12.05.2015

АСОСИЙ КУЧИМИЗ — АЪЗОЛАРНИНГ БИЛИМИ ВА ФАОЛЛИГИДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва сиёсий модернизация жараёнларининг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг билими ва фаоллигига боғлиқ. Фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти қанча юксак бўлса, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга таъсири шунчалик кучли бўлади. Партиямиз тизимида 2006 йилдан бери ўтказиб келинаётган сиёсий ўқувлар айнан шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. 

Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этиладиган семинарлар партиямиз электоратининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишда энг таъсирчан воситага айланиши зарур.

Шунинг учун ҳар бир тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, шу мақсадда қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини фуқаролар, электорат вакилларига кенг тушунтиришга, иштирокчиларнинг фикрини шакллантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Шунингдек, қонунлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги таҳлил қилиниб, иштирокчиларнинг депутатлик ва жамоатчилик назорати ҳақидаги тушунчаларини бойитишга ҳаракат қилиняпти.

Сиёсий ўқувларни ўтказиш бўйича партия кенгашлари ва депутатлар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Масалан, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича ўтказиладиган давра суҳбатларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари мунтазам иштирок этишмоқда, қонун ва қарорлар мазмун-моҳиятини, ислоҳотлар самарасини ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб беришмоқда.

Биламизки, партиямиз учун аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларига йўналтирилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш, шу орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш долзарб ва принципиал масала ҳисобланади. Партиямизнинг ҳар бир аъзоси бу ҳақда етарли тушунча ва тасаввурга эга бўлиши зарур. Электорат вакиллари Сайловолди дастуримизда илгари сурилган ғояларни чуқур англаган ҳолдагина бизни қўллаб-қувватлайди. Демак, ҳар бир ўқувда шунга эътибор беришимиз зарур.

2014 йилги сайловлар жараёнида партия кенгашлари томонидан ўтказилган тадбирлар электорат вакиллари фаоллигини, сайлов қонунчилиги тўғрисидаги ҳу­қуқий ва сиёсий саводхонликни оширишга хизмат қилди, дейиш мумкин. «Сиз сайлов қонунчилигини биласизми?», «Менинг биринчи сайловим», «Агар мен депутат бўл­сам...», «Менинг овозим муҳим аҳамиятга эга» каби мавзуларда вилоятимизнинг барча туман, шаҳар кенгашлари, бошланғич партия ташкилотларидаги тадбирлар жонли мулоқот, фикр алмашиш тарзида ўтди. Биз бундан «Ҳар бир ўқувни аниқ мавзу ва мақсадга йўналтиришимиз керак экан», деган хулосага келдик.

Тадбирларда янгича, замонавий усулларни қўллашга алоҳида эътибор қаратиляпти, қуруқ маърузаларни тинглаш ўрнига, кўпроқ жонли, интерфаол машғулотлар ўтказиляпти. Семинарларга партия кенгашлари қошидаги Тарғибот гуруҳлари, пар­тия­миздан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар тўлиқ жалб қилинмоқда. Юқори пар­тия ташкилотлари томонидан берилаётган услубий қўл­ланмалар ва таклифлардан унумли фойдаланиляпти. Ўтган ўқув йилида вилоят миқёсида ўтказилган сиёсий ўқув ва семинарда 130 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирок этгани ҳам тадбирларга уларнинг қизиқишлари ортгани, партиямиз дастурий мақсадларини қўллаб-қувватловчилар сони кўпайиб бораётганини кўрсатади.

Муҳими, ўқув-семинарлари орқали иштирокчиларнинг сиёсий билим ва кўникмалари ошиб, дунёқараши янада кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Иштихон, Пахтачи, Самарқанд, Тайлоқ, Пастдарғом туман кенгашлари томонидан ўтказилган тадбирларда аҳоли фаоллиги яққол кўзга ташланди. Мисол учун, Пастдарғом туман кенгаши томонидан ўтказилган тадбирларда фуқаролар кўплаб ижтимоий мавзуларда саволлар билан мурожаат қилишди. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоларига тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш масалаларида қатор таклифлар билдирилди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, сиёсий ўқув машғулотлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан бирга, партия ташкилотлари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирлар жараёнида партия кенгашлари иш самарадорлиги, депутатлик назоратини изчил йўлга қўйиш масалалари чуқур таҳлил этилмоқда. Яъни, партиямиз аъзолари, электорат вакилларининг фикр­лари фаолиятимизни кучайтиришда долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда.



DB query error.
Please try later.