, «Хожар Ноиб» номи билан маш­ҳур бўлган. Ушбу мадрасада Заҳириддин Муҳаммад Бобур таҳсил олган.

Улуғ «Хожар Ноиб» мадрасасининг шимоли-шарқий қисмидаги «Мусалло» майдонида жойлашган «Катта масжид-мадраса» кўҳна Андижоннинг «Шаҳристон» қисмида барпо этилгани ва IX-XIII асрларга мансуб эканлиги охирги йилларда олиб борилган илмий-археологик изланишлар туфайли ўз исботини топди.

Мўғуллар бостириб келгандан сўнг, XIII асрнинг биринчи чорагида ҳам Андижон Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бири бўлиб қолаверади, айниқса, Хайду (Қайду — 1230-1301 й.) ва Тувахон (Дувахон) ҳукмдорлиги йиллари (1305-1307 й.) бу жараён яққол кузатилади. Ҳақиқатан ҳам Дувахон даврида Андижонда сезиларли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, мадраса-масжидлар, мақбаралар, ҳаммомлар қурилган. Дувахон даврида Андижонга Марказий Осиёни Хитой билан боғловчи халқаро савдо йўлида жойлашган ягона стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳар сифатида қаралган. Дувахон ўз номига қурдирган маш­ҳур масжид-мадраса қолдиқлари ўтган аср­нинг 40-йилларигача ҳунармандчилик-темирчилик растасининг сўл томонида мавжуд эди.

Темурийлар даврида Андижон шаҳри ҳаётида янги саҳифалар очилди. 1377 йилдан Андижонда мўғуллар ҳукмронлигига чек қўйилади. Манбаларда қайд этилишича, Андижон «Темурийлар даврида ва ундан кейин ҳукмдор ёки Фар­ғона нои­бининг қароргоҳи бўлган...» Амир Темур Андижон ва Ўзганни атрофидаги ерлари билан бирга ўғли Умаршайхга топширади.

Соҳибқирон Андижоннинг Мовароуннаҳрдаги тутган ўрни ва салоҳиятини инобатга олиб, бу шаҳарга алоҳида эътибор қаратган. Амир Темур 1376 йил баҳорида Андижон орқали Ўзганга келади ва Бурхониддин Қилич ҳазратларининг қабрини зиёрат қилади. Сўнгра пойтахт Андижонга қайтиб, бироз муддат тўхтаб, кейин Марғилонга, ундан Хўжандга ва Темурийлар давлатининг пойтахти Самар­қанд­га йўл олади. Ке­йинчалик пойтахт Андижон ва унга тегишли ерларни унинг фарзандлари амирзода Искандар ва Мирак Аҳмад бошқарадилар. Абд ар-Раззоқ Самар­қандийнинг «Матла ас-садайн ва маджма ал-бахрайн» асарида келтирилишича, Умаршайх даврида Андижон атрофини ўраб турувчи девор қайта қурилган. «Аввалроқ Ўзган вилоятига йўл олган амирзода Умаршайх Андугон атрофини девор билан ўратиб, вилоятни гуллаб-яшнатди».

Умаршайх даврида Андижон шаҳри атрофидаги деҳ­қончилик қилинадиган ерларни сув билан таъминлаш мақсадида янги ариқлар қазилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»да тилга олган «тўққиз тарнов» (ариқ) ўша давр­да бунёд этилган.

Дастлаб юқорида келтирилган Андижон мудофаа деворини таниқли этнограф олим А.Писарчик қайд этган. Сўнгра 1980-йиллари археолог Б.Абдул­­ғозиева олиб борган архео­логик қазишмалар натижасида кўҳна Андижон Арк-ичининг айнан шу деворини тадқиқ этган. Бизнинг 2002 йилларда олиб борган археологик илмий изланишларимиз давомида ҳам ушбу шаҳар девори ҳақидаги маълумотлар ўз тасдиғини топган. Қазишма даврида тўпланган маълумотларга кўра, деворнинг сақланган эни: асосида 575 см, юқорида 530 см, баландлиги очилган қисмда 220 см. бўлган. Агар ўрта асрлардаги мудофаа иншоотлари қурилишидаги мавжуд меъёрларни инобатга олсак, девор баланд­лиги камида 8-10 метр бўлган, буни ўтган асрнинг 50-йилларидаги арк девори фото сурати ҳам тасдиқлайди. Аммо вақф ҳужжатларида «Бобур девори» деб тилга олинган мудофаа девори ўрнини аниқлаш бўйича илмий изланишлар давом этмоқда.

Мирзо Улуғбекнинг фожиали ўлимидан сўнг Темурийлар ўртасида авж олган низолар вақтида мўғулларнинг Фарғонага талончилик ҳужумлари янада кучаяди. Асосий жанглар Андижон учун бўлади. Абу Саид Мирзонинг Ҳиротда эканидан фойдаланган Вайсхон ўғли Эсон Буға бошчилигидаги мўғуллар Андижонга ҳужум уюштирадилар. Мўғуллар шунчалик кўп бўладики, улар Андижонни уч марталаб ўраб оладилар. Андижон ҳокими Мирзо Али Кучак таслим бўлади, кўплаб асирлар билан мўғуллар қайтиб кетадилар. Шарқшунос Б.Усмонов Эсон Буғанинг Фарғона водийсига бостириб кириб, Андижон қалъасини забт этилиши санасига 1457 йил деб аниқлик киритади.

Абу Саид Мирзо (1451-1468) Самарқанд тахтига ўтиргач, Фарғона мулкини ўзининг кенжа ўғли Умар Шайх Мирзога тақдим этади. Бу вақтга келиб Ахси оз муддатга Фарғонанинг вақтинча пойтахтига айланади, аммо Еттисувдан солинаётган хавф туфайли ҳамда Андижон мўғуллар қолдирган тартибсизликлардан тезда тозалангандан сўнг пойтахт яна Андижонга — ўз жойига кўчирилади. Ушбу воқеа, яъни шаҳарнинг пойтахт мақоми масаласи Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асарида ҳам ёритилган.

Бобур даврида Андижон йирик пойтахт шаҳар сифатидаги мақомини нафақат сақлаб қолади, балки мустаҳкамлайди. Бу борада машҳур «Бобурнома»да кўплаб муҳим маълумотлар келтирилган. Бобур ўз қайдларида она шаҳри ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар беради, хусусан, Андижон қалъаси ва шаҳар дарвозаси у ердаги илмий-маданий муҳит, аҳолиси, тили, урф-одати, меваси, қовуни батафсил таърифланади. «Андижон Фарғона вилоятининг пойтахтидир. Мовароуннаҳрда Самар­қанд ва Кеш қўрғонидан сўнгра Андижондан улуғроқ қўрғон йўқтир. Уч дарвозаси бор. Тўққиз тарнов сув кирар, бу ажабтурким, бир ердан ҳам чиқмас. Элининг лафзи қалам била ростур».

Андижондаги маънавий-маърифий иншоотлардан яна бири — Бобур даври Намозгоҳи ҳам «Бобурнома»да тилга олинади. Берилган таърифга кўра, у қўрғон ташқарисида жойлашган. А.Писарчик фикрига кўра, Бобур давридаги Намозгоҳ масжиди Андижоннинг шимолий қисмида, Бобо Таваккул мозорининг шимолида ўрнашган бўлиши керак. Ўрта асрларга мансуб шаҳар четидаги сиғиниш-топинишга оид жойлар — Намозгоҳларни махсус тадқиқ этган Б.Кочнев эса ушбу хулосага қўшилмайди. «Бобур томонидан тилга олинган Андижоннинг XV аср Намозгоҳи афтидан, шаҳар деворларининг таш­қарисида, шаҳардан шарқ ёки жануби-шарқ томонда жойлашган бўлиши керак, негаки чорбоғдан қайтаётиб [(маҳаллий аҳоли чорбоғнинг қадим Андижоннинг жанубида жойлашганлигини таъкидлайди (Хокон қишлоғи ичида)], Бобур шаҳар дарвозасига етмай, Андижоннинг шарқий тарафига Ўзган томонга йўл олган ва Намозгоҳ ёнидан ўтган. Бу фикрни қуйидаги факт ҳам тасдиқлайди, яъни жануби-ғарб­дан, Қува томондан йўл олган душман қўшинининг чопари Бобур вакили билан айнан Намозгоҳ ёнида учрашади».

XVI аср бошларида Андижонни Шайбонийхон эгаллайди. Таниқли шарқшунос олим В.Бартольднинг таъкидлашича, XVII асрда бош шаҳар «Андижон» номи билан нафақат шаҳарнинг ўзи, балки бутун вилоят юритила бошланди.

Демак, Андижон ўтган асрларда машҳур ва бош шаҳар бўлиб, Темурийлар даврида ҳам — ХIV асрдан XVIII асрга қадар (1375-1780) Андижон ҳукм­дорлари қароргоҳи ва Фар­ғона водийсининг пойтахти бўлган.

Темурийлар давридан маш­ҳур Хожар Ноиб мадрасаси — Андижон шаҳар Бозор кўчасида жойлашган (ҳозирги Бобур уй музейи биноси), Нушур Вали масжиди ва қабристони билан яхлит меъморий комплекс кўринишида бўлган. Арк-ичи меъморий ёдгорлигининг қурилган вақти ҳақида аниқ тарихий маълумотлар йўқ. Бироқ мадраса ҳовлисида олиб борилган археологик қазишмалар пайтида Бобур даврига оид (XV-XVI асрлар) кулолчилик маҳсулотлари намуналари кўплаб топилди. XIV-XV асрларга оид мозаика билан безатилган маҳобатли иншоот қолдиқлари ҳам шу ердан топилган. Вилоят ўлкашунослик музейи илмий ходими, шарқшунос М.Абдураҳмоновнинг XIV асрда яшаб ўтган олим Ҳамдаллоҳ Қазвинийнинг «Нус­ҳат ул- қулуб» («Қалблар роҳати») асарига асосланиб бер­ган маълумотига кўра, мадраса XIV асрда Хожар Ноиб исм­ли шаҳар ҳукмдори томонидан қурдирилган. Мадраса тарҳи ўзига хос 6 томонли ёпиқ ҳовлидан иборат бўлиб, 27 та ҳужра, 3 та гумбазли дарсхона ва талабаларга мўлжалланган ёпиқ айвонли масжиддан ташкил топган. Асосий кириш жануби-ғарбий томондан бўлиб, шарқий томонида ҳам қўш­имча эшиги бўлган.

Мадраса Заҳириддин Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо арки ўрамида бўлиб, ке­йинги асрлар давомида бир неча бор таъмирланган. Мадрасада Заҳириддин Муҳаммад Бобур таҳсил олган. Бироқ, бундан арк мудофаа девори XIV асрда бунёд этилган экан, деган хулоса келиб чиқмаслиги керак, чунки ушбу ҳудуддан IХ-ХII асрларга та­аллуқли ноёб археологик материаллар топилмоқда.

Мудофаа деворлари айрим мутахассисларнинг фикрига кўра, XIV асрда бунёд этилиб, кейинчалик таъмирланган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, «қадимий қалъа девори»нинг қуйи қисмидан топилган юпқа сирланган ва сирланмаган кулолчилик маҳсулотлари ҳам бунга далил бўла олади. М.Массоннинг хулосасига асосланиб, этнограф А. К. Писарчик арк деворини XII-XIII асрларга тааллуқли, деб ҳисоблайди. Маданий қатламлар стратиграфиясига оид янги маълумотлар ва бошқа манбаларга таянган ҳолда мазкур деворларнинг қурилишини янада олдинги даврлар билан изоҳлаш мумкин. Биз ҳам кейинги фикрга қўшиламиз. Сабаби, шаҳристон ва арк ўрамидан IХ-Х асрларга оид археологик қатламлар ва топилмалар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Демак, IX-XV асрлар қатламлари яхши сақланмаган бўлса-да, бизгача етиб келган. Улар Андижон шаҳрининг IX-XV асрлар моддий маданияти ва тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Андижоннинг Эски шаҳар қисмида олиб борилган илмий-археологик изланишлар натижасида айнан шу қатламлар билан тўлдирилган ҳолда шаҳар тарихий ривожланишининг даврий кетма-кетлиги тўлалигича (стратиграфияси) яратилди. Таъкидлаш жоизки, Фар­ғона водийсидаги қадимий Ўзган, Марғилон, Ўш, Хўжанд, Қува каби ҳозирда ҳам мавжуд тарихий шаҳарлар ичида энг қадимийси Андижон бўлиб, бош­қа шаҳарларда бундай даврлаштириш тизими ишлаб чиқилгани йўқ. Бунинг учун ўрта аср шаҳарларида кенг қамровли комплекс илмий тад­қиқот ишлари олиб борилиши лозим бўлади.

Ўрта асрлар ва Мирзо Бобур давридан бизгача сақланиб келган маънавий-маърифий ёдгорликлар — «Катта масжид-мадраса» Фарғона водийсида энг баланд ва маҳобатли минорали ҳозирги Жомеъ мадраса мажмуаси ҳунармандчилик-темирчилик расталари ва шу кўчада жойлашган улуғ «Хожар Ноиб» мадрасалари Бобур номи билан бевосита боғланганлиги учун ҳам машҳурдир.

Мустақиллик даврида Андижонда олиб борилган илмий-археологик тадқиқотлар натижасида Андижоннинг шаҳарсозлик маданияти тарихи милоддан олдинги VI-IV асрларда шаклланганлиги исботланди.

Кўҳна Андижонда шаҳарсозлик маданияти милоддан аввалги VI-IV асрларда шаклланганлигини ҳамда шаҳарнинг юқорида келтирилган қадимий ёшини мамлакатимизнинг таниқли археолог олимлари Ю.Буряков, Э.Ртвеладзе, А.Асқаров, Т.Ширинов, Р.Сулаймонов, М.Исомиддинов, Ш.Пидаев, А.Бердимуродов, Г.Иванов ва хорижлик мутахассислар ўзларининг ижобий тақриз-хулосалари билан тасдиқладилар.

Президентимиз таъкидлаганидек, Эйлатон даврига тааллуқли ноёб археологик мате­риал­лар Андижонни эски шаҳар Сарвонтепа маҳалласида ва унинг атрофида топилиши бу жойда шаҳарсозлик маданияти милоддан аввалги VI-IV асрларда шаклланганлигини исботлайди.

 

Зокиржон МАШРАБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Сайфиддин ЖАЛИЛОВ,

АДУ профессори.

Боқижон МАТБОБОЕВ,

тарих фанлари доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: