12.05.2015

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ ВАКОЛАТ ДАРАЖАСИДА ФАОЛИЯТ ЮРИТМОҒИ ЗАРУР

Семинар-тренингда маърузалар тингланади, деган фикр билан келган иштирокчилар маърузачининг саволидан кейин сергак тортишди. «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишлар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан ҳамма хабардорми? Бу саволга ҳар ким ўз жавоби, фикр-мулоҳазасини билдирди. Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси  ҳамда ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигидаги тадбир шу тариқа қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозара тарзида бошланди.

Шундан сўнг, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг фаолияти натижалари таҳлил этилди. Яхши тажрибаларни оммалаштириш бўйича таклифлар билдирилди, электорат манфаатларига қаратилган амалий ишларни янада такомиллаштириш вазифалари муҳокама қилинди.

Баҳс-мунозараларда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, туман, шаҳар партия кенгашлари раислари фаол иштирок этди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари ­Дониёр Аюпов қонунчилигимизда депутатларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатлари кенгайгани, бу эса жойлардаги вакиллик органларининг ролини оширишга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Партия гуруҳлари ўз фаолияти самарадорлигини ошириш учун, аввало, қонуний бурчлари, ҳуқуқларини тўлиқ ўрганиб чиқиши кераклиги қайд этилди.

— Бугунги ислоҳотлар ва тараққиётнинг ҳозирги босқичи депутатлар фаолиятини тубдан кучайтириш, партиянинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш лозимлигини кўрсатмоқда, — деди у. — Бу борада депутатлар электорат манфаатларини тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб бориши ҳамда аниқ ташаббуслар билан чиқиши муҳим аҳамиятга эга. Демак, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ҳам назорат-таҳлил, депутатлик сўрови институти имкониятларидан янада кенг фойдаланиши, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитувини изчил ташкил қилиши ҳамда сессиялар ва доимий комиссияларга кўпроқ масала киритиши талаб этилади.

Партия гуруҳларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида барча ҳудудларда шундай семинарлар ўтказилмоқда. Семинарларда партия гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш юзасидан билдирилган таклифлар умумлаштирилади ва партия ташкилотлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар белгилаб олинади.

— Сессияга масала киритиш, унинг ечими юзасидан назорат ўрнатиш жуда масъулиятли жараён, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов. — Бунинг учун дастлаб ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ўрганилади, таҳлил қилинади ва доимий комиссия муҳокамасига қўйилади. Асосланган таклифлар, ҳаётий мисоллар тақдим этилсагина, масала сессия кун тартибидан ўрин олади. Бу билан кимнингдир камчилиги кўрсатилиб ёки депутатнинг обрўсини ошириш мақсад қи­линмайди, албатта. Аксинча, бунда сайловчиларнинг, кўпчиликнинг манфаати ифода этилади. Демак, сессия­га масала олиб киришдан мақсад, аввало, одамларни ўй­лантираётган масалаларга ечим топиш, демократик ва ижтимоий ислоҳотлар самарадорлигини оширишдан иборат. Пар­тиямиз бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, қонун лойиҳаларини жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиш жараёнларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳамкорлигини мус­таҳкамлаб бормоқда. Бундай ҳамкорлик депутатлар ўртасида фикр ва тажриба алмашиш имкониятлари кенгайишига хизмат қилади, депутатлик назоратининг таъсирчанлиги ошишига шароит яратади.

Семинар-тренингда партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бу каби семинарлар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титутининг ҳудудий бўлинмалари билан ЎзХДП ташкилотлари ва гуруҳлари ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ўтказилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.